17:00 / 04.03.2019
4 222

Теҳронни «қўрқинчли қиладиган» «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги илк рақиби ҳақида

Теҳронни «қўрқинчли қиладиган» «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги илк рақиби ҳақида
Эртага, 5 март куни Тошкентнинг «Пахтакор» клуби Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокини бошлайди. 3 йиллик танаффусдан сўнг яна Осиёнинг клублар ўртасидаги энг нуфузли мусобақасига қайтган «Пахтакор» гуруҳ босқичини Теҳронда «Персеполис»га қарши ўйин билан бошлайди. «Ўлим гуруҳи»дан ўрин олган «Пахтакор» учун биринчи ўйин жуда муҳим ҳисобланади. Футболимиз байроқдорининг гуруҳ босқичидаги илк рақиби қандай жамоа?

«Эроннинг «Пахтакор»и...
«Персеполис»га «Эроннинг «Пахтакор»и» деб таъриф бериш мумкин. Ҳар икки клуб ўз мамлакатининг энг машҳур жамоаси ҳисобланади. «Персеполис» 11 марта Эрон чемпиони бўлган ва бу борада рекордчи ҳисобланади. Чемпионликдан ташқари яна 10 марта турли хил ички кубокларда ғолиб бўлган. 1991 йил Осиё кубок эгалари кубогида (ҳозир бундай мусобақа ўтказилмайди) ғолиб чиққан. Бу жамоада ўз вақтида Али Даи, Али Карими, Меҳди Меҳдавакия, Карим Багири, Муҳаммад Нури, Худодод Азизи каби Эрон футболи афсоналари тўп тепишган.

«Персеполис» нафақат футбол клуби, балки бутун бошли спорт индустрияси номидир. «Персеполис»да 15та спорт тури бўйича атлетлар шуғулланишади. Клубнинг рамзи тарихий Персеполис шаҳридаги устунларда тасвирланган буқалардан олинган.

«Қизил армия»
Уй ўйинларини қизил либосда ўтказувчи «Персеполис»ни мухлислар «Қизил армия» деб аташади. Шижоатли ўйини билан чинакам армияни эслатувчи бу клубнинг мухлислари ҳам армия номига муносиб. Осиё Чемпионлар Лигасида мухлислар ташрифи бўйича бу клубга тенг келадигани йўқ. Ўз ўйинларини афсонавий «Озоди» аренасида ўтказадиган «Персеполис» ОЧЛда кўп мухлис тўплаш бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.

ОЧЛ тарихида энг кўп мухлис йиққан 20та ўйиннинг барчаси Эронда ўтказилгани ҳайратланарли натижа, шундай эмасми? 20та ўйиннинг 19таси эса «Озоди»да бўлиб ўтган. Бу 19 ўйинга ё «Персеполис», ё «Истиқлол» мезбонлик қилган. ОЧЛ тарихида энг кўп мухлис йиққан дастлабки 5та ўйин «Персеполис» мезбонлигида ўтган. Уларнинг 4тасида стадионга 100 минг мухлис ташриф буюрган.

Бундай ўйинлар қаторида 2015 йил май ойида «Бунёдкор»га қарши ўтказилган учрашув ҳам бор. Ўшанда «қалдирғочлар» 1:2 ҳисобида ютқазишганди. Қайд этиш керакки, «Бунёдкор» 2009 йил «Персеполис»ни «Озоди»да 1:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ривалдонинг пенальтидан урган голи тошкентликлар жамоасига ғалаба келтирган ўша ўйинни 95 мингдан ортиқ мухлис стадионда томоша қилган. «Персеполис» ОЧЛнинг амалдаги финалчиси эканини ва айни дамда Эрон чемпионатида етакчилик қилаётганини инобатга олсак, «Пахтакор»га қарши ўйинга ҳам жуда кўп мухлис тушишини тахмин қилсак бўлади.

«Персеполис» ҳозир энг яхши ҳолатда

«Пахтакор»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги илк рақиби яна бир жиҳатдан Осиё Чемпионлар Лигасида энг яхшилардан ҳисобланади. «Персеполис» Осиё Чемпионлар Лигасининг яримфиналида энг кўп ўйнаган 4 жамоадан биридир. «Персеполис» 6 марта ярим финалга чиққан ва бу борада Жанубий Кореянинг «Сеонгнам» («Пахтакор»ни 2004 йил ОЧЛ ярим финалида қолдириб кетган «Сеонгнам») клуби билан бир хил кўрсаткичга эга. Фақат ҳамшаҳари «Истиқлол» (7 марта) ва Саудиянинг «Ал Ҳилол» (9 марта) жамоалари ОЧЛ ярим финалида «Персеполис»дан кўпроқ ўйнаган.

2000-йилларда жуда кучли бўлган «Персеполис» кейинчалик узоқ вақт Осиё майдонларида муваффақиятли ўйнай олмади. Лекин охирги икки мавсумда клуб Бранко Иванкович мураббийлигида Чемпионлар Лигасида камида ярим финалгача етиб бормоқда. Ўтган мавсум «Персеполис» икки ўйиндан иборат финалда Япониянинг «Кашима Антлерс» клубига имкониятни бой берди. 2017 йил эса яримфиналда «Ал Ҳилол»га енгилганди. Охирги икки мавсумда Эрон чемпиони бўлаётган ва ОЧЛда камида яримфиналга чиқаётган «Персеполис» ҳозир жуда яхши ҳолатда десак, муболаға бўлмайди.

«Персеполис» ўйнаганда...

«Персеполис» ҳамда «Истиқлол» ўртасидаги Теҳрон дербисининг таърифини эшитгансиз. Бу шунчалик катта ўйинки, ҳатто ФИФА сайтида бу дерби олдидан превью берилади. Шу куни Теҳрон чинакамига иккига бўлинади: кўклар ва қизилларга. Бироқ «Персеполис» ўйнаганда шаҳар қизилга бурканади. Мушфиқ Козимийнинг машҳур «Кўрқинчли Теҳрон» романини бизда ҳам кўпчилик ўқиган. Теҳрон ҳақида энг машҳур асар ҳисобланган бу роман чиққач, Теҳрон билан бирга қўрқинчли сўзини ишлатиш қайсидир маънода урф бўлди.

Теҳрон аслида кўпчилик ўйлагани каби қўрқинчли эмас, лекин хиёбонлари кўп бу ажойиб шаҳар «Персеполис» ўйнаганда рақиб жамоалар учун яхши маънода қўрқинчлига айланиши бор гап. Футболда қўрқинчли сўзини масалан «Энфилд» ёки «Сан Мамес» каби шовқинли стадионларга нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. Бундай муҳитда ўйнаш бир томондан мураккабдир, лекин бошқа томондан шовқинли стадионда ўйнашнинг завқи ҳам бошқача.

Қандай футболчилар бор?

«Персеполис» таркиби у қадар юлдузи эмас. Таққослаш учун «Пахтакор» айни дамда Ўзбекистоннинг кўплаб яхши футболчиларини ўзида жамлаган. «Персеполис»да юлдузлар кўп бўлмаса-да, яхши даражадаги футболчилар ўйнашади. Бу клуб бежизга бўлажак юлдузлар учун Европага йўл очмаган ахир. Эрон терма жамоасининг охирги йиллардаги асосий посбони Алиризо Бейронванд айнан «Персеполис»да ўйнайди. Жамоа сардори Саид Жалол Ҳусайни ҳам кўпчиликка яхши таниш. Бу марказий ҳимоячини Карлуш Кейруш ЖЧ-2018 ва Осиё Кубоги-2019 баҳсларига олиб кетмаганди. Эрон ЖЧ-2018 саралашида Ўзбекистон терма жамоасини Тошкентда 1:0 ҳисобида мағлуб этган ва ўша ўйиндаги ягона голни айнан Саид Жалод Ҳусайни урганди.

Меҳди Туроби ҳам машҳур футболчи. Эктор Купер келганидан сўнг терма жамоа илк жиддий ўйинида айнан Эрон билан ўйнаганди. 11 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган ўртоқлик ўйинида Эрон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва ягона голга айнан Меҳди Туроби муаллифлик қилган. У аста-секин Эрон терма жамоасида Озмун, Жаҳонбаҳш, Ансарифард каби ҳужумчиларга рақобатчига айланмоқда. Яна бир ҳужмчи Али Алипур ҳам Эронда ўз номига эга футболчи. Хуллас, «Персеполис»га қарши ўйин «Пахтакор» учун осон ўтмайди. Ўз навбатида «Пахтакор»нинг ҳозирги таркибига назар солсак, «Персеполис» ҳам бу ўйинда яхшигина тер тўкишига тўғри келади...

ОЧЛ-2019.
«D» гуруҳи. 1-тур
«Персеполис» - «Пахтакор»

Теҳрон. «Озоди» стадиони, 20:00.
Бош ҳакам: Хеттикамканамге Перера (Шри-Ланка).

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Теҳронни «қўрқинчли қиладиган» «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги илк рақиби ҳақида