13:35 / 23.03.2019
2 824

Санжар Шоаҳмедов: "Малайзия варианти қизиқ туюлди"

Санжар Шоаҳмедов: "Малайзия варианти қизиқ туюлди"
Йилдан-йилга хорижда тўп сурувчи легионерларимиз сони ортиб бормоқда. Бу, албатта, ўзбекистонлик футболчиларга бўлган эътибор кучлилигидан далолат. Барчангизга маълумки, Тошкентнинг «Локомотив» клубини ушбу мавсум асосий таркибдаги аксарият футболчилар тарк этишди. Икром Алибоев «Сеул»га йўл олган бўлса, Сардор Рашидов Португалиядан тушган таклифни қабул қилди.

Жамоанинг яна бир муҳим футболчиси Санжар Шоаҳмедов ҳам легионер мақомига эга бўлди. Майдонни яхши кўра олиш, ўйинни бошқариш хусусиятига эга юртдошимиз Малайзиянинг «Теренггану» жамоаси сафидаги дастлабки ўртоқлик ўйинидаёқ «дубль» расмийлаштирди. Чемпионат баҳсларининг навбатдаги турида ҳам у майдонни голсиз тарк этмади. Кўриниб турибдики, Санжарнинг ишлари жойида. Малайзия Суперлигасининг олтинчи тур учрашувидан сўнг, футболчи билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Дастлаб «Теренггану» жамоасидан тушган таклиф хусусида гапирсангиз.
- Миллий чемпионатимиз айни қизиган пайтда, яъни октябрь ойида «Теренггану» клуби раҳбарлари ва мураббийлари таклиф билан чиқишди. Аввал бу таклифни кўриб чиқдим, ҳар тарафлама ўргандим. Клубнинг мақсади, шароитлари ва бошқа жиҳатлар бўйича гаплашгандан ке­йин келишувга эришдик. Ўзим учун ҳам бу жамоа, умуман, Малайзияда тўп суриш варианти қизиқ туюлди.

- «Темирйўлчилар» сафида қолишингиз мумкинмиди?
- Албатта, қолишим мумкин эди. Лекин ўзим легионер бўлишни, чет давлатларида тўп суришни хоҳладим. «Локомотив»да мени барча нарса қониқтирарди. Бунинг учун Тошкент клубидан миннатдорман. «Локо»да ўзимга яраша обрў-эътибор қозондим, халқаро мусобақаларда иштирок этдим. Шунчаки, хорижда ўзимни яна бир марта синаб кўргим келди.

- Легионер сифатида илк бор хорижда тўп сураётганингиз йўқ, маълум муддат Қатарда ҳам ўйнадингиз. Бу икки юрт футболини солиштириб кўрдингизми?
- Қатарда «Ал-Сайлия» таркибида ўйнаганман. Ҳозир Малайзиядаман. Иқлими деярли бир хил. Намлик, ҳаво ҳарорати бизга нисбатан баланд. Аста-секин мослашиб боряпман. Футболида ва услубида катта фарқ сезмадим. Биргина Қатардаги кучли легионерларни ҳисобга олмаса. Фарқи шу. Ўйин борасида бир-бирига ўхшаш.

- Лига ўйинлари қандай форматда ўтказилишига тўхталсангиз.
- Чемпионат икки даврали тизимда ташкил этилади. Шунингдек, иккита йирик кубок мусобақаси йўлга қўйилган: Малайзия кубоги ва қирол кубоги. Умумий ҳисобда учта мусобақада кураш олиб борилади.

- Жамоангиз олдига чемпионлик вазифаси қўйилганми?
- Бу ерда нафақат биз, балки ҳамма жамоаларнинг ўз олдига қўйган мақсади бор. Улар ҳам чемпионлик учун курашишади. Рақобат кучли, дейишим мумкин. Ҳар бир ўйиннинг қадри баланд.

- Стадионлар, футболга бўлган муносабат, томошабинлар ташрифи қандай экан?
- Ижтимоий тармоқларда кўришингиз мумкин. Деярли ҳар ўйинга 30-35 минг атрофида мухлис ташриф буюради. Футболга бўлган қизиқиш ўта юқори экан. Улар суюкли футболчиларини ҳеч қаерда ёлғизлатиб қўйишмайди. Худди ўзимизнинг ўзбек ишқибозларига ўхшаб.

- Қаерда яшаяпсиз? Маҳаллий шароитларга кўникиб улгурдингизми?
- Менга клуб шахсий уй ва машина берган. Қулай шарт-шароитлар яратилган. Машғулотлар ва ўйинларга қатнашда муаммоларга йўлиқмаяпман. Умуман, янги муҳитга мослашиш ҳамиша қийин кечади. Аммо ҳозир бу борада нолишга ҳожат йўқ.

- «Локомотив» ўйинларини кузатиб боряпсизми?
- Ўзбекистон чемпионатининг биринчи турини кўриб, ҳайрон қолдим. Деярли барча учрашувларда дуранг қайд этилди. Албатта, «Локомотив»нинг ЕЧЛдаги иштирокини ҳам кузатиб боряпман. Суперлиганинг жорий мавсуми анча муросасиз ўтишига шубҳам йўқ.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Санжар Шоаҳмедов: "Малайзия варианти қизиқ туюлди"