Мессидан навбатдаги рекорд: «Олтин бутса» пойгаси амалда тугади

  • 25 май 2019, 10:43
  • 803
  • Спорт
  • Мессидан навбатдаги рекорд: «Олтин бутса» пойгаси амалда тугади
    Барселона» етакчиси Лионель Месси кетма-кет учинчи мавсумда «Олтин бутса» соврини соҳибига айланиши деярли маълум бўлиб улгурди.

    Леонинг мазкур мукофот учун рақобатдаги энг яқин таъқибчиси Килиан Мбаппе жума куни Франция чемпионатининг сўнгги тур ўйинида битта гол билан кифояланди. Унинг 59-дақиқадаги голи жамоаси учун ягона бўлиб қолди – «ПСЖ» «Реймс» майдонида 1:3 ҳисобида енгилди.

    Қайд этиш керак, Мбаппе Франция кубоги финалидаги интизомсизлиги учун учта ўйинга четлатилган, шу боис биринчи дивизионнинг бундан олдинги учта ўйинида қатнаша олмаган эди.

    Килиан 29 ўйинда урган 33та голи билан Франция чемпионати тўпурари бўлди, Месси эса аввалроқ Ла Лигани 34та учрашувдаги 36та гол билан якунлаган эди.

    Кучли бешликда ҳали якунланмаган фақат Италия чемпионати қолди. А Серия тўпурари бўлиб турган Фабио Квальярелла 36 ўйинда 26та тўп киритган. «Сампдория» ҳужумчиси Мессини ортда қолдириш учун эртага, якшанба куни чемпион «Ювентус» дарвозасига 11та тўп киритиши талаб этилади.

    Таъкидлаш мумкинки, Лионель Месси қаторасига учинчи мавсумда «Олтин бутса»ни ютган тарихдаги илк футболчига айланмоқда. Бу унинг олтинчи «Soulier d'Or»и бўлади.

    Фикрлар

    » » Мессидан навбатдаги рекорд: «Олтин бутса» пойгаси амалда тугади