Ёзнинг биринчи ҳафтасида Португалия, Нидерландия, Англия ва Швейцария Миллатлар лигасининг 2018/2019 йилги мавсуми ғолибини аниқлашади.
Турнирнинг финали қаерда бўлиб ўтади?
Ўйинлар Португалиянинг икки шаҳрида бўлиб ўтади: Порту ва Гимарайнш.
Португалия – Швейцария жуфтлигидан иборат биринчи яримфинал 5 июнь куни Портудаги «Драгау» стадионида бошланади (Тошкент вақти билан 23:45). Нидерландия – Англия учрашуви 6 июнь куни Гимарайншдаги «Афонсу Энрикеш» стадионида бўлиб ўтади (Тошкент вақти билан соат 23.45).
Қизиқ томони, 1 июнь куни ҳолатига кўра ҳам Португалия терма жамоаси иштирокидаги ўйин учун чипталар ҳали тўлиқ сотиб бўлинмаган ва уларни 50 фоизлик скидка эвазига ҳам қўлга киритиш мумкин эди.
Учинчи ўрин учун баҳс ва финал 9 июнь кунига белгиланган. Биринчиси – Гимарайншда (Тошкент вақти билан соат 18.00), иккинчиси – Портуда (Тошкент вақти билан соат 23.45).
Терма жамоалар нима учун курашади?
Миллатлар Лигасидаги ғолиблик айтарли даражада жозибадорликка эга эмас. Аммо бу турнир тарихидаги илк чемпион сифатида тарихга кириш имкониятидир. Шу билан биргаликда, ярим финал иштирокчилари бўлган Португалия, Швейцария, Нидерландия ва Англия Евро-2020 турнирига гуруҳ босқичи орқали йўл ололмаса, саралаш босқичи плей-оффида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Миллатлар лигаси тўртлиги қанча маблағ ишлаб олади?
Ғолиб – 6 миллион евро
2-ўрин – 4,5 миллион евро
3-ўрин – 3,5 миллион евро
4-ўрин – 2,5 миллион евро
Иштирок учун – 4,5 миллион евро
Яъни, Миллатлар лигаси ғолиби 10,5 миллион еврога эга бўлади.
Терма жамоалар
Португалия. Бош мураббий Фернанду Сантуш Россиядаги жаҳон чемпионатидан кейин таркибни янгилади. Масалан, Миллатлар лигасида 19 ёшли Жоау Феликс ўйнади, унга айни вақтда Европа грандлари 100 миллион евродан ортиқ пул тўлашга тайёр. Янги таркибда маҳаллийлаштирилган бразилиялик, 29 ёшли Диегу Соуза ҳам бор.
Бортдан ташқарида қолганлар ҳақида гап кетса, биринчи навбатда ёш ҳужумчи Андре Силвани тилга олиш мумкин. Сўнгги вақтларда 23 ёшли футболчи Португалия термасида Криштиану Роналдунинг асосий шериги бўлиб келаётганди. Аммо Силва жароҳат туфайли турнирда иштирок эта олмади. Шу билан биргаликда, «Севилья» бош мураббийи Хоакин Капаррос (трансфер ҳуқуқи «Милан»га тегишли бўлган Силва 2018-19 йилги мавсумни ижара асосида «Севилья»да ўтказди) эса футболчини ўзини жароҳат олган қилиб кўрсатишда айблади. Сантуш эса форвардни терма жамоа шифокорлари тиббий кўрикдан ўтказгани ва у керакли муддатда сафга қайта олмаслигини билдирганди.
Жамоада Жоау Мариу ҳам йўқ. Сабаби маълум: «Интер»да ўйин амалиёти бўлмагани ва Португалия терма жамоаси яримҳимоясидаги юқори рақобат.
Қизиқ томони, турнир мезбонлари таркибида мамлакат чемпиони «Бенфика»дан 4 нафар ва Англия чемпионатида шов-шув кўтарган «Вулверҳемптон»дан 4 нафар футболчи бор.
Таркиб бўйича икки савол бор: Ҳужум чизиғида Роналду билан ким ўйнайди? Евромавсумда энг кўп гол урган яримҳимоячи Бруну Фернандеш (у «Спортинг» таркибида мавсум давомида жами 32 гол урди) бу жамоада қандай ўринга эга бўлади?
Биринчи саволга жавоб ўйин учун танланадиган схемага боғлиқ. 4-4-2 схемасида Жоау Феликс, 4-3-3 схемасида эса Гонсалу Гедеш ва Бернарду Силва Роналдуга шерик бўлиши мумкин. Фернандеш эса жамоа майдонга 4-3-3 схемасида тушиб, 4-2-3-1 схемасида ҳаракатланишга ўтса фойдали бўлиши мумкин. Бу ҳолатда Карвалью ва Моутинью таянч зонасида, Фернандеш эса ҳужумга яқинроқ ўйнайди. Лекин Фернанду Сантушдан ҳар қандай сюрприз кутиш мумкин.
Швейцария. Финал босқичига йўл олиш арафасида швейцарлар терма жамоаси бош мураббийи Владимир Петкович унинг жамоаси Португалияга қарши ўйинда фаворит экани ҳақида гапирди.
«Биз фаворитмиз. Бизда талантли футболчилар етарлича. Шундай экан биз кенг фикрлашимиз керак. Бу турнир катта терма жамоалар билан ўйнашга имконият яратмоқда. Авваллари бу осон иш эмасди», деди Петкович матбуот анжуманида.
Терма жамоасига охирги бўлиб шу кунларда «Ливерпуль» билан ЕЧЛда ғолиб бўлган Шердан Шақири келиб қўшилди. Лекин терма жамоа сардори Штефан Лихтштайнер заявкага киритилмади. Ушбу ҳимоячи айни вақтда Швейцария терма жамоасида ўтказилган ўйинлар сони бўйича учинчи ўринда - 105 ўйин. Петковичнинг изоҳ беришича, Лихтштайнер жароҳат туфайли гуруҳ босқичи ўйинларида иштирок эта олмаганди ва энди жамоа ўзгартиришлар қилмасдан турнирни якунлаб қўяди.
Бу терма жамоанинг асосий юлдузи сифатида ҳужумчи Харис Сеферовични айтиш мумкин. «Бенфика» аъзоси бўлган бу футболчи Португалия футболи билан яхши таниш. Бир йил муқаддам у на клубида ва на терма жамоада гол ура олмасдан, ҳамма жойда ҳуштакбозликлар остида қоларди. Кейин эса унда қаердандир куч пайдо бўлди ва «Бенфика» сафида бир мавсумда 27 гол урди, Миллатлар лигасидаги 5 учрашувда рақиблар дарвозасини 4 бор ишғол этди.
Нидерландия. Бир йилча олдин нидерландлар бош мураббийи Роналд Куман инқилобини бошлаганди ва энди у ўзи қурган жамоа билан соврин ютишга ҳаракат қилиб кўради.
Нидерландлар ЖЧ-2018 саралашидаги омадсизликдан кейин бутунлай ўзгаришди. Дик Адвокатдан кейин терма жамоани қабул қилиб олган Куман жамоани аввалги даражасига қайтара олди.
Эътиборли жиҳати, Куманнинг дебюти ҳозирда Миллатлар лигаси яримфиналидаги рақиб бўлмиш Англия бўлганди. Ўшанда ҳолландлар 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишганди. Лекин сўнгги бир йил ичида терма жамоа фақат икки бор ютқазди. Ёшарган Нидерландия Миллатлар лигасидаги «ўлим гуруҳи»да барчани ҳайратга солган ҳолда Франция ва Германияни ортда қолдирди. Куманнинг сири нимада?
Асосийси, у таркибни янгилади ва бошқа футболчиларга ишонч билдирди. У «Аякс»дан де Лигт ва де Йонгни, «ПСВ»дан Дюмфрис ва Бергвейнни таркибга жалб қилди. «Ливерпуль»даги ван Дейк ва Вейналдум, «Аталанта»даги де Рон ҳамда «Лион»даги Депай эса жамоанинг етакчиларига айлантирилди. Натижалар кўп куттирмади.
Англия. Терма жамоа бир неча йилдан буён барқарор ўйнаб келмоқда. Гарет Саутгейт жамоаси ЖЧ-2018 турнирини жуда кучли ўтказди, инглизлар финалга чиқишига бир бахя қолди. Саутгейтнинг сири нимада? Бу ерда ҳолландларда бўлганидан фарқли равишда барчаси мураббий қарорлари билан боғлиқ эмас. Англияда ёш футболчиларни тайёрлаш тизими ўзгарди. Асосий эътибор сифатли футболчилар билан биргаликда сифатли мураббийлар тайёрлашга ҳам қаратилди.
Энди терма жамоага жуда кўп футболчилар даъвогарлик қила бошлади ва Саутгейт бу мавсумда «Тоттенҳэм» билан ЕЧЛ финалига чиққан Киран Триппьер ҳамда Ҳарри Уинксга терма жамоадан жой топиб бера олмади.
«Уинкс бизга жуда ёқади. Бу жуда оғир қарор бўлди. У жароҳат туфайли икки ойча вақтни ўтказиб юборди. Мен уни турнир стартига икки кун қолганида машғулот майдонида кўрсам ҳайрон бўлардим. Триппьер масаласига келсак, у жаҳон чемпионатида бизга кўп ёрдам берганди. Аммо Александр-Арнольд ва Уокер мавсумни жуда кучли ўтказишди. Танлов қийин, рақобат катта», дейди Саутгейт муҳим ўйиндан олдин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?