date
views 2 726

Европа Лигасида ҳам инглизча финал бўладими?

Европа Лигасида ҳам инглизча финал бўладими?
Пайшанба оқшомида Европа Лигасининг яримфинал жавоб учрашувлари ўтказилади.

Европа Лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйинлари
«Валенсия» – «Арсенал»

9 май. Валенсия. «Месталья». 00.00.
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).
Биринчи ўйин – 1:3.

«Челси» – «Айнтрахт» Ф
9 май. Лондон. «Стэмфорд Бриж». 00.00.
Ҳакам: Хацеган (Руминия).
Биринчи ўйин – 1:1.

Инглизлар масаласи
Афтидан, Англия чемпионатининг охиргидан олдинги тури натижалари барчани қаноатлантиради. «Челси» Чемпионлар йўлланмасига қайтадиган бўлди, энди ҳеч ким италиялик мутахассиснинг Туманли Альбиондаги илк мавсумини муваффақиятсиз деб атай олмайди. Агар кўклар Европа Лигасида ҳам ғалаба қозонишса, мавсумни муваффақиятли деб аташ ҳам мумкин. Барчаси лондонликларнинг ўз қўлида.

Унаи Эмери ҳақида эса ҳозирча бундай деб бўлмайди. Баск мутахассиснинг премьер-лигадаги финиши ҳалокатга айланди - «Арсенал» охирги турларда керакли очколарни қўлга киритиб, кучли тўртликда мустаҳкам ўрин эгаллаши кутилганди, аммо жамоа сўнгги 4 учрашувдан 3 тасида мағлуб бўлиб, биттасида дуранг ўйнади. Якшанба куни «Брайтон»ни ўз уйида енга олмаган «канонирлар» амалда АПЛ орқали ЕЧЛга тўғридан-тўғри йўлланма олиш имкониятини йўққа чиқарди.

Оптимистлар барибир бу вазиятдан плюс топа олишлари мумкин, ахир Эмери ва Европа Лигаси ғолиблиги бир-бирига синоним-ку? Унаи бу турнирда ўзини сувдаги балиқдек эркин ҳис қилади, у бу турнирда «Севилья» билан уч мавсум иштирок этиб, барча мавсумларда ғалаба қозонганди. Агар у бу ишни «Арсенал» билан ҳам уддалай олса, «Эмери лигаси» атамаси ҳақидаги гаплар янги тўлқин билан урфга киради.

«Валенсия» ўзига ишонмоқда. «Айнтрахт»нинг йўли тугадими?
Статистикага қарайдиган бўлсак, яримфиналдаги тўртликдан финалга чиқиш учун энг юқори имконият «Арсенал»да - 77 фоиз. Агар ўтган ҳафтада Лондонда «Валенсия»га қарши кечган ўйиннинг охирги дақиқаларида Обамеянг жамоасининг учинчи голини урмаганида имкониятлар анча пастроқ бўлган бўларди. «90-дақиқада имкониятларимиз яхши эди. 90+1-дақиқада эса ёмонлашди», деди ўйиндан кейин «кўршапалаклар» жамоаси устози Марселино. Шу билан биргаликда у 2та тўп фарқини йўққа чиқариш мумкинлигини қўшимча қилди.

«Валенсия»нинг сафардаги голи ҳал қилувчи гол бўлиб чиқиши мумкин. Қолаверса, жавоб ўйинига испанлар сафига «канонирлар»нинг собиқ футболчиси Коклен қайтади. Лекин барибир инглизлар ушбу жуфтликда фаворит бўлиб қолаверади. Чоракфиналда ҳам «Арсенал» ўз уйидаги биринчи ўйинда «Наполи»ни 2та тўп фарқи билан енгган, сафарда ҳам 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, жиддий рақиб тўсиғидан ўтганди. Қолаверса, Эмери испан клубларини итальян клубларидан кўра яхшироқ билади. «Валенсия» унинг собиқ жамоаларидан бири ҳисобланади. У бу жамоа билан бир марта Европа Лигаси ярифиналига чиққан.

Испанияликларда умид бор бўлса, «Айнтрахт»га деярли ҳеч ким ишонмаяпти. «Бургутлар» икки фронтдаги курашда толиқиб қолишди - жамоанинг асосий ҳужумчилари Аллер ва Ребич сафдан чиқди. Немислар клуби бош мураббийи Ади Ҳютер бир ҳафта олдин берган интервьюсида мақсадга етай деганда ундан айрилиш аламли бўлишини айтиб ўтганди. У Франкфурт жамоасини 40 йил ичида илк марта еврокубоклар яримфиналига олиб чиқди, лекин жамоа мавсум охирига келиб қийналиб қолди.

Ички чемпионатда кучли тўртликка кириб, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун курашаётган франкфуртликлар сўнгги турда асосий рақобатчиси «Байер»га йирик ҳисобда мағлуб бўлди (1:6). «Стемфорд Бриж»даги ўйинга Ребич сафга қайтиши ҳам жамоани қутқара олмаслиги мумкин. Лекин «Айнтрахт» бу мавсумда ўзини яхши намойиш этди - айниқса Лучано Спаллеттининг «Интер»ини биринчи ўйиндаги голсиз дурангдан кейин Италияда таслим этишди.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Европа Лигасида ҳам инглизча финал бўладими?