Футбол қоидаларига жиддий ўзгартиришлар киритилди

  • 03 март 2019, 17:37
  • 2 978
  • Спорт
  • Футбол қоидаларига жиддий ўзгартиришлар киритилди
    Халқаро футбол уюшмалари кенгаши (IFAB) Шотландиянинг Абердинида ўтган йиғилишда футбол қоидаларининг янги таҳририни тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати маълум қилди.

    Биринчи навбатда тўпга қўл билан ўйнаш ҳолатига аниқлик киритилган. Янги таҳрирга кўра, эндиликда голли узатма бериш ёки гол урилиши билан тугаган тўпга қўл билан ўйналган ҳолатда тўпга атайлаб тегилмаган бўлса ҳам, гол ҳисобга олинмайди ва футболчи эҳтиётсизлик учун жазоланади.

    Иккинчи ўзгариш — алмаштирилаётган футболчи майдонни унга энг яқин жойидан тарк этишидан иборат. Аввал футболчилар бутун майдон орқали техник ҳудудга бориш керак бўлган. Бу ўзгариш атайлаб вақтни чўзмаслик мақсадида киритилди.

    Учинчидан, жамоа вакилларига спортга хос бўлмаган хатти-ҳаракатлар учун сариқ ва қизил карточкалар кўрсатилиши билан боғлиқ қоидалар аниқлаштирилди. Шунингдек, тўп дарвозадан ўйинга киритилганда унга ҳимоячи тегишидан олдин жарима майдонини тарк этиши лозимлиги қоидаси бекор қилинди.

    Қоидалар ичида энг аҳамиятлиси — жарима зарбасини амалга ошириш вақтида жонли девор ҳосил қилиниши билан боғлиқдир. Эндиликда ҳужум қилаётган жамоа футболчиларига жаримани амалга ошириш вақтида рақиб жамоа футболчиларига халақит қилиш ва тўп учун очиқ жой қолдириш мақсадида жонли деворга туриш тақиқланади. AP нашри хабарида аниқлик киритилишича, ҳужум қилаётган жамоа футболчиларига жонли деворга 1 метрдан яқинроқ масофада туриш тақиқланади.

    Шунингдек, пенальти амалга оширилиши вақтида дарвозабонларга бир оёқларини дарвоза чизиғида ушлаб туришлари кифоя қилади. Аввал бундай ҳолатда дарвозабонлар икки оёқларини чизиқ устида ушлаб туриши талаб этилган.

    Янги қоидалар 2019 йил 1 июндан кучга киради.

    » » Футбол қоидаларига жиддий ўзгартиришлар киритилди