Андрей Канчельскис: Шота Арвеладзе билан "Глазго Рэйнжерс"да бирга ўйнаганмиз

  • 10 февраль 2019, 15:15
  • 1 141
  • Спорт
  • Андрей Канчельскис: Шота Арвеладзе билан "Глазго Рэйнжерс"да бирга ўйнаганмиз
    Россияда нашр этиладиган "Культура" журнали ижодкорлари бир неча кун аввал "Навбаҳор" бош мураббийи Андрей Канчельскисдан интервью олди. Мазкур нашр журналистлари Канчельскисни Наманганда ишлашини билмасакан ҳам!

    - ЖЧ вақтида ТВда мунтазам равишда кўриниш бердингиз. Кейинроқ эса "йўқолиб" қолдингиз. Қаерда эдингиз?
    - Ўзбекистоннинг "Навбаҳор" жамоасидан таклиф олдим. Энди Ўзбекистонда ўз фаолиятимни олиб боряпман. Жамоамиз аста-секин ўсишга эришмоқда. Клуб базасида, "Марказий" ўйингоҳда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

    - Ўтган ойда юбилей 50 ёшингизни нишонладингиз. Туғилган кунни қаерда ўтказдингиз?
    - Ўша вақтда жамоам билан Евпаторияда йиғин ўтказаётган эдик. Ҳеч қандай ортиқча дабдабасиз 50 ёшни қаршиладим. Италия, Англияда ўйнаганимда туғилган куним мавсумнинг энг муҳим палласига тўғри келарди. Катта торт олиб келардим, жамоадагилар билан суҳбатлашамиз, тортни бирга баҳам кўрардик. Ҳозиргача ҳеч нима ўзгармаган.

    - Ўзбекистонда эски танишларингизни учратдингизми?
    - Албатта. "Пахтакор" бош мураббийи Шота Арвеладзе билан Шотландиянинг "Глазго Рэйнжерс" жамоасида бирга ўйнагандик. Россия жамоаларида ўйнаган Бахтиёр Ашурматов ҳозир "Бухоро"ни қўлга олган. Мураббийлар штабидан ўрин олган Мустафо Байрамов билан майдонда тўқнаш келганмиз. "Динамо" Киев билан Ўзбекистонда маҳаллий жамоага қарши ўйнаганимизда Байрамов бизнинг жамоага қарши майдонга чиққанди.

    - Инглиз ва итальян тилларини яхши биласиз. Қизиқ, Саудия Арабистонида ўйнаганингизда қайси тилда мулоқот қилгансиз?
    - Фақат инглиз тилида. Ўшанда Саудия жамоасида голландиялик мутахассис бош мураббий эди. Қўшимчасига бир нечта Европадан ўйинчи бор эди.

    - Буюк Британия нафақат футбол Ватани балки, рок-мусиқа юрти ҳамдир. Англияда ўйнаган вақтингизда мусиқа шайдосига ҳам айлангандирсиз?
    - Бир нечта санъаткорлар билан шахсан танишман. Масалан, Крис Ри билан. "Status Quo" гуруҳи МЮ ҳақида қўшиқ куйлаган ва унда менинг исм-шарифимни ҳам тилга олиб ўтган.

    » » Андрей Канчельскис: Шота Арвеладзе билан "Глазго Рэйнжерс"да бирга ўйнаганмиз