Куперга ва футболчиларга раҳмат айтиб ишлашда давом этамиз

  • 22 январь 2019, 14:20
  • 2 617
  • Спорт
  • Куперга ва футболчиларга раҳмат айтиб ишлашда давом этамиз
    Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги-2019даги иштирокини тугатди.
    Мусобақанинг 1/8 финалидан ўрин олган баҳс терма жамоамиз учун охирги ўйин бўлди. Бу босқичда амалдаги Осиё чемпиони Австралияга қарши мардонавор баҳс олиб бордик.

    Гарчи пенальтилар сериясида ютқазган бўлсак ҳам, Эктор Купер қисқа муддат ичида тактик ўйинни йўлга қўя олибди. Купер биздан нима хоҳлаётгани мана шу беллашувда яққол кўринди: шошилмаслик, палапартиш ҳаракат қилмаслик, ўз билганича югурмаслик, тўпни дуч келган тарафга тепиб юбормаслик, ҳимояга ётиб олмаслик - биз кечаги ўйинда шуларни кўрмадик.

    Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Австралия бош мураббийи Ўзбекистон яхши ҳимояланди деди. Бу эса ҳимояга ётиб олди деган гапдан бутунлай фарқ қилади. Ҳимояда ётиб олган жамоа тўпни дуч келган томонга тепиб вақтни ўлдиришга ва шу орқали ўйинни ўз фойдасига ҳал этишга уринади. Биз яхши ҳимояланишга ҳаракат қилдик ва 120 дақиқа ичида буни уддаладик.

    120 дақиқа Австралиядан гол ўтказмаслик жуда муҳим, тўғри бу жамоа 1-турда Иорданияга ҳам тўп кирита олмаганди, аммо у ўйинда Австралиянинг шунчаки омади келмаган, қолаверса иорданияликлар дарвозабони Амир Шафи жуда яхши ҳаракат қилганди. Кеча бизда ҳам Игнатий Нестеров қаҳрамон бўлди. Қолаверса кўп ҳолларда рақиб футболчилари метин ҳимояни ёриб ўтишга ҳаракат қилган бўлишларига қарамай, бунинг уддасидан чиқа олишмади.

    Кечаги беллашув шуни кўрсатдики, биз бемалол Осиёнинг исталган жамоаси билан ўйнай оламиз. Кечаги ўйин жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида оптимист бўлишимизга ишора қилди. Купер тўғри айтган экан: энг аввал ҳимоя. Ҳимояси мустаҳкам жамоада ҳужумга ўтганда ҳеч бўлмаса битта яққол вазият бўлади.

    Футболда ҳар қандай жиҳат муҳим: Австралиянинг бизга нисбатан икки кун кўп дам олгани бундай қисқа турнирларда катта таъсир кўрсатади. Уларнинг футболчилари кучли лигаларда тўп тепиши ҳам фарқланиб турди, лекин биз ҳам охиригача сира бўш келмадик.

    Биз ушбу Осиё Кубогида турли жамоалар билан ўйнаб кўрдик. Ўтказилган тўртта учрашув тўрт хил жамоага қарши кечди: араблар билан ўйнадик. Ён қўшниларимиз билан куч синашдик, охирги иккита баҳс эса Осиё Кубогининг аввалги икки ғолибига қарши кечди: Япония 2011, Австралия 2015 чемпион бўлган. Ўйлаймизки, бу ўйинлардан катта дарс олдик.

    Фақат биз бу мусобақада қаторасига икки бор қитъанинг энг кучли жамоаларига қарши баҳс олиб бордик. Менга ёққан томони Австралия билан ўйинда футболчиларимизнинг тактик чиройли футбол намойиш этишгани бўлди. Демак, шундай ишлашда давом этсак, бемалол жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини уддалай оламиз.

    Барибир Эктор Купер тактик футбол нима эканини кўрсата олди. (Биз яна қўлга китоб олиб ўқишни бошладик). Аргентиналик мутахассис Суперлигада йўқ нарсани терма жамоа орқали намойиш этишга ҳаракат қилди. Бу ўзимизнинг кўплаб мураббийлар учун қўлланма бўлса ажаб эмас.

    Кеча майдонга тушган ҳамма футболчиларга раҳмат айтиб қоламиз. Бутун жамоа қўлдан келганча ҳаракат қилди. Кўриниб турибди, агар ишлашда давом этсак, эрта ё индин барибир натижа келади. Фақат яхши ният қилиш керак. Осиё Кубогидаги иштирок учун ҳаммага раҳмат!
    Xayrulla Xoliqov

    Манба: championat.asia

    » » Куперга ва футболчиларга раҳмат айтиб ишлашда давом этамиз