17:15 / 25.01.2019
3 016

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Друлович иштирокида матбуот анжумани ўтказилди

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Друлович иштирокида матбуот анжумани ўтказилди
Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг янги бош мураббийи, сербиялик Любинко Друлович иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Олимпия терма жамоамизнинг янги мураббийи ОАВ ходимлари саволларига жавоб қайтарди.

«Авваламбор барчага салом. Бу ерда эканлигимдан хурсандлигимни айтиб ўтмоқчиман. Бир ой олдин бу ерга келиб Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳақидаги лойиҳа билан танишиб чиққандим. Ушбу лойиҳа менда жуда яхши таассурот қолдирганди. Шу сабабдан ҳам мен шартнома имзоладим. Умид қиламанки, биз ўз мақсадимизга етамиз», – дея мураббийнинг сўзларини келтирган МОҚ матбуот хизмати.

Шундан сўнг журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мураббийга мурожаат қилишди.

Терма жамоа ҳақидаги фикри
Шуни таъкидлашим лозимки, ёшлар ўртасида ўтказилган сўнгги Осиё чемпионатида Ўзбекистон жуда яхши ҳаракат қилди ва чемпионликка эришди. Бу албатта осонлик билан қўлга киритилмаганини биламан. Янги шакллантирадиган Олимпия терма жамоамизда ўтган йилги таркибдан узоғи билан 7-8 нафар футболчи ўйнаши мумкин. Бу эса биз ҳали кўп ишлашимиз лозимлигини билдиради. Умид қиламанки, янги терма жамоани шакллантиришда ортиқча муаммоларга дуч келмаймиз.

Осиё чемпионатининг саралаши ҳақида
Олдимизда икки ой вақт бор. Биринчи галдаги вазифамиз саралаш баҳсларини муваффақиятли ўтказишдир. Учрашувлар Ўзбекистонда бўлади ва биз ушбу баҳсларда ғалаба қозониб, Осиё чемпионатининг финалига йўл олишимиз талаб этилади. Насиб этса, бу вазифани албатта уддалай оламиз.

Мураббийлар штаби
Мураббийлар штаби ҳақида гапирадиган бўлсам, бу борада менга икки нафар сербиялик мутахассис ёрдам беради. Шунингдек, Равшан Ҳайдаров ҳам терма жамоамизда фаолият олиб боради. Сербиялик ёрдамчиларим рус тилида мулоқот қила олишади. Бу ишимизда катта аҳамиятга эга – бир-биримизни тушунишимизда, юзага келадиган муаммоларни бартараф этишда бу ёрдам беради. Равшан Ҳайдаров билан эса 1 ой олдин Тошкентга келганимда суҳбатлашгандим. У Олимпия терма жамоаси учун номзод футболчиларни яхши танийди. Шу сабабдан ҳам у жамоамиз учун ёрдам бера олади деб ҳисоблайман.

Саралаш ўйинларигача улгурамизми?
Терма жамоани Осиё чемпионатининг саралаш босқичига тайёрлаш учун икки ой етарли деб ўйлайман. Февралда Тошкентда йиғиламиз. Кейин эса Испаниядаги ўқув-машғулот йиғинларида қатнашамиз. Мазкур йиғинда ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказамиз.

Саралаш босқичидаги рақиблар ҳақида
Қитъа чемпионатининг саралаш баҳсларида бизга қарши майдонга тушадиган рақибларимиз ҳақида айрим маълумотлар бор. Шуни қайд этишим лозимки, бизда яхши мураббийлар штаби шакллантирилмоқда. Биз биргаликда рақибларимиз ҳақида янада кўпроқ маълумот тўплаймиз ва ўрганиб чиқамиз.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Друлович иштирокида матбуот анжумани ўтказилди