Криштиану Роналду жароҳат олди, у қачон сафга қайтиши мумкин (фото, видео)

  • 26 март 2019, 10:36
  • 796
  • Спорт
  • Криштиану Роналду жароҳат олди, у қачон сафга қайтиши мумкин (фото, видео)
    Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Евро-2020 саралаши доирасидаги Сербияга қарши ўйинда (1:1) жароҳат олди.

    34 ёшли ҳужумчи биринчи бўлим ўрталарида ўзига узоқдан узатилган тўпга югуриб бораётиб, бирдан тезлигини пасайтиришга мажбур бўлди; сўнг захира ўриндиғи томонга мурожаат қилиб, ўзини алмаштиришларини сўради. Маълум бўлишича, у белининг ўнг қисмидан шикастланган.

    «Хавотир олаётганим йўқ, ўз танамни биламан. Бир ёки икки ҳафтада сафга қайтсам керак», – деган Роналдудан иқтибос келтирмоқда португал матбуоти.

    Лиссабондаги баҳснинг 31-дақиқасидан бошлаб Криштианунинг ўрнида яримҳимоячи Пицци ўйинни давом эттирди. Бу вақтда ҳисоб меҳмонлар фойдасига 0:1 бўлиб турганди. Бўлим охирларида Данило Перейра мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимда жамоалар бошқа гол уришмади, натижада Португалия миллий жамоаси Евро-2020 саралашини кетма-кет иккита дуранг билан бошлади. Фернанду Сантуш жамоаси илк турда ҳам ўз уйида Украинани мағлуб эта олмаганди (0:0).

    Украина ва Сербияга қарши баҳслар Криштиану Роналду учун Португалия миллий жамоаси сафидаги ЖЧ-2018дан кейинги илк ўйинлар бўлди.

    Маълумот учун, «Ювентус» А Сериянинг навбатдаги турларини «Эмполи», «Кальяри» ва «Милан»га қарши ўтказади. 10 апрель куни туринликлар ЕЧЛнинг 1/8 финалининг «Аякс»га қарши дастлабки ўйинини Амстердамда ўтказади.

    Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентина миллий жамоаси сардори Лионель Месси ҳам жароҳат олиб, терма лагерини тарк этганди.

    » » Криштиану Роналду жароҳат олди, у қачон сафга қайтиши мумкин (фото, видео)