17:28 / 29.06.2019
2 217

ЎФА қошида учта янги кенгаш ташкил этилади

ЎФА қошида учта янги кенгаш ташкил этилади
ЎФАнинг янги раҳбарияти ўзбек футболи фахрийлари, мураббийлар ва мухлислар кенгашларини тузишга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни ассоциацияда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Tribuna.uz мухбирининг маълум қилишича, анжуманда сўз олган ташкилот вице-президенти Равшан Эрматов мазкур учта кенгашни ташкил этиш заруратига тўхталиб ўтган.

«Тарихсиз келажак йўқ»
«Футболимиз тарихи ва фахрийларига алоҳида эътибор қаратамиз. Халқимизда «Тарихсиз келажак йўқ», деган нақл бор. Футболимиз тарихини ҳурмат қилмасак, келажагини ҳам ҳурмат қилмаган бўламиз.

Шунинг учун ЎФА биносида кичик музей ташкил этдик. Бу бино – ўзбек футболининг уйи. Бу ерга ОФКдан, ФИФАдан ва бошқа ташкилотлардан келган меҳмонларга бизга футбол кеча кириб келмаганини, у ўз тарихига эгалигини кўрсатишда бу музейнинг аҳамияти жуда ҳам катта

Яқин кунларда ўзбек футболи фахрийлар кенгашини қайтадан тиклашни мақсад қилганмиз. Уларнинг маслаҳат ва дуолари бизга ҳали кўп фойда келтиради. Уларга ҳурмат кўрсатмасак, кейинги авлод бизни кечирмайди», – деди Эрматов.

«Стадионларни сунъий тўлдириш йўлидан бормаймиз»
«Ўзбек футболи мухлислари жуда талабчан. Улар футболимизнинг ҳақиқий жонкуярлари ва 12-футболчиси. Аввало шуни айтмоқчиманки, биз стадионларни сунъий равишда тўлдириш йўлидан юрмаймиз. Режаларимиз босқичма-босқич амалга ошиб, футболимиз савияси кўтарилса, уларнинг ўзлари стадионга оқиб келишади.

Йилдан йилга мухлислик маданияти ошиб боряпти, лекин улар орасида мағлубиятдан кейин ҳакамлар, мураббий футболчиларнинг шахсиятига тегадиган гаплар ҳам учраб турибди. Бу мухлислик маданиятига кирмайди. Шу йўналишдаги ишларимизни янада яхшироқ йўлга қўйиш учун мухлислар кенгаши тузишни ният қилганмиз. Суперлига жамоалари ва терма жамоаларимизнинг фан-клублари билан биргаликда ишлаймиз», – дея қайд этди ЎФА вице-президенти.

«Ҳар бир хато футбол ривожини бир неча йилга ортга суриб юбориши мумкин»
«Футболни футбол қиладиганлар – мураббий ва футболчилардир. Эндиликда йўналишни ўзгартириб, биз уларни биринчи ўринга қўямиз ва ассоциация ходимлари уларнинг хизматчисига айланамиз. Мендан бошлаб, ЎФАнинг ҳар бир ходими – футболнинг хизматчиси. Футболни футбол қиладиган одамларни ҳурматини жойига қўйсак, худо хоҳласа, улар ҳам икки баробар куч билан ҳаракат қилишади. Бунга ишонамиз.

Энди мураббий ва футболчиларнинг дардига кўпроқ қулоқ солишга ҳаракат қиламиз. Мураббийлар кенгашини ҳам қайта тиклаймиз.

Олдин мураббийлар кенгаши бўларди. Терма жамоаларга мураббийлар танлаш, мураббий ва футболчилар билан боғлиқ масалалар ўша кенгашда маслаҳат қилинарди. Биз бу кенгашни яқин кунларда қайта тиклаймиз.

Мураббийлар кенгашидан ўзбек футболининг тарихи ва замонавий ўйин услубини яхши тушунадиган тажрибали мураббийлар ўрин олади. Бу ишни йўлга қўймасак, эртага мураббий танлашда ёки бошқа йўналишларда кўплаб хатоларга йўл қўйишимиз мумкин. Бундан буён хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар бир хато футболни бир неча йилга орқага суриб юбориши мумкин. Шунинг учун маслаҳатлашиб, шошмасдан, ўйлаб, кейин бир қарорга келамиз», – дея таъкидлади Равшан Эрматов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЎФА қошида учта янги кенгаш ташкил этилади