Рўзиқул Бердиев: "Одил Ҳамробековнинг сотилишини истамагандим"

  • 03 март 2019, 09:56
  • 1 828
  • Спорт
  • Рўзиқул Бердиев: "Одил Ҳамробековнинг сотилишини истамагандим"
    Қаршининг “Насаф” клуби охирги пайтларда муаммолар гирдобига ўралашиб қолганини ҳамма яхши билади. Афсуски, клуб тўла-тўкис бу қийинчиликлардан чиқиб кета олмаяпти. Янги мавсум бошланишига ҳам оз фурсат қолмоқда. Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа эса ўз имконияти даражасидан келиб чиққан ҳолда тайёргарликни давом эттирмоқда. Селекция борасида ҳам жамоада катта ўзгаришлар йўқ. Клуб академиясидаги тарбияланувчиларига янада катта эътибор қаратилмоқда ва янги мавсумда таркибнинг ўзагини асосан ёшлар ташкил қилиши кутилмоқда. Лекин ҳозирги пайтда бош мураббийга жуда қийин бўлмоқда. Куни кеча ўзи билан клубдаги ҳолат, селекция, янги мавсумга тайёргарлик, Одил Ҳамробековнинг сотилиши, ўзининг келажаги каби бир қатор масалалар бўйича суҳбатлашдик.

    - “Насаф” ҳам янги мавсумга тайёргарлигини давом эттирмоқда. Лекин ҳозирча таркибда у қадар кескин ўзгаришлар бўлмаяпти. Бир сўз билан айтганда, жамоангиз камтарин тарзда тайёргарлик кўраётгандек...
    - Таркибимизда ўзгариш бўляпти. Бошқа жамоалар сафимиздаги ўйинчиларни таклиф қилишяпти. Бунга эса ўрганиб ҳам кетдик (кулади). Жамоамиздан кетган футболчиларнинг ўрнини ўринбосарлар таркибидаги ёшлар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, “Машъал” жамоасидан икки нафар футболчини таклиф қилдик. “Насаф”ни янги ва ёш ўйинчилар билан яна шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Албатта, яна айрим ўзгаришларни амалга оширмоқчимиз. Агар бу трансферлар ўхшаб қолса яхши бўларди. Албатта, янги оладиган ўйинчиларимиз ҳам маҳаллий йигитлар бўлишади.

    - Қишки тайёргарлик режаси мураббий сифатида сизни қониқтиряптими ёки айрим жиҳатларда кўнглингиз тўлмаяптими?
    - Олдиндан тузиб қўйган режамизда ўзгаришлар бўлди. Февраль ойида Туркияда йиғин ўтказишни мўлжаллаб қўйгандик. Лекин бу сафарнинг амалга ошмай қолганига бир нечта сабаб бўлди. Биринчидан олимпия терма жамоамизнинг йиғинини айтишим мумкин. Бир қатор футболчиларимиз у ерга йўл олишди. Баъзи-бир ўйинчиларни эса жамоамизга кеч таклиф қилдик. Бундан ташқари, яшириб нима қиламан, молиявий имкониятимиз ҳам бунга йўл қўймади. Шу боис Қаршида ва Тошкентда йиғинларимизни давом эттириб келяпмиз. Ушбу тайёргарлик босқичларидан ўзимиз учун керакли жиҳатларни олдик. Масалан, жисмоний тайёргарликка эътибор қаратдик. Охирги йиғинимизда эса футболчиларнинг ўйин амалиётини оширишга ҳаракат қилдик. Тошкентда 10 кун давомида учта ўйин ўтказдик. Бу орада жисмоний тайёргалик бўйича нормативларни топширдик. 25 февралда Қаршида тўпландик. Чемпионат бошланишигача яна битта ўртоқлик учрашувини ўтказамиз.

    - Ҳозирги шароит ва таркибдан келиб чиққан ҳолда “Насаф”нинг олдига аниқ мақсад қўйилдими?
    - Бунгача ҳар доим совринли ўринлар учун курашиб келардик. Олдимизга бундай мақсад қўйилмаса ҳам ўзимиз шунга ҳаракат қилиб келардик. Албатта, ҳозирги кунга келиб энди олдингидек катта имкониятларга эга эмасмиз. Таркибимизда маҳоратли ўйинчиларимиз йўқ. Легионерларимиз ҳам қолмаган. Энди таркибимиздаги ёшларнинг тажрибасини ошириб, рақобатбардош жамоани ташкил қилмоқчимиз. Агар ёш футболчиларимизнинг тажрибаси ошиб борса, биз янада кучаямиз. Бу нарсани ўтган йилнинг иккинчи ярмида ҳам кўрсатдик. Ўйлайманки, сафимиздаги иқтидорли ёшларимизнинг маҳоратлари ўсиб бормоқда. Умид қиламанки, жамоамиз ўз юзини йўқотмайди. Шу боис чемпионатда муносиб равишда иштирок эта оламиз.

    - Шунингдек, чемпионат тугаганидан кейин сиз ҳақингиздаги хабарлар ҳам кўпайиб кетганди. Бошқа клублардан таклифлар бўлаётгани ва тез орада “Насаф”дан кетишингиз ҳақида эшитгандик. Чиндан ҳам клубдан кетмоқчи эдингизми? Воқеалар ривожи қандай тус олди?
    - Албатта, менга аниқ таклифлар бўлди. Аммо мен бирортасини кўриб чиққаним ҳам йўқ. Шунчаки, ўзим “Насаф” билан кўпроқ ишлашни истадим. Лекин ҳали ҳам “Насаф” билан шартномани узайтирганимиз йўқ.

    - Нима учун?
    - Бу масала бўйича гаплашганмиз. Аммо ҳалигача расман шартномани узайтирмадик. Бу масала нимага чўзилаётганига ўзим ҳам ҳайронман. Лекин менга жиддий таклифлар бўлди. Уларга эса шундай жавоб бердим: қачонки, “Насаф”дан расман кетадиган бўлсам, шундагина таклифларни кўриб чиқаман деб айтгандим. Агар қаршиликлар менга яна ишонч билдириб, ишлаш истагини билдиришса, ҳеч қаерга кетмасдим ва шундай ҳам бўлди.

    - Аммо “Насаф”нинг сиз билан янги шартнома имзоламаётгани хавотирга солмаяптими?
    - (Кулади) Бу нарса мени хавотирга солмайди. Жамоа билан икки ой давомида тайёргарлик ишларини олиб бордик. Шу вақт давомида раҳбарлар билан биргалишиб режаларни тузиб чиқдик. Ўйлайманки, шартнома масаласи катта муаммо эмас.

    - Сизга АГМК, “Сўғдиёна” каби клублардан жиддий таклифлар бўлгани ҳақида эшитгандик. Бу ростмиди?
    - Жамоаларнинг номларини айтмоқчи эмасман-у, аммо 3-4 та клублардан яхшигина чақирувлар бор эди.

    - Яна бир эътиборга молик ҳолатлардан бири Одил Ҳамробековнинг “Пахтакор” 2,5 миллиард сўмга тарнсфер қилингани бўлди. Сиз унинг клубдан кетишига қандай муносабатда бўлдингиз?
    - Аввало шуни айтишим керакки, мен Одил Ҳамробековнинг жамоамиздан кетишига қарши эдим. Негаки, мураббий сифатида менга ҳам яхши савиядаги футболчилар керак. Шу боис бу ўйинчининг кетиши мен учун йўқотиш бўлди. Лекин бу клубнинг сиёсати ва футболнинг бир қисми. Одилнинг “Насаф” билан яна бир йиллик шартномаси бор эди. Аммо у ўртадаги битимни узайтиришни истамади. Натижада клуб Ҳамробековдан фойда кўриш мақсадида уни сотишга қарор қилди. Шундай экан, “Насаф” бу трансфердан фойда кўрди. Албатта, Одилни ҳам тўғри тушунишимиз керак. У Осиё Чемпионлар лигасида ўйнашни хоҳлади. Шу боис футболчининг ҳам қарорини ҳурмат қилишимиз лозим. Шу боис унинг қарорига қарши чиқмадик. Асосийси, Одил биз билан катта ўсишга эришди ва терма жамоа даражасигача кўтарилди. Умид қиламанки, “Пахтакор”да ҳам ўсишдан тўхтаб қолмайди ва яна янги даражага кўтарилади.

    - “Насаф” раҳбарияти Ҳамробековни сотишдан олдин сизнинг фикрларингиз билан қизиқиб, маслаҳатлашдими?
    - Ҳа, бу масала бўйича маслаҳатлашдик. Мен раҳбарларимизга Одил Ҳамробеков бизга керак эканлигини айтгандим. Аммо бир нарсани ҳам инобатга олиш керакки, унинг сотилиши “Насаф”нинг молиявий томондан имкониятларини бироз бўлса-да яхшилаб олишига имкон берарди. Шу боис ҳаммамиз вазиятни тушундик ва трансферни амалга оширишди. Ўйлайманки, бу клуб учун ёмон нарса бўлмади. Агарда Одилнинг шартномаси тугаса у “Насаф”дан эркин агент сифатида кетарди. Натижада клуб якунда унинг ортидан пул ишлай олмасди. Агарда бундай даражадаги жиддий таклиф бўладиган бўлса, ҳар қандай клуб ҳам буни ўйлаб кўради. Бу каби трансферлар футболнинг бир қисми.

    - Одил Ҳамробеков орқали ишлаб олинган 2,5 миллиард анча салмоқли. Шундан сўнг “Насаф” унинг ўрнини босувчи бир-иккита яхши трансферларни амалга оширишини кутгандим. Сир бўлмаса, клубнинг ҳисоб-рақамига келиб тушган маблағ нималарга сарфланмоқда?
    - Бу билан мавзудан чиқиб кетдик. Нимага сарфлаши бу клубнинг ички иши ҳисобланади. Мураббий сифатида мен бундай ишларга аралашмайман. Клубнинг сиёсатида Ҳамробековга ўхшаган иқтидорли ёшларни янада ўстириб, яхши пулларга сотиш ҳам фойдадан ҳоли бўлмайди. Ҳамробеков орқали ишлаб топилган пулларга иккита легионерни олиб келсак, барибир катта вазифаларни бажара олмаймиз. Агар жиддий мақсад учун курашадиган бўлсак, бизга тажрибали бўлган кўплаб ўйинчилар керак бўлади. Иккинчи томондан эса бу орқали ёш футболчиларимизга имконият камроқ бўлиб қолади.

    - Барибир яна ёшлар билан ишлаш орқали ўзингиз учун қийин йўлни танлаб олгандек туюляпти. Бу вазиятга қандай қарайсиз?
    - Албатта, ўзим ҳам қийинчилик бўлишини сезиб турибман. Ўзи охирги пайтларда фақат мана шундай қийинчиликлар билан ишлаб келяпмиз.

    - Ўзингиз ҳар томонлама тайёрмисиз?
    - Ҳа, ўзимни тайёрман деб айта оламан. Бу ҳам бир синов эканлигини билиб турибман. Мураббий сифатида ўзимга яраша принципларим бор. Масалан, тайёр ўйинчиларни олиб, улар билан натижага эришиш ҳам гўёки осон ишдек кўринади. Лекин мураббийнинг ҳақиқий кучи кўпроқ ёшлар билан ишлаб, уларни чинакам футболчи қилиб етиштириб берсагина билинади. Мен эса ҳар доим айнан шу йўлдан юраман. Қолаверса, клубнинг сиёсати ҳам ёшларга эътибор қаратишга қаратилган. Биз чемпионатда ўзимизнинг тарбияланувчиларимиз билан иштирок этиб, муносиб ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Тўғри, биз учун жуда қийин бўлади. Лекин биз ҳаммасига олдиндан тайёр бўлиб боришимиз керак.

    - Барибир клубда ҳали ҳам молиявий томондан қийинчиликлар борлиги кўриниб турибди. Демак, ҳали ҳам вазият ўзгармаган, шундайми?
    - Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳали ҳам қарздорликлар бор. Лекин бунинг учун раҳбарлар вазиятни ўзгартиришга ҳар тарафлама ҳаракат қилишяпти.

    - Суперлигада талаблар ўзгарди, янгича қиёфага кириб бормоқда. Мураббий сифатида янги мавсумдан нимани кутяпсиз?
    - Ўйлайманки, бу йил ҳар йилгидан кўра қизиқарлироқ кечади. Умид қиламанки, мухлисларимиз кутган мавсум бўлади.

    - Дарвоқе, Азиз Ғаниевнинг ҳолати қандай?
    - Енгил машғулотлар билан шуғулланиб турибди. Уни яна Японияга муолажага жўнатяпмиз. У ердан қайтиб келганидан кейин умумий гуруҳ билан шуғулланишни бошлайди.

    - Қаршилик мухлисларга нима дейсиз?
    - Ишқибозларимиз ҳар доим жамоамизга содиқ бўлиб келишган. Ўтган йили қийин кечган мавсумда ҳам бизни қўллаб-қувватлаб туришди. Улар ҳеч қачон бизни ташлаб қўйишмайди. Умид қиламанки, биз ўз мухлисларимиз билан биргаликда мавсумни муносиб даражада ўтказамиз. Балки биз чемпион бўлмасмиз, аммо мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатамиз. “Насаф”нинг мухлислари фақат Қашқадарёда эмас, балки Ўзбекистонда жуда кўп.
    Шуҳратбек Жўраев

    » » Рўзиқул Бердиев: "Одил Ҳамробековнинг сотилишини истамагандим"