15:30 / 11.02.2019
3 363

Шота Арвеладзе: "Янги мавсумга тайёрлаётган жамоамизни эртага мухлисларга кўрсатмоқчимиз"

Шота Арвеладзе: "Янги мавсумга тайёрлаётган жамоамизни эртага мухлисларга кўрсатмоқчимиз"
Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи доирасидаги "Пахтакор" - "Эйр Форс" учрашуви олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда дастлаб мезбонлар устози Шота Арвеладзе ва жамоа ҳимоячиси Егор Кримец иштирок этди.

"Биринчи навбатда футбол мавсуми бошланаётгани билан барчани табриклайман. Янги йил ўзбек футболи учун омадли бўлишини тилайман. Илк расмий ўйин, ўз уйиимизда ўтадиган баҳс. Об-ҳаво ҳам эртага яхши бўлиши кутилмоқда. Мухлислар қаршисида яхши ўйин намойиш этишни истаймиз. Биз янги мавсумга қандай жамоа тузаётганимизни ишқибозларга кўрсатишни хоҳлаймиз", - дея ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди Шота Арвеладзе.

- Ироқнинг "Эйр Форс" жамоасини қанчалик ўрганиб чиқдингиз? Рақибнинг кучли тарафлари нимада?
- Рақибни чуқур ўрганиб чиқдик, таҳлил қилдик. "Эйр Форс" яхши футбол намойиш этадиган жамоа. Улар бежизга охирги уч йилдан буён ОФК Кубогида зафар қучишаётгани йўқ. Жамоа стандарт вазиятларда хавфли. Тажрибали рақибга қарши эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Шунга қарамай мазкур ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Биласиз, биз янги мавсумга тараддуд жараёнида бир қанча муаммоларга дуч келдик. Чунки кўплаб терма жамоага аъзо футболчилар сафга кеч қайтишди. Лекин биз эртанги ўйиндан жуда кўп нарса кутяпмиз.

- Жамоа тайёргарлик жараёни ва таркибдан кўнглингиз тўлдими? Айни пайтда мураббий сифатида сизни кўпроқ нима безовта қилмоқда?
- Мураббийни биринчи навбатда жароҳатлар безовта қилади. Бу доим оғриқли савол бўлиб келган. Айни пайтда ўйиндан олдин Комилов, Собирхўжаев ва Симич жароҳатланди. Иккинчи безовта қилаётган жиҳат шуки, мавсумга қадар ўзимиз истаганимиздек 7-8 назорат учрашуви ўтказа олмадик. Чунки Осиё Кубоги пайтида жамоа таркиби тўлиқ кўринишда эмасди. Жамоада ўйин амалиёти ва футболчиларнинг бир-бирини янада яхшироқ тушуниб олиши учун мазкур баҳслар жуда муҳим. Ҳозирда айнан мазкур жиҳат мени кўпроқ ташвишлантирмоқда. Бироқ кўплаб футболчилар ўзаро таниш ва терма жамоада ҳам бирга ўйнашган. Ўйлайманки, бу муаммо туғдирмайди.

Таркибга келадиган бўлсам, доим ҳам биз ўзимиз истаган футболчиларни қўлга кирита олмаймиз. Аммо бу сафар аввалгилардане фарқли равишда ўзимиз хоҳлаган кўплаб харидларни амалга оширдик. Янги мавсумда таркибимизда кучли рақобат вужудга келади. Барчага ўзини кўрсатиш учун имконият тақдим этилади. Мураббий доим энг кўпини ва максимум трансферларни истайди. Шуни айтишим мумкинки, бу галги селекция учун клуб раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Легионерлар масаласига тўхталадиган бўлсам, ўтган йилги харидлар ҳам ёмон бўлмаган. Ўтган йили чемпионатда энг яхши тўпурар ва энг яхши футболчи айнан "Пахтакор"нинг легионер футболчиси Тиаго Безерра бўлди. Исмоил Гонсалвеш ҳам оз гол урмади. Лекин бу йилдан кўпроқ урғуни маҳаллий футболчиларга қаратдик. Легионер масаласи анча нозик. Биз ўзимиз истаган легионерлар билан келишувга эришиш ниҳоятда қийин. Трансфер олами шунақа, баъзан ўхшайди, баъзида эса йўқ. Шунингдек, улар оз пулга бу ерга келишмайди. Шу боисдан ҳам биз кўпроқ маҳаллий иқтидорларга эътибор қаратдик.

Масалан Одил Аҳмедовни ҳам олиб келмоқчи бўлгандик. Шахсан ўзим Аҳмедов билан 2-3 маротаба учрашдим. Лекин баъзи масалалар бўйича келиша олмадик. Нимадир ўхшайди, нимадир эса ўхшамайди. "Пахтакор"да доимо энг яхшилар ўйнашини истаймиз. Лекин ҳар доим ҳам биз хоҳлаган ишлар бўлавермайди.

- Азиз Турғунбоев масаласида савол. "Пахтакор" билан шартнома имзолаган ва ОЧЛда рўйхатдан ўтган футболчининг якунда эркин агентга айлангани сизнинг режаларингизга қанчалик таъсир ўтказди?
- Қисқача айтаман, Турғунбоев бизга маъқул келгани учун уни жамоага жалб этгандик. Биринчи навбатда бизга унинг ўйини ёқади. Азиз "Пахтакор" билан шартнома имзолади. ПФЛ эса буни расман рўйхатдан ўтказди. Турғунбоев бизнинг футболчи ва шундай бўлиб қолиши керак. Аммо яқин орада нима бўлишини билмайман. Бу бизнинг қўлимиздаги юмуш эмас. Бир нарсани аниқ: Турғунбоев билан шартнома тузганмиз ва футболчи бизга тегишли. Якунда мазкур трансфер бўйича биз, "Навбаҳор" ва футболчи жазоланди. Якунда барча айбдор бўлиб чиқди. Аммо шуни айтаманки, Турғунбоевни "Пахтакор" футболчиси бўлишини истаймиз ва бу истак ҳали ҳам сўнгани йўқ. Нима бўлишини эса билмаймиз. "Пахтакор" ҳеч ким билан алоқа ёки муносабатларни бузилишини истамайди. Бу трансфердаги табиий жараён ва спорт қизиқишлари доирасида. Агарда биз қаердадир хато қилган бўлсак, бу исталган одамда бўладиган ҳолат. Нормал ҳолат.

- Жисмоний ҳолат 120 дақиқа футбол ўйнашга дош берадими?
- Яхши савол. Таркибдаги футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхши. Осиё Кубогида иштирок этиб қайтган футболчилар ҳам вазият тақозо этса 120 дақиқа футбол ўйнашга шай ҳолатда.

Егор Кримец: "Янги футбол мавсуми билан табриклайман. Ўйлайманки, янги мавсум аввалгисидан муваффақиятли ўтади. Кўпроқ ғалабалар ва совринларни қўлга киритамиз, деган умиддаман. Биз Осиё қитъасидаги энг нуфузли турнирнинг гуруҳ босқичига йўлланма олишни жуда хоҳлаймиз. Эртага бизни қизиқарли ва яхши ўйин кутмоқда. Албатта, жамоа зўр ўйнаб турган пайтда ҳам ўйин борасидаги камчиликлар бўлади. Биз янги мавсумда имкон қадар камроқ хатога йўл қўйиб, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Осиёда энг яхши бўлишга ҳаракат қиламиз".

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шота Арвеладзе: "Янги мавсумга тайёрлаётган жамоамизни эртага мухлисларга кўрсатмоқчимиз"

Спорт янгиликлари