14:08 / 25.05.2019
2 111

Месси: «ЕЧЛда ғолиб чиқамиз, деб ваъда бермагандим»

Месси: «ЕЧЛда ғолиб чиқамиз, деб ваъда бермагандим»
«Барселона» бугун «Валенсия»га қарши кечадиган Испания кубоги финали билан мавсумни якунлайди. Мазкур ўйин олдидан жамоа етакчиси Лионель Месси тўрт йил ичида илк маротаба матбуот анжуманида қатнашди.

BBC`нинг хабар беришича, Лео ЕЧЛ ярим финалида «Ливерпуль»дан қабул қилинган оғир мағлубиятни ҳамон унута олмагани ва бунинг аламини юмшатиш учун ҳам Испания кубоги финалида ғолиб чиқмоқчи эканини айтган. У «Энфилд»даги омадсизликни фаолиятидаги энг ёмон дамлардан бири сифатида қайд этган.

«Ўша ўйиннинг иккинчи бўлими учун мухлисларимиздан узр сўрашимиз керак. Натижа учун эмас, балки кўрсатган ўйинимиз учун, курашмаганимиз учун кечирим сўрашимиз жоиз», – деб айтган у.

Месси ушбу мағлубият учун бош мураббий Эрнесто Вальверде айбдор эмаслигини таъкидлаш баробарида унинг ўз лавозимида қолишини исташини маълум қилган.

«Вальверде фаолиятини давом эттиришини хоҳлайман. Ўтган мавсумда иккита соврин ютгандик, бу мавсум ҳам шундай қила оламиз», – деган аргентиналик ҳужумчи.

Лео «Сиз ўзингиз-чи, «Барселона»дан кетиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?» деган саволга: «Йўқ, йўқ, йўқ», – дея жавоб берган:

«Миллий жамоамда ҳам муаммоларга дуч келардим, лекин шунга қарамай ҳамон Аргентина билан ҳам соврин ютиш истагидаман. Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганимиз «Барселона»да бўлиш хоҳишимни йўқота олмайди».

«Мен Чемпионлар лигасида ғалаба қозонимиз, деб ваъда бермагандим. Мен фақат ғалаба учун бор имкониятимизни ишга солишни ваъда қилганман», – дея қўшимча қилган у.

10-рақам эгаси қаторасига 3-марта, жами 6-марта «Олтин бутса» совринини қўлга киритиш арафасида турганига қандай муносабатда эканини ҳам билдириб ўтган.

«Бу ҳақда ўйлаётганим йўқ, чунки Ливерпулдаги ўйиндан кейин ҳамон кўнглимиз ёришмаяпти. Бу биз учун катта зарба бўлди. Бундай ҳолатда шахсий совринлар кўнглимга сиғмайди. Мен, шунчаки, финалда ғалаба қозониб, мавсумни яна битта кубок билан тугатишни истаяпман.

«Ливерпуль» билан баҳсни ҳисобга олмаганда, мавсум жуда зўр ўтди. Биргина ўша учрашув ажойиб мавсумимизга доғ бўлиб тушди».

«Барса» сардори «Атлетико» ҳужумчиси Антуан Гризманн жамоага қўшилиши ҳақидаги саволга жавобни қисқа қилган:
«Гризманн? У ҳақида ўйламаяпман».

Испания кубоги финалининг «Барселона»–«Валенсия» учрашуви бугун Севильядаги «Бенито Вилламарин» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан якшанбага ўтар кечаси соат 00:00да бошланади.

Маълумот учун, каталонияликлар клубининг асосий дарвозабони Марк-Андре тер Стеген тиззасидаги жароҳат сабаб бу баҳсда жамоасига ёрдам бера олмайди. Шунингдек, жамоа ҳужумчиси Филиппе Коутиньо жароҳатидан соғайиб, сафга қайтган, аммо унинг асосий таркибда тушиши сўроқ остида.

«Валенсия» аъзоларидан эса Денис Черишевда шикастланиш бор. Шунга қарамай, вингер жамоа билан Севильяга келган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Месси: «ЕЧЛда ғолиб чиқамиз, деб ваъда бермагандим»