Шукуровга жиддий жароҳат етказган хитойлик футболчи аравача билан уни йўқлашга борди (фото, видео)

  • 26 март 2019, 14:10
  • 1 278
  • Спорт
  • Шукуровга жиддий жароҳат етказган хитойлик футболчи аравача билан уни йўқлашга борди (фото, видео)
    Хитой миллий жамоаси ҳужумчиси Веи Шихао 25 март куни Ўзбекистонга қарши баҳсда рақиб яримҳимоячиси Отабек Шукуровга нисбатан ишлатган қўполлиги учун маҳаллий матбуот ва мухлислар ғазабига учради, деб ёзади South China Morning Post.

    «China Cup» мусобақасининг учинчи ўрни учун баҳс душанба куни Наннинг шаҳрида бўлиб ўтган, ўйиннинг 37-дақиқасида тўп билан бораётган Шукуровнинг ортидан Шихао унинг болдирига зарба берган, натижада ўзбекистонлик ўйинчига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилиб, унинг ўрнига Одил Аҳмедов майдонга туширилганди.

    Веи Шихаонинг ўйиндан кейинги интервьюсида айтишича, у буни атайлаб қилмаган.

    «Қасддан бундай қилганим йўқ. Бу бор-йўғи ўйин темпини пасайтириш учун қилинган техник қарор эди.

    У жароҳат олганми-йўқми, буни билмайман. Футболда жиддий жисмоний тўқнашувлар тез-тез рўй бериб туради, шундай экан жароҳатлардан ўзни асраш ҳам имконсиз», – деди у.

    Ўша вазиятда ҳакам билан тортишган «Гуанчжоу Эвергранд» футболчисига сариқ карточка кўрсатилганди (у учрашув охирига қадар тўлиқ ўйнади). Аммо, Хитой ОАВга кўра, у ўз клуби томонидан жиддийроқ жазога тортилиши мумкин.

    Маълум қилинишича, ўша куни Шукуров шифохонадан қайтгач, Веи уни кўриш учун Ўзбекистон миллий жамоаси жойлашган меҳмонхонага борган; ўзи билан аравача ва бир сават мева олиб келган.

    «Ўйиндан кейин рақиб футболчисининг жароҳати анча жиддийлигини билдим. Астойдил афсусдаман.

    Бу қоидабузарлик бўлганди. Мен унинг касалхонага олиб борилишига сабабчи бўлишимни кутмагандим. Чин юракдан кечирим сўрайман. Футболчи учун оёқлари жуда муҳим. Ҳеч ким шикастланишни хоҳламайди, аммо бизнинг касбимиз шунақа», – деган Веи.

    Ҳонгконгда хитой тилида чоп этилувчи Oriental Daily News нашри 23 ёшли футболчининг бу ҳаракатини «уят» деб баҳолаган. Global Times газетаси эса шундай деб ёзади: «Таиландга шармандали тарзда мағлуб бўлишгани Хитой термаси аъзоларига босим юклаганди, лекин майдондаги бундай ҳаракат – рақибга нисбатан ҳурматсизлик, мухлислар эса бу каби ҳолатларга тоқат қила олишмайди».

    «Руҳий ҳолатини назоратда ушлаб туриш ҳар ким учун муҳим, аммо футболчилар учун бу мутлақо шарт бўлган жиҳат. Спортчи адолатли, одобли ва иззатли бўлиши керак. Юқори савияда футбол ўйнаб келаётган профессионал футболчи сифатида Веини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди», – деб муносабат билдирган Global Times.

    Хитой ижтимоий тармоқларида баъзи фойдаланувчилар Веи Шихаони ўйиндан кейин дарҳол рақибнинг ҳолидан хабар олишга қизиқмаганликда айблашмоқда.

    «Мен «Эвергранд»нинг ашаддий мухлисиман, лекин клуб Веи Шихаони жазолашини қўллаб-қувватлайман», – деб ёзган мухлислардан бири.
    «Сенинг маҳоратинг рақибникидек зўр эмас, лекин футболкангдаги бешта юлдузли эмблемани шарманда қилма», – дейди бошқа бир фойданувчи.
    Яна бир мухлис қуйидагича муносабат билдирган: «Профессионал этика қоидалари қўполлик билан бузилмоқда. У четлатилиши керак».

    Ўзбекистон миллий жамоаси шифокори Аброр Пирриевнинг маълум қилишича, 22 ёшли Отабекнинг ўнг оёғи болдир суюги пастидан синган ва у гипс қилинган.

    «Аммо суяк жойдан силжимаган. Бу жуда муҳим. Қолаверса, синиш кўндаланг эмас. Бундай ҳолларда футболчининг жароҳатдан тикланиши осонроқ бўлади», – деган Пирриев.

    Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда футболчи ё операция қилиниши керак ёки оёқнинг синган жойи фиксация, яъни гипс қилиниб, даволаниши зарур. Операция қилинган тақдирда, жароҳатнинг битиши тезроқ бўлади. Аммо Шукуров БААнинг «Шаржа» клуби аъзоси бўлганлиги сабабли бу ҳолда клуб шифокорлари билан маслаҳатлашиш зарурати туғилган.

    «Улар Отабекнинг оёғини гипс қилган ҳолда, Дубайга олиб боришни маслаҳат беришди. Клуб шифокорлари Дубайда футболчини яна бир бор текширувдан ўтказишади. Кейин даволаниш бўйича энг маъқул вариантни ўзлари футболчи билан келишган ҳолда амалга оширишади. Шу сабабли Шукуровнинг оёғи гипс қилинди», – дея маълум қилди Аброр Пирриев.

    Шифокорнинг айтишича, бундай жароҳатлардан соғайиш учун одатда икки ой вақт талаб этилади.

    Маълумот учун, Отабек Шукуров «Шаржа»нинг асосий таркиб аъзоси саналади. У БАА чемпионатида ортда қолган 17та турнинг барчасида бошланғич таркибда майдонга тушган.

    Шаржаликлар айни пайтда чемпионат пешқадами бўлиб туришибди. Клуб энг яқин таъқибчи, амалдаги чемпион «Ал-Айн»дан 8 очкога илгарилаб кетган. Жамоани жума куни 3-ўриндаги «Ал-Жазира»га қарши баҳс кутмоқда.

    » » Шукуровга жиддий жароҳат етказган хитойлик футболчи аравача билан уни йўқлашга борди (фото, видео)