15:15 / 28.01.2019
3 446

Азиз Ҳайдаров: "Терма жамоамиз менсиз ҳам яхши ўйнади"

Азиз Ҳайдаров: "Терма жамоамиз менсиз ҳам яхши ўйнади"
Тажрибали футболчи Азиз Ҳайдаров янги мавсумни «Локомотив» сафида ўтказишидан хабарингиз бор. У яқинда клуби билан бирга Дубайда ўқув-машғулот йиғинларида фаол қатнашди. Аммо Ҳайдаров миллий терма жамоамиз билан Осиё Кубогида иштирок эта олмади ва у ўйинларни томошабин сифатида кузатди. Ўзи эса бир неча йил давомида БАА чемпионатида тўп сургани боис мазкур мамлакатни яхши билади. Ушбу ўйинчи билан суҳбатимиз эса кенг қамровли бўлди. Табиийки, терма жамоамизнинг Осиё Кубогидаги иштироки, «Локомотив» клубига кўчиб ўтиши ва Дубайдаги ҳаёти ҳақида гап борди.

- Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Кубогидаги иштирокига қандай баҳо берасиз?
- Терма жамоамизнинг барча ўйинларини кўрдик. Аввало Уммон билан учрашувга тўхталадиган бўлсам, ўша куни жамоамиз икки ойлик ўйин амалиётисиз майдонга тушди. Бунинг натижасида терма жамоамиз биз кутган ўйинни намойиш эта олмади. Ўша баҳсга Уммоннинг ҳар томонлама тайёрлигини ҳамма тушуниб турганди. Лекин жамоамиз ўйиндан-ўйинга кучайиб борди. Буни Туркманистон ва Японияга қарши учрашувларда ҳам кўрдик. Австралия билан учрашувда футболчиларимиз ғалаба учун ҳаракат қилишди. Мураббийларнинг кўрсатмаси асосида тўп суришди.

Аммо, афсуски, пенальтилар серияси бу лоторея ва бунда омадимиз келмади. Лекин ҳар бир позицияда ўйнаган футболчилар ўз вазифаларини аъло даражада бажаришди. Ўйинчилардан нима сўралган бўлса, барчаси амалга оширилди. Ўйинга йигитларимиз максимал ҳолатда етиб келишди деб ўйлайман. Ҳаттоки, биринчи бўлимда жамоамиз устунликка эришди. Иккинчи бўлимда эса кўпроқ ҳимоядан ўйнашди. Аммо қўшимча таймларда йигитларимиз яна ўзларида куч топа олдилар. Бир сўз билан айтганда, жамоамиз ажойиб ўйин кўрсатди. Пенальтилар сериясида эса футболчиларга катта босим бўлади. Ҳар қандай юлдуз ўйинчиларда ҳам пенальтилар сериясида омадсизликлар бўлиб туради. Умумий хулосамиз шундайки, терма жамоамиз тўғри йўлда. Бизда ажойиб ёшлар ҳам бор. Қандай потенциалимиз борлигини ҳамма кўрди.

Мураббийимизга ишонишимиз ва имконият беришда давом этишимиз керак деб ўйлайман. Чунки йигитлар халқимиз учун, мураббий учун ҳам ҳаракат қилишди. Ҳар доим ҳаётда оқ ва қора бўлганидек, мухлислар икки томонга бўлинишади. Кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. Мисол учун айримларга зўр ўйнаб ютқазсак ҳам ёқади, яна айримларга ёмон ўйнаб ғалаба қозонишимиз ёқади. Бу жамоамизнинг келажаги бор. Насиб қилса, албатта жаҳон чемпионатларига ҳам йўлланмаларни қўлга киритамиз. Биз учун ҳали ҳаммаси олдинда. Фақат ҳаммасига позитив қараб, позитив хулосалар чиқаришимиз керак. Тўғри, мағлубият аламли. Фақат бундан тўғри хулоса чиқариб, олдинга интилишда давом этишимиз керак.

- Кўпчилик Осиё Кубогида Азиз Ҳайдаров етишмади деган фикрларни айтишмоқда. Бунга ўзингиз қандай муносабатдасиз?
- Боя айтганимдек, ҳар доим мухлислар икки томонга бўлинишади. Ўйлайманки, терма жамоамиз менсиз ҳам яхши ўйнади, бундан хурсандман. Балки мен таркибда бўлганимда кимнингдир ўрнини эгаллаган бўлардим ва ўзимни унчалик кўрсата олмаган бўлишим ҳам мумкин эди. Аслида терма жамоамизнинг йиғинларида қатнашиб келдим. Аммо жароҳатим туфайли Осиё Кубогида иштирок эта олмадим. Лекин бундан афсусланмайман.

Чунки терма жамоамизда ўзимнинг яқинларим, укажонларим ҳаракат қилишди. Мен эса 23 талик рўйхатда бўлмасам ҳам ўзим ҳар доим улар билан бирга бўлдим. Ўйинлардан олдин футболчиларга омад тиладим, учрашувлардан кейин эса уларни руҳларини кўтаришга ҳаракат қилдим. Шу боис ўзимни улар билан бир жамоада бўлгандек ҳис қилдим ва ҳалигача ҳис қиламан. Бу туйғулар ҳали ҳам мени тарк этмаган. Гарчи терма жамоанинг ичида бўлмасам-да, бунга негатив томондан қарамадим. Доим позитив кўринишда қарадим. Доим ҳаммаси яхшиликка бўлишини истадим. Тўғри, таркибда бўлганимда балки ёрдам бера олардим ёки йигитларнинг руҳини кўтарардим.

Лекин ўйлайманки, ҳамма учрашувда йигитларимиз борини бериб ҳаракат қилишди. Мураббий сира хато қилгани йўқ. У оптимал даражада қайси футболчилар керак бўлса, ўшаларни олди. Тўғри, натижа аъло даражада бўлмади. Лекин жамоамизнинг ўйини ҳамма нарсани кўрсатиб берди. Шунчаки, омадсизлик туфайли мусобақани тарк этдик. Мураббийнинг чиқарган қарорларидан хурсандман. Чунки қачондир шундай ротациялар бўлиши керак эди. Ҳар доим Азиз Ҳайдаров бўлавермайди. Қачондир ёш, иқтидорли футболчиларга ҳам йўл берилади. Бундан кейин ҳам терма жамоамиз учун ажойиб ғалабаларни олдинда деб ўйлайман.

- Терма жамоанинг якуний рўйхатидан сизга жой тегмади. Бундай бўлишини кутганмидингиз?
- Ҳамма футболчи терма жамоа учун ўйнасам дейди. Мен ҳали фаолиятимни тугатмаган эканман, демак Ўзбекистон учун ўйнашни истайвераман. Лекин мени якуний таркибга киритмаганидан хафа бўлмадим. Бу мураббийнинг қарори. Айтяпман-ку, терма жамоамиз билан ҳар куни гаплашдим. Футболчилар ва мураббийлар билан мулоқот қилиб турдим. Уларнинг ғалабаси ва мағлубиятларида доимо биргаман. Мен «Мистер»нинг (Эктор Куперни назарда тутяпти. Муаллиф) қарорларини ҳурмат қиламан. Унда бой тажриба бор. Кимнинг қандайлиги ва ким қанчалик ёрдам бера олишини ўзи яхши билади. Мени таркибга чақирмаганини нотўғри қарор деб айтмайман, аммо тўғри ҳам дея олмайман. Яшириб нима қилдим, терма жамоамиз билан мусобақада қатнашишни жуда ҳам хоҳлагандим. Лекин шунга қарамай, йигитларга қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиляпман.

- Энди «Локомотив»га ўтганингиз ҳақида сўрамоқчиман. Бу жамоа билан шартнома тузишингизнинг асосий сабаби нимада?
- «Локомотив»га ўтишимга миллий терма жамоадаги айрим дўстларим сабабчи бўлишди. Ўзим ҳам буни хоҳлагандим, ахир бу ёқда «Бунёдкор»нинг тақдири мавҳум бўлиб турганди. Яхши жамоани ташлаб, ёмон клубга ўтмадим. Ҳар ҳолда мен Ўзбекистон чемпиони билан шартнома туздим. Бизга Азиз Ҳайдаров керак, деб мен билан шартнома тузишганидан хурсандман. Ўзим катта футболга «Локомотив» орқали кириб келганман. Шу ёшимда яна шу клубга қайтганимдан ва айниқса, чемпионлар билан бирга ўйнашимдан хурсандман.

- «Бунёдкор»нинг кейинги тақдири қандай бўларкин?
- «Бунёдкор» ўз уйимдек бўлиб қолганди. Қачон борсам ҳам мени бемалол қабул қиладиган жамоа эди. Шу боис ўтган йилнинг иккинчи ярмида ўйлаб ўтирмасдан «Бунёдкор»га қайтгандим. Қийин вазиятда бўлса-да, қўлимдан келганича ҳар томонлама клубга ёрдам бердим. Бундай клуб йўқ бўлиб кетмайди. Клубнинг янги раҳбарлари «Бунёдкор»ни сақлаб қолишади. Бу ўзига яраша брендга эга, хорижда ҳам яхши билишади. Ҳали хулоса чиқармай турган маъқул.

- Фаолиятингизни «Локомотив»да тугатиш учун ҳам ушбу клубга ўтдингизми? Ёки сизда яна легионер мақомига айланиш имкони бормиди?
- Бу саволингизга ҳали аниқ жавоб бера олмайман. Яна легионер бўлиб ўйнасам бўларди. Менга БААдан эмас, бошқа давлатлардан таклифлар тушди. Масалан, Қувайт, Қатар, Малайзия, Саудия Арабистонининг биринчи дивизиони ва яна у ер, бу ердан таклифлар бўлди. Аммо мен бундай жойларга боришни хоҳламадим. Лекин «Локомотив»ни танлаб тўғри қилдим. Фаолиятимни «Локомотив»да тугатсам бундан хурсанд бўламан.

- Сиздан Ўзбекистон чемпионати ҳақида ҳам сўрамасам бўлмасди. Янгиланган Суперлиганинг ижобий ва салбий томонлари нимада?
- Сиз айтганингиздек, бунинг ижобий ва салбий томонлари бор. Ҳар доим футболда мухлислар икки тарафга бўлинишади. Янги форматнинг эса плюс ва минус томонлари бўлди. Масалан, мутлақо аҳамиятини йўқотган ўйинлар бўлди, натижада мухлисларнинг ташрифи камайиб кетди, лекин фойдали учрашувларни ҳам кўрдик. «Локомотив» билан «Пахтакор» бошидан охиригача чемпионлик учун курашиб келишди. Бошида кучли олтиликка кириш учун қизиқарли кураш кечди. 2018 йилдаги формат қўрқинчли ҳолатга келиб қолгани йўқ.

- Дубайда бир неча йил давомида фаолият олиб бордингиз. Шунинг учун бу ернинг ҳаётига ва муҳитига аллақачон кўникиб кетгансиз. Бу шаҳарни беш қўлдек билсангиз керак-а?
- Ҳа, бу ерда кўп йил ўйнадим. Дубайни ростдан ҳам ҳамма жойини яхши биламан. Йўлда кўп юрганимиз учун Дубайнинг барча нуқталаригача ўрганиб олганман. Дубайнинг ҳавосига, муҳитига кўникиб кетганман. Маҳаллий одамларнинг минталитети, ўзларини қандай тутиши, қаерда қандай гапириш кераклиги, умуман ҳаммасини биламан. Дубайда яшаб келаётган одам бўлса, буларнинг барчасини яхши билади. Мен ҳам ҳамма нарсани бошида одамлардан ўрганиб билганман. Ўйлашимча, ҳар қандай одам 7-8 йил давомида Дубайда истиқомат қилса, мендан ҳам кўп нарса билиши мумкин.

- Дубайга янги келган инсонга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Масалан, маҳаллий аҳоли ҳақида гапиряпсиз. Шу боис бу ерда ўзини қандай тутиши, ким билан қандай гаплашиши ва яна бошқа масалалар бўйича қандай тушунчалар берган бўлардингиз?
- Биринчи келган одамга қандай маслаҳат берган бўлардим? Авваламбор айтишим мумкинки, бу ернинг қонун-қоидалари сал бошқачароқ. Йўл-ҳаракати қоидалари ва яна бошқа жиҳатлари ҳам бошқача. Шунчаки, ўша қонунларига риоя қилиш лозим. Араблар билан қандай гаплашиш мумкин? Қандайдир вазиятда кулиб, яна баъзида жиддий гаплашиш керак. Ёки керак пайтда кимгадир «пахта» қўйиб гапирмасангиз ишингиз тезроқ битмайди. Араблар ўз халқи учун ҳамма нарсани жуда тез битиради. Аммо бошқалар учун бирор-бир ишни худди секин бажараётгандек туюлаверади. Шу боис маҳаллий одамлар билан ҳам гаплашиш йўллари бор. Шунингдек, Дубайга келган янги одамларга қаерда арзон маҳсулотлар сотилишини ҳам айтишим мумкин. Мен доим ёрдам беришга тайёрман.

- Ўзингиз айтганингиздек, бу ернинг ўз қонун-қоида ва тартиблари бор. Қачонлардир маҳаллий тартиб-қоидани бузган пайтларингиз ҳам бўлганми?
- Йўлда ҳаракатланаётганда қаердадир радар ёки белгилар бўлади. Масалан, 80 белгиси қўйилган бўлса, бемалол 100 километр тезликда юриш мумкин. Ёки 100 белгиси бўлса, 120 да юриш мумкин. Чизиқдан бошқа чизиққа ўтаётганда албатта ён чироқни ёқиб ўтиши шарт. Шуни эсдан чиқармангки, машинада кетаётганда мусиқани баланд оҳангда эшитиш мумкин эмас. Айрим жойларда турли ичимликларни ичиш таъқиқланган. Рамазон ойида эса кўча-куйда овқатланиш мумкин эмас. Шунга ўхшаш бу ерда ўзига яраша қонун-қоидалар бор.

- Дубайда сиз бориб дам оладиган ва ёқтирган жой қайси?
- Оилам билан Дубайнинг барчага машҳур бўлган фантанига боришни ёқтирардик. Лекин севиб, ҳар доим борадиган жойим бўлмаган. Тўғрисини айтсам, бу ерда мен севадиган ва борадиган доимий жойим – бу «Ал Шабаб» футбол клуби. У ерда кўп йил ўйнаганман. «Ал Шабаб»га қачон борсам ҳам ўзимни жуда хотиржам ҳис қиламан. Клубдаги барча ишчи ходимлар мени ўз оила-аъзосидек кўришади. Бу ерда ўз мухлисларимга эга бўлдим.

- Чиндан ҳам сизни бу ерда ҳурмат қилишларига гувоҳ бўлдик. Мухлислар сиз ҳақингизда жуда илиқ фикрдалар. Уларнинг ишончини қандай қозонгансиз?
- Ҳамма нарса биринчи қадамингиздан бошланади. Ўзингизни тутишингиз, камтарлигингиз…арабларга камтар инсонлар ёқади. Нима дейишса хўп деганман. Бу ерга кўп легионерлар келишади ва аксарияти бошиданоқ хатоларга йўл қўйишади. Масалан, улар ўта қиммат уйлар ёки қаерлардандир бошқа нарсалар муҳайё қилинишини айтишади. Мен эса клубим қандай таклиф билдирса ҳаммасига рози бўлаверганман. Энг асосийси, сиз бу ерга фақат футбол ўйнаш учун келганингизни кўрсатишингиз керак. «Ал Шабаб»га келган пайтимда мендан олдин Миржалол Қосимов ушбу жамоада ўйнаганди. Ушбу клубдаги дебютимни ҳеч қачон унутмайман. «Банияс»га қарши илк ўйиндаёқ иккита гол урганман. Мухлислар эса менга «Янги Қосимов» дея таъриф беришиб, илк кунданоқ яхши кўришган. Футболни чин юракдан ўйнаш керак. Доим жамоа билан бирга бўлиш муҳим. Барибир араблар сал бошқачароқ халқ. Шу боис улар билан гаплашишга алоҳида эътибор бериш лозим. Агар сиз ўзингизни катта тутсангиз, у ҳолда бу ердаги умрингиз «қисқа» бўлади.

- «Шаржа»да ўйнаётган Отабек Шукуров ҳақида ҳам илиқ гапларни эшитяпмиз…
- Шукуров ҳам меҳнаткаш футболчи. Масалан, «Шаржа» клубидагилар Отабекни қўлга киритишдан олдин мен билан маслаҳатлашишган. Биз Шукуровга қизиқяпмиз, бу танловимизга нима дейсиз деб сўрашганди. Уларга шундай деганман: Отабекни олсанглар ютқазмайсизлар, у меҳнатсевар бола, ёш, келажаги борлигини айтганман. Шундан келиб чиқиб, Шукуровни таклиф қилишган. Бевосита у билан ҳам ҳар доим гаплашамиз. Мана, яқинда уч йилга янги шартнома тузди. Бу бежиз эмас. Жамоаси ва мухлислари жуда яхши кўришади. Клубидаги биринчи рақамли футболчи деб ҳисоблашади. Чиройли юз кўриниши, қомати ёки бошқа жиҳати билан бундай ишончга эришмаган. Ҳаммасига фақат меҳнати орқали сазовор бўлиб, мухлисларнинг меҳрини қозоняпти. Отабекка фақат омад тилайман.

- Ўтган мавсумни «Бунёдкор»да тугатдингиз ва дарҳол Дубайга кетдингиз. Доимий яшаш жойингиз шу ерми?
- «Бунёдкор» билан мавсум тугаганидан кейин Дубайга кетдим. Ўша ерда индивидуал тайёрланишни бошладим. Очиғи, терма жамоадан чақирувни кутдим. Лекин чақирув келмаганидан сўнг оилам билан дам олиш учун бошқа жойга учиб кетдик. Оилам асосан Дубайда яшайди. «Бунёдкор»да ўйнаганимда эса улар мен билан бирга бўлишди. Лекин Дубайда уйларимиз бор. Шу боис бу ерга келиб бемалол яшашади, фарзандим эса шу ерда таълим олади. Лекин ўзим Ўзбекистонда яшашни ёқтираман. Яқинларим, дўстларим ўша ерда. Ёш ўтган сари яқинларингиз билан бирга бўлишни истаб қолар экансиз. Барибир Тошкентни яхши кўраман. Мана, янги мавсумни «Локомотив» сафида бошлайман ва яна қадрдонларим даврасида бўламан. Бу мен учун ажойиб имконият. Оилам ҳам мен билан Тошкентда туради. Лекин истаган вақтимизда яшаш жойимизни ўзгартириб, Дубайга бориб келишимиз ҳам мумкин.

- БААда маҳаллий телеканаллар умуман Осиё Кубогини трансляция қилмаяпти. Қачонки, стадионга борсак, шунда турнирнинг муҳити билиняпти. Бунга нима дейсиз?
- Гапингизга қўшиламан. Маҳаллий телеканаллар нима учун Осиё Кубогини олиб бермаяпти деган саволлар кўп янграмоқда. Ўзимиз ҳам бунга гувоҳ бўлдик. «Локомотив» жамоаси билан машғулотдан қайтиб келганимиздан сўнг меҳмонхонада Ўзбекистон – Уммон ўртасидаги ўйинни телевизорда кўрмоқчи бўлдик, аммо маҳаллий каналлардан топа олмадик. Кейин интернетда «медиабай»га уланиб катта экранда ўзимизнинг «Спорт» телеканали орқали ўйинни кўрдик. Барча ўйинларнинг трансляциясини «Беин спорт» канали сотиб олган. Шунингдек, яна бошқа хориж каналлари ҳам ўйинларни эфирга узатяпти. Лекин маҳаллий телеканалларнинг шундай нуфузли мусобақани трансляция қилмаётгани нотўғри. Ахир бу ерда оддий аҳоли бор ва улар ҳам мусобақани кўргиси келади. Ахир ҳаммада ҳам пуллик каналларни сотиб олишга имконияти йўқ. Лекин ҳамма ишнинг замирида ўз моҳияти бор. Шу боис биз билган ёки билмаган ишлар бордир. Яъни, мен билмасдан туриб нимадир дейишим қийин. Агар келажакда Осиё Кубоги Ўзбекистонда ўтказилса, ҳамма телеканалларимизда бевосита барча ўйинлар кўрсатилади.
Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азиз Ҳайдаров: "Терма жамоамиз менсиз ҳам яхши ўйнади"