16:19 / 14.03.2019
2 928

Эктор Купер: «Терма жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолати бўйича шикоятим йўқ»

Эктор Купер: «Терма жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолати бўйича шикоятим йўқ»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси март ойидаги ФИФА кунларида Хитойда ташкил этиладиган «China Cup» турнирида қатнашади. Бугун мусобақа олдидан бош мураббий Эктор Купер иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Tribuna.uz.

«Тайёргарлик учун вақтимиз кам бўлади. Ихтиёримизда 8 кунгина вақт бор. Турнирдан асосий мақсад – ўйинимизни кучайтириш. Ҳозиргача эришган натижаларимизни мустаҳкамлаб, хатолар устида ишлаймиз. Лекин биз барибир ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз. ОТЖдан ҳам баъзи футболчиларни чақиришни ният қилгандик, лекин улар шу ой Осиё чемпионатида қатнашишади», – дея дастлабки фикрларини билдирди аргентиналик мутахассис.

– Ўтган даврдан қандай хулосалар чиқардингиз ва терма жамоага қандай ўзгаришлар киритмоқчисиз?
– Ҳам ижобий, ҳам салбий хулосалар ҳақида гапириш мумкин. Терма жамоа ўйинида мени хурсанд қилган жиҳатлар ҳам, салбий томонлар ҳам бор. Турнир олдидан катта ўзгаришлар қилишга бизда вақт йўқ. Фақат баъзи кичик деталларни ўзгартириш орқали жамоа ўйинини яхшилашга ҳаракат қиламиз. Турнирга тайёргарлик учун деярли вақт қолмайди, қисқа вақт ичида мўжиза кутиш ярамайди. Фақат биз қилмоқчи бўлган кичик ўзгаришлар ғалабамизни таъминлаши мумкин.

Биласизлар, мураббийлар вақт етишмовчилиги ҳақида жуда кўп гапиришади. Чунки бу ҳақиқатда муҳим аҳамиятга эга, биз машғулотларда ишлаб кўришимиз керак. Масалан, Туркиядаги йиғин давомида бизда етарлича вақт бўлди ва шунинг учун ҳам жамоа ўйинида яхшиланиш бўлди. Қисқа вақтда бунга эришиш қийин масала.

– Барча терма жамоалар мураббийида ана шундай вақт кам – уларда ҳам шароит шундай-ку. ЖЧ саралаш ўйинларида вақт доим кам бўлади?
– Ай-ай-ай (хитоб қилади). Менга шартнома таклиф қилишганида, менинг шартномамда нима деб ёзилган, биласизми, биз – Жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак, дейилган. Менга, масалан, таркиб ҳақида гапиришмаган. Осиё Кубогида 1/8 финалда ютқаздик, ҳақсиз, менинг айбим, тўғри, юта олмадик. Лекин бизнинг ҳозирги мақсадимиз – Жаҳон чемпионатига чиқиш. Албатта, ОТЖ – бунда асосий мўлжалимиз бўлади. Уларнинг мураббийи ҳам испанчада гаплаша олади. Барча энергиямиз ЖЧга чиқишга қаратилган. Таркибни ёшартириш муҳим, лекин ОТЖ бизнинг ўзагимиз бўлади. Ҳозир келажак ҳақида гапиришни истамайман. Биз учун келажак – Хитойдаги турнир. Ўша Хитойдаги ўйинларимиз ЖЧ саралашига асос бўлиши керак. Агар келажак ҳақида ўйлашни бошласак, диққатимиз бўлинади. Ҳозир бутун эътиборимиз шу турнирга қаратилган. Келажакни кўраётганим йўқ. Балки Хитойдаги турнирда ютқазармиз, кейин мени ишдан бўшатиб юборишар. Пухта режа тузиб олишимиз шарт.

Осиё Кубогидан ўзим ҳам кўпроқ нарса кутгандим. Лекин ўйлаганимиз амалга ошмади. Мен айбдорман. Ўйинларда фақат ғалаба учун майдонга тушаман. Асосий мақсад – Жаҳон чемпионатига чиқиш.

– Осиё Кубогида Япония, Австралия каби грандларнинг кучини кўрдингиз. Саралашда уларни қандай мағлуб эта олишимиз мумкин?
– Ҳа, мен бу жамоаларни юта оламиз, деб ўйлайман. Жамоаларнинг ҳақиқий кучи расмий ўйинларда кўринади, тўғри. Австралия ва Япония каби жамоаларни келажакда юта олишимизга ишонаман. Биз ягона мақсад йўлида ҳаракат қилсаккина, уларни ютишимиз мумкин. Аммо ҳозир эътиборимизни 3-4та турли масалага, масалан таркибни ёшартириш кабиларга қаратмаслигимиз керак. Уругвайда Суарес, Кавани кабилар бор.

– Осиё Кубогидаги 4та ўйинни тўлиқ техник таҳлил қилишингиз учун қанча вақт керак бўлди?
– Мен аналитик эмаслигимни айтмоқчиман. Футболда инсон омили жуда муҳим, футбол – арифметика эмас. Ўйинчиларга жуда кўп факторлар таъсир ўтказади. 15 йилдан кейин балки мураббийлар футболчиларни компьютер орқали бошқаришар, аммо ҳозир клубига ёки ватанига муҳаббат кабилар аҳамият касб этади. Осиё Кубогидаги ўйинларимиз таҳлили ҳамон давом этмоқда.

– Наҳотки Осиё Кубогидаги иштирокимизни ҳамон тўлиқ таҳлил қилиб чиқмаган бўлсангиз?
– Биласизми, бир фильмни телевизорда мен неча марталаб кўришим мумкин? 5-6 марталаб. Ҳар сафар кўрганимда нимадир янги нарса оламан. Балки бошқа мураббийлар мендан кўра яхшироқдир, лекин мен Осиё Кубогидаги ўйинларимизни ҳали-ҳамон кўриб чиқяпман.

– Етарлича вақт Ўзбекистонда яшаб, бу ердаги ҳаёт тарзини ўргандингиз. Ўзбек футболчиларига корейс ёки япон футболчиларидек кучли лигаларда ўйнаб кетишлари учун нима етишмаяпти?
– Жуда қийин савол. Балки Ўзбекистондан чиққиси келмас. Балки Европага боргилари келмас. Кимгадир Россия, кимгадир Хитой, кимгадир БАА ёқади. Буни яхшигина таҳлил қилиш керак. Фикримча, ўзбек футболчилари Европада ўйнашга тайёр.

– Аввалги мураббийлар терма жамоа футболчиларининг жисмоний ҳолатидан нолишган, физик тайёргарликка вақт кетказиб, тактика билан ишлашга вақт бўлмаётганини айтишган. Бу ҳақда сиз нима дея оласиз?
– Ўйинчиларнинг Осиё Кубогидаги жисмоний ҳолатларига ижобий баҳо бериш мумкин. Ўйинчи баъзан майдонда нотўғри жойни танлагани учун ҳам кўпроқ югуришига тўғри келиши мумкин. Терма жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолати бўйича шикоятим йўқ.

– Легионерларимизни қандай кузатиб боряпсиз?
– Бизда барча футболчиларнинг видеолари бор, уларни кузатиб борамиз. Хориждаги ўйинчиларнинг барчаси ҳам асосий таркиб футболчиси эмас, масалан Фозил Мусаев. Фақат охирги ўйинда 90 дақиқа ўйнади. Чет элда 20 футболчимиз бор деб айтяпсиз, лекин ички чемпионатимиздаги футболчи легионеримиздан кучлироқ бўлиши мумкин. Технологиялар сабаб барча футболчиларни бемалол кузатиб бора оляпмиз.

– Ўз клубида асосий таркиб ўйинчиси саналмайдиган Отабек Шукуров чақирилди, лекин деярли ҳар бир ўйинда қатнашаётган Сардор Рашидов йўқ?
– Шундай ўйинчилар ҳам борки, асосий таркибда ўйнамаётган бўлиши мумкин, лекин уларни ҳам чақиришимиз мумкин. Терма жамоада ўйнашга ҳамма ҳақли. Улардан фақат битта нарсани сўраймиз: терма жамоада ўйнашга ва меҳнат қилишга кучли хоҳиши бўлиши керак.

Сардор Рашидов виза билан боғлиқ муаммо туфайли чақирилмади, бу бўйича бошқа ҳеч қандай муаммо йўқ. Чақирилмаган ўйинчилар хавотир олишмаса ҳам бўлади, уларни кейинги йиғинларга жалб этишимиз мумкин. Турнирга олиб кетиш мумкин бўлган футболчилар сони чекланган.

– Умид Аҳмаджонов таркибни ёшартиришга чақирган эди. Раҳбарлар билан бу масалада гаплашдингизми?
– Сизлар нима хоҳлайсизлар? ЖЧга чиқишними, жамоани ёшартиришними, ҳар ўйинда 3та гол уришимизними, ҳар ўйинда 70 фоиз тўпга эгалик қилишимизними? Жамоани ёшартирмаймиз, демайман. Биз уларга таянамиз, аммо уларнинг ўз мураббийлари бор.

– Раҳбарият ёшларни жалб этинг, деб айтса-чи?
– Менга президент (ЎФА вице-президенти Умид Аҳмаджонов назарда тутилмоқда) ҳозирча бундай гапни айтгани йўқ.

Ўзбекистон терма жамоаси 22 март куни «China Cup» ярим финалида Уругвай термасига қарши майдонга тушади. Ундан аввалроқ, 21 мартда Хитой ва Таиланд термалари дастлабки финалчини аниқлашади. Учинчи ўрин ва соврин учун баҳслар 25 мартга белгиланган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер: «Терма жамоа аъзоларининг жисмоний ҳолати бўйича шикоятим йўқ»