18:46 / 25.04.2019
2 975

Осиё чемпионати. Ўзбекистон вакилларидан 5 нафари финалга чиқди

Осиё чемпионати. Ўзбекистон вакилларидан 5 нафари финалга чиқди
Таиланд пойтахтида ўтаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида эркаклар ўртасидаги ярим финал баҳслари якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу босқичга етиб келган 6 вакилидан 5 нафари финалга чиқди.

Кечки дастур жангларини ўзбекистонлик боксчилардан Шукуржон Раҳимов бошлаб берди. Раҳимов, қолган беш жамоадошидан фарқли равишда, рейтинги ўзидан анчагина баланд бўлган жиддий рақиб – мўғулистонлик Тсендбаатар Ерденебатгага қарши рингга чиқди. Ерденебатга сўнгги Осиё ўйинларида Шунқор Абдурасуловни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган ва вазн тоифасидан қатъи назар ҳаваскор рингда дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири саналади. У Шукуржонни очколар ҳисобида енгиб финалга чиқди, Раҳимов эса бронза медали билан қайтадиган бўлди.

Бу – Ўзбекистон терма жамоасининг иккинчи бронза медали бўлди. Бунга қадар кундузги дастурда -69 кг вазн тоифаси вакиласи Шаҳноза Юнусова хитойлик Хонг Гу билан жангда мағлубиятга учраб, терма жамоага дастлабки медални тақдим этганди.

Шундан сўнг Бобо–Усмон Батуров (-69 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) финал йўлланмаси учун жангларда мос равишда ҳиндистонлик Ашиш ҳамда суриялик Муҳаммад Мулайесдан устун келиб, финал йўлланмасига эга чиқишди.

Бобо–Усмон Батуров / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси


Баҳодир Жалолов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Шу тариқа, эртага, 26 апрель куни эркаклар ўртасидаги финал баҳсларида 10та вазн тоифасидан 5тасида ўзбекистонлик боксчилар рингга кўтариладиган бўлди. Бугун кундузги беллашувларда Нодиржон Мирзаҳмедов (-49 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг) ва Санжар Турсунов (-91 кг) ҳам финал йўлланмасини қўлга киритишганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг қолган вазн тоифаларидаги вакиллари – Ҳасанбой Дўсматов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-64 кг), Исроил Мадримов (-75 кг) ва Дилшод Рўзматов (-81 кг) ўз иштирокларини чорак финалда якунлашган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё чемпионати. Ўзбекистон вакилларидан 5 нафари финалга чиқди