22:03 / 26.05.2019
2 492

Рўзиқул Бердиев: "Иккинчи даврада тажрибали футболчиларни таклиф этсак, вазият ўзгариши мумкин"

Рўзиқул Бердиев: "Иккинчи даврада тажрибали футболчиларни таклиф этсак, вазият ўзгариши мумкин"
Суперлига 10-туридан ўрин олган "Насаф" ҳамда "Локомотив" жамоалари ўртасидаги ўйиндан (0:1) сўнг қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.

Бугун тажриба ғалаба қозонди. Рақиб катта тажрибага эга бўлган жиддий рақиб эди. Шунга қарамай йигитларим бироз ҳаяжонланган бўлишсада, курашишди. Гол учун вазиятлар яратдик, аммо улардан унумли фойдалана билганимизда, натижа биз учун яхши якун топиши мумкин эди. Рашидхонов бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, уни голга айлантира олмади. Футболдаги ёзилмаган қонун бугун ўз натижасини кўрсатди. Йигитларимга ўйин учун, мухлисларга эса ишонч учун миннатдорчилик билдираман.

- "Насаф" учинчи ўрин учун кураша оладими?

- Йўқ, бунга реал кўз билан қараш керак. Йил аввалида бутун таркибни йўқотдик. Янги футболчилар келиб қўшилди. Бир йилда тузилган таркиб билан совринли ўринлар учун курашиш қийин. Асосий мақсадимиз ёшларни тажрибасини ошириб, ҳар бир ўйинда максимал ҳаракат қилиш. Ўринлар учун курашда бизга жуда қийин бўлади. Балки агар жамоамизга иккинчи даврада тажрибали футболчиларни ёки легионерларни таклиф этсак, вазият ўзгариши мумкин.

- "Насаф" балки Лига кубогида ўз имкониятларидан фойдалана олар?

- Аслида, бу мусобақа жамоага нима беради билмайман. Жамоамизда ёш, асосий таркибда кам вақт ўтказаётган футболчилар бор. Шу йигитларни айнан мазкур турнирда синовдан ўтказамиз. Иккинчи таркиб демаган бўлар эдим, аммо олимпия терма жамоасига саккизта футболчимз йўл олади ва таркибимизда йўқотишлар бўлиши аниқ.

- Ислом Кенжабоевнинг майдонга тушмаётгани сабаби нимада?

- Кенжабоев машғулотлар вақтида жароҳат олган эди ва шу жароҳатини даволатиш билан банд. Бугунги учрашувда у ҳам етишмади. Бизга тезкор ҳаракат қиладиган футболчилар керак эди. Лекин бу баҳона эмас, тезроқ сафга қайтса, жамоамизга ёрдам беради.

- Узоқ масофадан зарбалар йўллаш?

- "Қизилқум" билан ўйинда ҳам кам зарба йўллаган эдик. Буни кўрсатмалар орқали йигитларга уқтирмоқдамиз-ку, бироқ ўйин вақтида бу жабҳага камроқ эътибор қаратишмоқда. Қолаверса, рақиб ҳам бунга имкон бермаяпти. "Локомотив" тўп бизда бўлган вақтда кўпчилик бўлиб, ҳимояга қайтиб ўйнашди ва бизга кам имконият қолдиришди. Лекин яратилган вазиятларнинг ўзидан ҳам фойдалана олмадик.

Бу ҳаяжон, шошқалоқлик билан ҳам боғлиқ. Бу нарса айниқса, биринчи таймда яққол кўринди. Ваҳоланки, уларга шошилмаслик кераклигини, тўпни камроқ йўқотишни уқтирган эдик. Чунки "Локо" сафида маҳоратли футболчилар жам бўлган ва уларни тўпсиз қолдириш керак эди. Буни қисман бажардик. Иккинчи бўлимда вазият бироз ўзгарди. Катта жамоаларга қарши ўйинда имкониятдан фойдалана олмаса, сизнинг дарвозангизга тўп киритишади ва бу нарса бугун яна бир бор ўз исботини топди.

Шаҳзод Холбоев ёзиб олди

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Иккинчи даврада тажрибали футболчиларни таклиф этсак, вазият ўзгариши мумкин"