Ўзбекистон курсанти Бишкекда ММА камарини қўлга киритди

  • 08 апрель 2019, 20:20
  • 584
  • Спорт
  • Ўзбекистон курсанти Бишкекда ММА камарини қўлга киритди
    7-8 апрель кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги «Арча-бешик» спорт мажмуасида аралаш курашларнинг ММА йўналиши бўйича Гран-при туркумига кирувчи «Батир баши» IV этно турнири ўтказилди.

    Турнирда 84 кг вазнлилар ўртасида Ўзбекистон шаънини Қуролли Кучлар академиясининг 4-босқич курсанти Бекзод Нурматов ҳамда Абдулазиз Утамуродов ҳимоя қилишди.

    Абдулазиз Утамуродов қирғизистонлик рақиби Қодир Курстан ўғлига қарши ўтказилган жангда техник нокаут билан ғалабани қўлга киритган. Бекзод Нурматов эса яна бир қирғизистонлик спортчи Жакип Туганбаев билан кечган баҳснинг иккинчи раундида оғритувчи усул қўллаган ҳолда рақибдан устун келган.

    Финалда икки ўзбекистонлик спортчи ўзаро куч синаши керак эди. Аммо, Абдулазиз Утамуродов биринчи жангда оёқ қисмида тан жароҳати олгани туфайли мураббийлар у жанг ўтказишига рухсат беришмаган ва Бекзод Нурматов автоматик равишда ғолиб бўлган.

    Бекзод Нурматов профессионал фаолиятидаги навбатдаги мусобақада – аралаш курашларнинг ММА йўналиши бўйича Гран-при туркумига кирувчи «Батир баши» IV этно турнири камарини бугун, 8 апрель куни Ўзбекистонга олиб келади.

    » » Ўзбекистон курсанти Бишкекда ММА камарини қўлга киритди