Тарихдан жой олган ҳужумчи

  • 20 апрель 2019, 18:43
  • 932
  • Спорт
  • Тарихдан жой олган ҳужумчи
    Ҳужумчини биринчи навбатда унинг голлари танитади. Аслида ҳужумчи номи остида ўйнайдиган футболчилар жуда кўп. Лекин уларнинг ҳаммасини ҳам ушбу номга муносиб равишда ўйин кўрсатишяпти деб бўлмайди. Агар гол урмаса уни ҳеч ким билмайди ҳам ва танимайди ҳам. Шунинг учун ҳужумчи номига тўла муносиб бўлиш ҳам футболчидан катта меҳнат ва машаққатни талаб этади. Ҳозирги кунда чемпионатимизда тўп сураётган истеъдодли ҳужумчилар йўқ эмас. Лекин охирги пайтларда гол урадиган футболчиларнинг камайиб бораётгани ва бунинг натижасида миллий терма жамоамизга сермаҳсул ҳужумчининг етишмаётганлиги ҳақида кўп гапирилмоқда. Лекин мана шундай пайтда бизда бир учрашувда бештагача гол ура оладиган ҳужумчиларимиз ҳам йўқ эмас.

    33 ёшли Зафар Полвонов
    Қашқадарёлик ҳужумчи Зафар Полвонов бугунги кунда кўпчиликнинг эътиборида бўлиб турибди. Боиси, ОКМК шарафини ҳимоя қилаётган футболчи учун 3-турда “Қўқон-1912”га қарши ўтказилган ўйин бутун умр фаолиятида сақланиб қоладиган бўлди. Ўша баҳсда ОКМК 7:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Полвонов рақиб дарвозасига бир эмас, икки эмас, нақд беш марта гол урди. Бу чиндан ҳам мақтаса арзигулик натижа. Аслида у ўтган йили ОКМКдан кетиши ҳам мумкин эди. Аммо Миржалол Қосимов бош мураббий этиб тайинланганидан кейин ушбу ҳужумчига ишонч билдиришини маълум қилди.

    Ёдингизда бўлса, мавсум тугаганидан сўнг ОКМКни кўплаб ўйинчилар тарк этишди. Янгиланган таркибдан эса ўтган йилги жамоадан кам сонли ўйинчилар қолишган ва улардан бири Полвоновдир. Қосимов Зафарга бежизга ишонч билдирмаётганини футболчи ўз ўйинлари ва голлари билан исботлашга тушди. Осиё Чемпионлар лигасининг иккинчи саралаш босқичи доирасида Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоасига қарши ўйинда ОКМК 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганди. Полвонов эса ўша учрашувда гол уриб, янги мавсумдаги голлари ҳисобини очганди. Энди бўлса Суперлигада ўз сўзини айтишни бошлади. 1985 йилда таваллуд топган ҳужумчи бунгача ҳам Олмалиқ жамоасида тўп сурган. У пайтда жамоани Игорь Шквирин бошқарарди ва унинг ҳам асосий ҳужумчиларидан бирига айланганди.

    Шунингдек, унинг “Шўртан”даги фаолияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, шу кунга қадар ҳужумчи ушбу клуб учун кўп иш қилган. Эътиборлиси, Зафар Полвонов олий лигадаги илк хет-тригини айнан “Шўртан” сафида ўйнаб юрганида амалга оширганди. Яъни, 2016 йилги мавсумнинг 13-турида “Шўртан” ўз майдонида “Пахтакор”ни қабул қилиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Учрашувда эса Полвонов рақиб дарвозасига уч марта гол уриб жамоасининг ғалабасини таъминлаганди. Футболчилик фаолиятини 2005 йилда бошлаган ҳужумчи ўзининг илк хет-тригини қайд этганди. Лекин унга қадар Полвонов 9 марта дублга эришганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Мана, бу сафар у янада юқори натижа қайд этиб, пента-трикка ҳам эришди.

    Яна кимлар пента-трикка эришган?
    Зафар Полвоновнинг бир ўйинда бешта гол урганидан кейин у ҳам тарихдан жой олди. Шундан сўнг яна бир қатор тарихга назар ташлашга ҳам қарор қилдик. Бунгача яна қайси футболчилар пента-трикка эришган? Ҳаммаси Фурқат Эсонбоевдан бошланган. 1992 йили Андижоннинг “Наврўз” жамоасида тўп сурган собиқ футболчи бир ўйинда бешта гол муаллифига айланганди. Шундан бери турли йиллар давомида яна бир қатор ҳужумчилар пента-трикка эришишди.

    1992 йил Фурқат Эсонбоев (“Наврўз”)
    1996 йил Дилшод Ўрмонов (“Трактор”)
    1997 йил Жаъфар Ирисметов (“Дўстлик”)
    1997 йил Олег Шацких (“Навбаҳор”)
    2001 йил Неъматилло Қуттибоев (“Пахтакор”)
    2002 йил Алишер Ҳолиқов (“Зарафшон”)
    2006 йил Носир Отақўзиев (“Нефтчи”)
    2006 йил Ҳамдам Раҳмонов (“Динамо”)
    2006 йил Ориф Мирзоев (“Навбаҳор”)
    2019 йил Зафар Полвонов (ОКМК)

    Кўриб турганингиздек, пента-трик қайд этган футболчилар орасида Зафар Полвонов ўнинчи бўлиб бу натижага эришди. Бунгача охирги марта 2006 йилги мавсумда бира тўла уч нафар ҳужумчи шундай кўрсаткичга эришган бўлса, орадан 13 йил ўтибгина яна бир бор бу натижа такрорланди. Лекин яна бир футболчи борки, ҳалигача унинг кўрсатган натижасини ҳеч бир ўйинчи такрорлай олгани йўқ. 2000 йилги мавсумда Қўқонда “Темирйўлчи” (ҳозирги “Қўқон-1912”) жамоаси “Бухоро” билан баҳс олиб борганди ва ўша учрашувда меҳмонлар 1:6 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Эътиборлиси, “Бухоро” ҳужумчиси Улуғбек Бақоенинг бир ўзи ҳаммасини узил-кесил ҳал қилиб, барча голларга ўзи муаллифлик қилганди.

    Зафар Полвонов: “Менинг асосий ишим гол уриш”
    Айни пайтда ушбу ҳужумчи Суперлигада 6 та гол билан тўпурар бўлиб келмоқда. “Қўқон-1912” дарвозасига бешта гол урган ҳужумчи 4-турда “Локомотив” дарвозасини ҳам ишғол этди. Бироқ ўша баҳсда унинг жамоаси мағлуб бўлди. Шунга қарамай, Полвонов ажойиб формага кириб олди. Балки бир ўйинда бешта гол ура олган ҳужумчини Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ҳам ўзининг ён дафтарчасига ёзиб қўйган бўлиши ҳам мумкин ва у эндиликда унинг кузатуви остида бўлишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, ҳозиргача 6 та гол уришга эришган ҳужумчининг бир ўзи “Сурхон”, “Динамо”, “Бухоро”, “Навбаҳор”, “Сўғдиёна”, “Андижон” ва “Қўқон-1912” жамоаларидан кўра кўпроқ гол урган. Қолаверса, у ўз голларини Криштиану Роналдунинг услубида нишонлашни ҳам хуш кўради. Бу эса унинг Роналду мухлиси эканлигини ҳам кўрсатиб турибди. Футболчи эса бешта гол ургани ҳақидаги ҳолатга шундай муносабат билдирди.

    - Ҳужумчи бўлганим учун менинг асосий вазифам фақат гол уришдан иборат. Тўғри, ҳар бир ҳужумчи учун бир ўйинда бешта гол уриш бу қойилмақом кўрсатгич ҳисобланади. Қолаверса, бизнинг ўша куни фақат ғалаба қониқтирарди. Натижада биз қаттиқ тайёргарлик кўргандик. Муҳими, меҳнат қилишдан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Бунинг устига миллий терма жамоада ҳам тўп суриш ниятим бор ва бу орзуимга эришиш учун охиригача ҳаракат қиламан, - дейди Полвонов.
    Шуҳратбек Жўраев

    Манба: Sports.uz

    Фикрлар

    » » Тарихдан жой олган ҳужумчи