20:20 / 06.06.2019
2 494

Купер: «Ўзбек мухлиси Туркияга ютқазганимиздан хафа бўлса, мен уни хотиржамликка чақираман»

Купер: «Ўзбек мухлиси Туркияга ютқазганимиздан хафа бўлса, мен уни хотиржамликка чақираман»
Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Эктор Купер жума куни Тошкентда КХДРга қарши ўтадиган ўртоқлик учрашуви олдидан матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Унинг сўзларини Tribuna.uz нашри келтириб ўтди.

«Баъзи нарсаларни тушунтириб ўтмоқчиман. Бутун ўзбек халқига мурожаат қилмоқчиман. Биз мураббийлар доим янги жойга ишга келганимизда адаптация жараёнини бошдан кечирамиз. Биламан, бу кўпчиликни қизиқтирмайди. Мослашиш жараёни дастуримиз билан боғлиқ. Дастур – бу лойиҳа. Кўпчилик 2018 йилдан 2022 йилгача муддатга, йилма-йил дастур қилиш керак, деб ҳисоблайди. Лекин бундай бўлмайди. Биз мақсадимиз йўлида интилишни, ҳар қандай жамоа устидан ғалаба қозонишни ўрганишимиз керак. Биз ҳозир бир текисда кетяпмиз.

Бизнинг ишончимиз, дастуримиз асоси фақат натижаларга боғланиб қолмаслиги керак. Агар фақат натижа керак бўлса, у ҳолда биз мураббийлар ФИФА рейтингидан келиб чиқиб осонроқ рақиб танлаймиз. Натижа учун ўйнаганимизда, ФИФА рейтингидаги 70-100-ўринлардаги жамоаларга қарши ўйнаган бўлардик. Шундай қилсак, натижадан ҳамма мамнун бўларди. Биз шундай дастур яратишимиз керакки, ҳар қандай рақибга қарши ўйнашга тайёр бўлишимиз керак.

Масалан, Уругвай билан ўйнадик. ФИФА рейтингидаги 7-жамоа. Натижага қарайдиган бўлсак, ютқаздик – бўлди, ёмон. Лекин ундай эмас. Ўсишни истасак, биз ўзимиздан юқори даражадаги жамоалар билан ўйнашимиз керак. Шунда хатоларимиз кўринади.

Буни айтишимдан мақсад, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин тушунадиган одамлар бор. Баъзида федерацияга, баъзида ўзимга таклиф билдиришади. Аргентина билан ҳам ўйнашимиз мумкин. Нега энди ўйнамаслигимиз керак экан? Дидье Дешам билан ҳам жуда яхши танишман. У менга айтганди, ўртоқлик ўйини ўйнашимиз мумкин. Дунёнинг биринчи рақамли жамоаси билан ўйнашимиз мумкин эди. Ютишимиз ҳам мумкин ҳатто. Буни айтишдан мақсад, лойиҳа ҳақида гапирганда балансга амал қилиш керак.

Туркия билан ўйнадик, тўғрими, ютқаздик? Бундан кўпчилик норози. Ҳамманинг фикри бор, лекин футболни тушунадиган ва тушунмайдиган одамлар бор. Оддий мухлис фақат ғалаба қозонишни истайди. Туркиянинг 80 фоиз ўйинчиси Европада ўйнайди, лекин бу мухлисларни қизиқтирмайди.

Баъзида рақибга паст, баъзида юқори баҳо бериб юборамиз. Лекин бу – ўртоқлик ўйини. Қатарни 2:0 ҳисобида ютганимизда ҳеч ким кўчага чиқиб байрам қилмаганди. Ваҳоланки кейинроқ Қатар Осиё чемпиони бўлди.

Биз кучли жамоаларни ютамиз, деб айтмаймиз. Лекин бизда структура бўлиши керак.

Оддий мухлисларда шубҳа бўлиши мумкин, лекин футболчилар бу ерда ўзларини жуда яхши ҳис этишяпти. Федерация ҳам ишоняпти. Баъзида нимадир ўхшамаслиги мумкин. Биз шундай йўл тутишимиз керакки, ҳаммага ёқишимиз керак.

Ўзбек мухлиси Туркияга ютқазганимиздан хафа бўлса, мен уни хотиржамликка чақираман. Биз ўзимиздан анча юқори бўлган жамоа билан ўйнадик. Олдинги жамоаларга қарайдиган бўлсак, Япония кеча Тринидад ва Тобагони юта олмади. Ўз майдонида. Тринидад ва Тобаго ФИФА рейтингида нечанчи ўринда? Биз учун асосийси – ҳар қандай вазиятга тайёр бўлишимиз керак.

Мағлубиятдан кейин жамоанинг кайфияти йўқ, деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин. Лекин ундай эмас. Жамоада кайфият аъло. Биз ўз йўлимизни танладик. Бу йўл кимгадир ёқмаслиги мумкин. Бу кимгадир ёқмаса, мен бунга вақт сарфлаб ўтирмайман. Жамоа ҳозир яхши ҳолатда.

Мухлислар кайфияти бўлмаслиги мумкин, чунки Туркияга ютқаздик. Кимдир гап 4:4:2 тактикасида дейиши мумкин. Таркибда янги футболчилар бор, уларни синаб кўряпмиз. Масалан, Қувондиқ Рўзиев ёмон ўйин ўтказди. Лекин бу бўлиши мумкин. Сизлар мураббий сифатида уни кўра олмайсизлар. Ундан нима сўрашни мен биламан.

Мен жамоани жуда яхши кайфиятда кўряпман. Улар хотиржам. Чунки футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз доим ғалаба учун майдонга чиқамиз. Ютқазган ўйинимизда ҳам ютуқларимиз бўлиши мумкин. Сўзларимни сабр билан эшитганингиз учун узр ва катта раҳмат», – деди Купер анжуманнинг кириш қисмида.

– Жамоага келганингизда: «Бир ойдан кейин жамоанинг янги қиёфасини кўрасизлар» деб айтгандингиз.
– Билмайман, балки айтгандирман. Тажрибамдан келиб чиқиб жавоб бераман. Биласиз, Мисрда ишлаганман. Қанча вақтдан кейин кучли жамоа билан ўйин ўтказганмиз, биласизми? 1 йил-у 4 ойдан кейин. Колумбия билан ўйнадик ўшанда. 0:0 ўйнагандик. Бир ой ҳеч нарса эмас. Бир ой ичида, тўғри, шакллантиришга ҳаракат қилишимиз мумкин, лекин мен бир ой деганимни бошқача тушунган бўлишингиз мумкин. Ўйин картинаси яхшиланишини, масалан.

Ўтган ўйинда ҳимояда 2-3та хато қилдик. Стандартдан кейин иккита гол уришди. Кичкинагина хатони кучли жамоалар кечирмайди. Уругвай ҳам бурчак тўпидан кейин гол урди. Жанубий Корея бурчак зарбасидан иккита гол урди. Бу – менинг хатом. Тан оламан.

– Жамоанинг айрим футболчилари ўз савиясидан пастроқ ўйнаяпти. Масалан, Жавоҳир Сиддиқов.
– Хўп, Осиё кубогига қайтамиз. Ўйинчиларнинг ўйини баъзида ўхшамаслиги мумкин. Бунга менинг тактикам сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Жавоҳирга мен ўйинда тўла эркинлик бераман. Ўйинида баъзан кўтарилиш, баъзан ўсиш бўлиб туради. Тактика эса жуда кенг қамровли тушунча.

– Туркия билан ўйиндан қониққанингизни айтдингиз. Айтинг-чи, айнан нимадан қониқдингиз?
– Натижадан қониқмадим, чунки стандартдан иккита гол ўтказиб юбордик. Лекин биринчи навбатда ижобий ўйин кўрсатган футболчиларни кузатдим. Ўйинимизда яхши ўзгаришлар бўлганини кўрдим. Стандартдан иккита гол ўтказдик, демак ҳимояда яхши ўйнадик – ўйин ҳолатидан гол ўтказмадик.

Янги ўйинчиларни синаб кўришда давом этамиз. Уларнинг ўйини ўхшаши ёки ўхшамаслиги мумкин. Бу – менинг танловим, менинг тактикам. Кўп ўйинчиларни фақат эксперимент қилиб кўряпмиз. Туркия билан ўйиндан 1-2та аспектлардан мамнунман, лекин буларни аниқ айтиш ниятим йўқ.

– Ҳимоядаги ўйинимиз муаммоли. Стандарт вазиятлардан гол ўтказиб юборган футболчиларимизда тажриба етарли ва бу ерда хатолар учун жавобгар мураббий эмас. Мураббий уларга қандай таъсир кўрсата олиши мумкин?
– Голларда айб Анзурда эмас. Стандарт вазиятлардан ўтказиб юборилган голлар вазиятида йўл қўйилган хатолар устида ишлаяпмиз. Кеча машғулотларга журналистларни қўймасдан, ёпиқ эшиклар ортида машқ қилдик. Бу фақат муайян футболчиларнинг муаммоси эмас.

– Денисов яна чақирилмади. Кримец билан тандемда барқарор ўйнаётган Аъзамов йўқ. Ашурматов ҳам. Уларни чақирмаслигингиз тактика билан боғлиқми?
– Чақирилмай қолган фақат шу учаласи деб ўйлайсизларми? 33 миллион аҳоли ичидан? Мен бундай фикрда эмасман. Биз терма жамоага номзод бўлган барча ўйинчиларни чақиришга ҳаракат қилдик. Ҳатто Германия учинчи дивизионида ўйнаётган футболчимизнинг ўйинларини ҳам кузатдик. Қарорим хато бўлса, айбдор ҳам мен бўламан.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон – КХДР учрашуви 7 июнь куни Тошкентдаги «Миллий» стадионида бўлиб ўтади. Ўйин соат 20:00да бошланиши белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Купер: «Ўзбек мухлиси Туркияга ютқазганимиздан хафа бўлса, мен уни хотиржамликка чақираман»