17:27 / 07.03.2019
3 743

Сульшер ва унинг буюк ғалабаси ҳақида

Сульшер ва унинг буюк ғалабаси ҳақида
Ҳар хил ғалабалар бўлади. Тўғри тактика асосида қўлга киритилган натижа... Ёки қайсидир футболчининг индивидуал маҳорати тақдим қилади баъзида голни. Баъзи пайтларда шижоат, ирода ёрдамида ҳам ғалаба қозониш мумкин. Ҳа, ҳар қандай муваффақиятда бу омиллардан қандайдир улуш бор, аммо масалан, «Манчестер Юнайтед»нинг кечаги қаҳрамонлиги аввало ниманинг ҳисобига юзага келгани ҳақида ўйлай бошласам, бир сўз хаёлга келади – РЕЖА!

«Олд Траффорд»даги жуда ёмон натижа ва таркибдаги жуда кўп муаммолар туфайли, Сульшер бемалол ЕЧЛ жамоа учун якунланганини айтиши ва асосий эътибор АПЛга қаратилишини айтиши мумкин эди. Уни ҳеч ким айбламасди ҳам. Аммо мураббий ундай қилмади, ростан ҳам, имкон борлигида охиригача курашмай туриб, янаги йилги ЕЧЛ йўлланмаси учун курашишдан не мантиқ? Беихтиёр сэр Алекс Фергюсоннинг 20 йил олдин «Бавария»га қарши финал танаффусида шогирдларига айтган гаплари эсга тушади:

«Сиз ҳозир кубокдан эллик метр узоқда турибсиз холос. Унга тегиниш, ушлаб кўриш учун бугун бор имкониятни ишга солмай туриб, эртага яна бу соврин учун қайтиш ҳақида ўйламанг!».

Хуллас, Оле Париждаги жавоб ўйини ҳақида фикрлар бошланиши ҳамоно охиригача курашиш, ҳисобни ўзгартиришга уриниш ҳақида айта бошлади. «Чўққилар уларни забт этиш учун бор» – Сульшернинг бу сўзлари шунчаки, баландпарвоз ибора эмас, режанинг бир қисми экани ўз исботини топди.

Тўғри, кеча ўша яримта пенальти белгиланмаслиги, Париж эртароқ ўйин тақдирини ҳал қилиши, умуман ушбу Чемпионлар Лигасидаги «МЮ» ҳамманинг ёдидан чиқиб кетиши мумкин эди. Ҳаммасини қандайдир сониялар, вазиятлар ҳал қилиб юборган ўйинда режа ҳақида айтиш бироз эриш туюлар балки, аммо мураббийнинг ўйиндан олдинги сўзларига эътибор беринг:

«Ҳали ҳаммаси тугагани йўқ. Биз ўйиннинг охирги қисмида ҳам ўйинда бўлишимиз керак. Агар бунга эришсак, сўнгги дақиқаларда босим қила оламиз. У ерда эса, ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкин».

АПЛ жамоалари буни яхши тушунишади. Эътибор берсангиз, лига ўйинларида рақиб ҳар қанча кучли бўлмасин, жамоалар сўнгги дақиқаларгача «ўйинда бўлиш»га ҳаракат қиладилар, яъни бир тўп фарқидан ошиб кетмаса бўлди. Барибир сўнгги дақиқаларда босим уюштириш, сўнгги ҳужумлар ёмғирини амалга ошириш имконияти бўлади. Уёғи биргина стандарт, биргина зарба, биргина VAR ҳаммасини ўзгартириб юбориши ҳеч гап эмас.

Сульшер ҳам шуни назарда тутганди. Кеча ҳисоб 1:2 бўлганида Хайрулла Ҳамидов қўнғироқ қилиб, «кўнглим сезиб турибди, «МЮ» кейинги босқичга чиқади» деганида ҳам, «ишқилиб, охирги ўн дақиқагача шу ҳисоб сақланиб турсин-да» деб жавоб бергандим. «Юнайтед»да ғалаба учун ягона эҳтимол шу эканини мураббий ҳам биларди албатта. Сульшер Парижга худди шу режа билан келди ва эплади.

«Олд Траффорд»даги ўйинда айнан ўйин учун режа қуриш Сульшерда асосий муаммо келтириб чиқарганини эсласангиз керак. «Неймар ва Кавани соғ бўлганларида менга осонроқ бўларди, чунки ўшанда рақибнинг имкониятларини чамалаб, уларга қарши режа қуриш мумкин бўларди. Ҳозир улардан нима кутишни билмаяпман ва бу қийинроқ», – деганди ўшанда норвегиялик мураббий.

Ростан ҳам, Тухель Маркиньосни марказга, Алвешни деярли ҳужум чизиғига ўтказиб, ўзига хос сюрприз тайёрлаган, мезбонлар «ПСЖ»нинг ҳақиқий кучини қандай ўлчашни билмай қолишганди. Кеча эса, аксинча бўлди. «ПСЖ»нинг қандай ва кимлар билан ўйнаши мумкинлигини Сульшер биларди, бу борада энди Тухелга қийинроқ бўлиб қолганди.

Аслида гол меҳмонларга керак бўлган пайтда ҳам асосий эътиборни ҳимояга эътибор қаратиш – режа. Сўнгги паллада эса, Перрейра ўрнига Чонг, Янг ўрнига Гринвуд (Чонг, Гринвуд, нималар деяпман, ким ўзи улар?) туширилиши айнан ўша сўнгги босим учун ташланган қадам эди. Менимча, агар «Юнайтед» голни эртароқ урганида, имконият камроқ бўларди, чунки Париж бор кучи билан, янада шиддатли ҳужумга ўтар ва гол уриб руҳий устунликка эришарди. Кеча эса, гўёки таблода «ПСЖ» қониқтирадиган ҳисоб, аммо биргина гол «Юнайтед»ни ғолибга айлантиради – бу босимда ўйнаш мезбонларга осон бўлмади. «Юнайтед» ўзиники бўлмаган ўлжани пойлар, «ПСЖ» эса, қўлида турган ютуқни йўқотишдан қўрқарди. Бундай ҳолатда «ПСЖ»га қийинроқ бўлгани тайин.

Умуман, «ПСЖ» футболчиларнинг индивидуал хатоларидан ташқари, бирор нарсани нотўғри қилди, деб ўйламайман. Ўйинга бўлган муносабат, танланган тактика бўйича ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун, «Камп Ноу»даги 1:6 ҳисобини эслаш ўринсиз, ўшанда «ПСЖ» айнан ўйинга бўлган муносабати туфайли мағлуб бўлганини ҳамма эътироф этганди. Кеча ундай бўлмади, «ПСЖ» ўйинга етарлича жиддий ёндашди. Ҳисобдаги ўзгаришларга ҳам тўғри реакция берди, имкон қадар икки тўп фарқини ушлаш, яъни ўша ўйин охирларида «МЮ»ни ўйинда қолдирмасликка уринди. Аммо бу футбол ва рақиб ҳам ўз вазифасини майдонда яхши уддалаганини айтиш керак.

Сульшерга эса, фақат қойил қолиш мумкин. Унинг Фергюсондан кейин Манчестерда ишлаган бошқа мураббийлардан асосий фарқи шундаки, Сульшер атрофдагиларни ўзига эмас, ғояларга ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Бир инсон эмас, бир ғоя атрофида бирлашиш эса, доим самаралироқдир. Ўйиндан кейин мураббий ўзининг ўхшаб қолган режаси ёки тактикалари ҳақида мақтанмади. Жавоб қисқа бўлди:

«This is what we do. We are Manchester United»
«Биз «Манчестер Юнайтед»миз. Бизнинг ишимиз шу».
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сульшер ва унинг буюк ғалабаси ҳақида