Любинко Друлович Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди

  • 23 январь 2019, 18:53
  • 1 427
  • Спорт
  • Любинко Друлович Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди
    Сербиялик мутахассис Любинко Друлович Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий қилиб тайинланди, деб хабар беради Миллий Олимпия Қўмитаси (МОҚ) сайти.

    23 январь куни мутахассис билан шартнома имзолаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон МОҚ президенти ва Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, мураббий Любинко Друлович ва унинг ёрдамчилари, ЎФА мутасаддилари иштирок этишди.

    «Ўзбекистон футболига хуш келибсиз. Бизнинг асосий мақсадимиз Токио 2020 Олимпиадасига йўлланма олишдир. Бу йўлда терма жамоамиз учун барча шароитлар яратилади. Сизга мураббийлар штабида ўзбекистонлик мутахассис Равшан Ҳайдаров ёрдам беради. Чунки, у бу таркибдаги футболчиларни яқиндан билади», – деди Умид Аҳмаджонов.

    Ўз навбатида сербиялик мураббий билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдирди ва ўз олдига қўйилаётган вазифани бажариш учун астойдил меҳнат қилишини таъкидлаб ўтди.

    «Авваламбор менга билдирилаётган ишонч учун ўзим ва ёрдамчиларим номидан раҳмат айтаман. Биз биргаликда ҳаракат қилиб, Токио Олимпиадасига бора оламиз. Умид қиламанки, ҳамкорлигимиз самарали бўлади», – деди Друлович.

    Шундан сўнг томонлар расман шартнома имзоладилар. Янги мураббий билан келишув Токио 2020 Олимпиадасига қадар амал қилади. Маросим якунида мураббий учун эсдалик либоси тақдим этилди.

    Маълумот ўрнида, Любинко Друлович 1968 йилда туғилган. Мураббийлик фаолиятида Анголанинг «Агошту», Сербиянинг «Партизан» клубларини, Сербия ва БАА ўсмирлар терма жамоаларини, Македония терма жамоасини бошқарган. Сербия U19 билан Европа чемпионатида ғалаба қозонган, БАА U19 билан жаҳон чемпионатига чиққан. 2013 йилда Сербиянинг энг яхши мураббийи деб топилган.

    Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2019 йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралашида иштирок этади. Қуръага кўра, ҳамюртларимиз Ҳиндистон, Тожикистон ва Покистон олимпиячилари билан F гуруҳидан ўрин олган. Саралашдан ўтган жамоалар 2020 йил 8-26 январь оралиғида Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Унда 16та жамоа иштирок этади, 1-3 ўринни қўлга киритганлар Токио - 2020 олимпиадасида қатнашиш имконига эга бўлади.


    » » Любинко Друлович Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди