«Пахтакор» 2,5 млрд сўмга «Насаф»дан Одил Ҳамробековни трансфер қилди

  • 05 февраль 2019, 15:00
  • 1 726
  • Спорт
  • «Пахтакор» 2,5 млрд сўмга «Насаф»дан Одил Ҳамробековни трансфер қилди
    «Насаф» ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков фаолиятини «Пахтакор»да давом эттирадиган бўлди.

    ПФЛ матбуот хизматидан маълум қилишларича, бугун «Пахтакор» расмийлари 22 ёшли футболчи билан тузилган шартномани рўйхатдан ўтказиш учун олиб келишган. ПФЛ эндиликда мазкур ўйинчи ҳам киритилган якуний рўйхатни Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларида қатнашиш учун ОФКга юборади.

    «Championat.asia» нашри маълумотига кўра, «Насаф» билан шартнома муддати тугашига бир йил қолган Ҳамробековнинг трансфер қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил этган. Келишувга асосан, Одилнинг кейинги трансферларидан 20 фоиз тушум «Насаф»га тегишли бўлади.

    Маълумот учун, наманганлик хавбек «Насаф» академияси тарбияланувчиси саналади. У Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида 2018 йилги Осиё чемпионатида ғолиб чиққан, мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилганди. Миллий терма жамоанинг Осиё Кубоги учун якуний таркибидан ўрин олган Ҳамробековга мусобақада дебют қилиш насиб этмади.

    Айни пайтда БААда йиғин ўтказаётган «Пахтакор» ҳозирча ушбу трансфер ҳақида эълон қилганича йўқ. Ҳамробеков «шерлар» билан қанча муддатга битим тузгани номаълумлигича қолмоқда.

    «Шерлар» кеча Швециянинг «Эребру» клуби билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишди. «Пахтакор» сафидан голларга Акрам Комилов ва Жалолиддин Машарипов муаллифлик қилишди. Жамоа эртага, 6 февраль куни кечқурун Тошкентга қайтиб келади.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон вице-чемпиони ОЧЛ-2019 саралаши иккинчи ўтиш босқичи доирасида 12 февраль куни ўз майдонида Ироқнинг «Эйр Форс» жамоасига қарши майдонга тушади.

    » » «Пахтакор» 2,5 млрд сўмга «Насаф»дан Одил Ҳамробековни трансфер қилди