Спиртли ичимликлар ичган, сигарета ва чилим чеккан футболчилар бир умрга футболдан четлатилади

  • 31 январь 2019, 12:45
  • 2 125
  • Спорт
  • Спиртли ичимликлар ичган, сигарета ва чилим чеккан футболчилар бир умрга футболдан четлатилади
    Ўзбекистонда махсус комиссия футболчиларнинг соғлом турмуш тарзига қандай риоя этаётганини аниқлаб боради, деб хабар беради ЎФА сайти.

    Спиртли ичимликлар ичиш, сигарета, чилим чекиш каби зарарли одатларга муккасидан кетган футболчилар футболдан четлатилиши ҳам мумкин. Бу ҳақда ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов айтиб ўтди.

    «Ҳукуматимиз мамлакат футболини оёққа турғазиш йўлида катта ҳажмдаги ишларни амалга оширмоқда. Мана шундай пайтда турли иллатлар орқали фақат ўз манфаатини ўйлайдиган, мамлакат футболи ривожига тўсқинлик қиладиган шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилади. Бундан ташқари, махсус инспекция томонидан футболчиларнинг соғлом турмуш тарзига қандай риоя қилаётгани ҳам назорат қилиб борилади.

    Баъзи футболчилар машғулотлардан кейин, тунги клубларда эрталабгача пиво ичиб, чилим чекиб вақт ўтказишади. Натижада, муҳим ўйинлар пайтида уларнинг жисмоний тайёргарлиги панд бериб қўяди. Бу эса миллий терма жамоаларимизга ҳам халқаро майдонларда халақит қилиб келмоқда. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳар бир футболчи аввало профессионал бўлиши керак. Биринчи навбатда жисмоний тайёргарлиги устида ўзи қайғуриши зарур. Лекин соғлом турмуш тарзига риоя қилмай, олаётган катта пулларини фақат маишатга сарфлаб юрган футболчилар махсус инспекция томонидан аниқланса, улар бир умрга футболдан четлатилади», - деди Умид Аҳмаджонов.

    » » Спиртли ичимликлар ичган, сигарета ва чилим чеккан футболчилар бир умрга футболдан четлатилади