06:00 / 29.04.2019
2 750

Жамолиддин Бобожонов: ОЧЛ финали? Биз аввало гуруҳдан чиқишни эплаб олайлик...

Жамолиддин Бобожонов: ОЧЛ финали? Биз аввало гуруҳдан чиқишни эплаб олайлик...
Бир неча кун олдин Осиё чемпионлар лигасида 4-тур ўйинлари ўтказилди. Унда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Локомотив” ва “Пахтакор” ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишмади. “Темирйўлчилар” Тошкентда ишлари юришмаётган “Ал Иттиҳод” билан зўрға дуранг ўйнашди. “Шерлар” эса Хави бошчилигидаги “Ал Садд”га имкониятни бой беришди. Тўғри, “Пахтакор” ҳимоячининг қўпол хатоси қурбони бўлди дейишингиз мумкин. Лекин шундай хатолардан жабр чекмаслик учун учрашув давомида вазиятлардан фойдаланиш керак эмасми? Хуллас, саволларимиз кўп. Доимгидек 3,4-турдан сўнг халқаро майдондаги баҳсларда ҳавотирларимиз бошланади. Ҳар баҳор шу бўлар такрор деганларидек, клубларимиз бу мавсум ҳам натижалари орқали мухлислар, журналистлар ва умуман футбол жамоатчилигида қўрқувлар уйғота бошлашди.

Шу боис биз бир қатор шарҳловчилар ва футбол экспертларига нега клубларимиз ОЧЛда финалга чиқа олмаяпди, бу йилги имкониятларимиз қандай? деган саволлар билан мурожаат қилдик. “Спорт” телеканали ходими, эксперт Жамолиддин Бобожонов бунга қуйидагича фикрлар билдирди.

Хайрулла Ҳамидов бир хил даражадаги чемпионатимиз ва терма жамоамиз, армон бўлаётган ОЧЛ финали, нега шундайлиги ва бу йилги имкониятларимиз ҳақида гапирди.
- Ўзбек клублари ҳали бери финалга чиқмаса керак. Менимча, бу жуда қийин. Аввало, биз гуруҳдан чиқишни эплашимиз керак. Нимага бунақа натижалар кўрсатмоқдамиз? “Бунёдкор” ва “Пахтакор” ярим финалга борган пайтлари клубларимизнинг даражаси ҳозиргидан кучлироқ, рақибларнинг маҳорати эса айни пайтдагидан пастроқ эди деб ўйлайман. Масалан, ОЧЛ бошланган йиллари “Пахтакор” Агамурадов бошчилигида ушбу мусобақада иштирок этган. Ўшанда легионерларимиз кам эди. Ўзбекистоннинг энг яхши ўйинчилари бир клубда жамланганди. Яъни “Пахтакор”да. “Пахтакор” ва миллий терма деярли битта жамоа эди. Айрим чизиқлар хорижлик футболчилар билан кучайтирилган. Натижалар шунга яраша бўлган. Ўша кезлари гуруҳдан чиқиш муаммо эмасди. Кейинчалик ҳудди шу нарса “Бунёдкор”да ҳам кузатилди. Чет элга кетган футболчиларимиз кам эди. Улар ҳозиргига нисбатан яхшироқ натижа кўрасатишарди.

Аввалги натижаларимиз Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Тимур Кападзе кабилар ҳисобига яхши бўлган. Айтайлик “Пахтакор” Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Отабек Шкуров, Икром Алибоевни олиб келса, бошқача бўлади. Айни пайтда энг яхши футболчиларимиз хорижда тўп тепишмоқда. Улар даражасидаги ўйинларини клубларимизга олиб келолмаяпмиз ва ўзимиздаги ўйинчиларни улар даражасига чиқара олмаяпмиз. Шунинг учун натижа таркибга мос бўлмоқда.

Етакчи клубларимиз миллий терма жамоа билан бойитилмаган. Энди бу йилдан “Пахтакор” бошлади. Зўрларни ўзимизда олиб қолишга ҳаракат қиляпди, миллий терма жамоа аъзолари билан шартномалар тузмоқда. “Шерлар”нинг ўйини кескин ўсди. Агар гуруҳдан чиқишса, плей-оффларда ҳам яхшироқ натижа кўрсатишига умид қиламиз. Лекин ҳозирги таркиби яхши натижа кўрсатишга етарли эмас. “Локомотив” ОЧЛни ютиш учун ҳеч қанақасига номзод ҳисобланмайди. Шота арвеладзе шогирдларини номзодлар қаторига қўшсак, гуруҳ босқичиши амаллашса, плей-оффда нимадир қилса, ёзги трансферлар мавсумида клубни кескин даражада кучайтириш керак. Ҳамма чизиққа ҳақиқатдан ҳам ОЧЛда ғалаба қозона оладиган футболчиларни жалб қилиш лозим. Шундагина мақсадига эришса бўлади. Ҳозирги ўйини билан “Локо” ҳам, “Пахтакор” ҳам ушбу мусобақада чемпион бўла олмайди!
Бекзод Исаев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жамолиддин Бобожонов: ОЧЛ финали? Биз аввало гуруҳдан чиқишни эплаб олайлик...