Яна бир ўзбекистонлик футболчи Россия чемпионатига кўчиб ўтди. Сезган бўлсангиз, гап Бобур Давлатов ҳақида бормоқда. Ёдингизда бўлса, у ўтган йилги мавсумни Тошкентнинг “Локомотив” клубида бошлаганди. Сўнгра мавсумнинг иккинчи ярмида “Насаф”га кўчиб ўтган ҳолда шу пайтгача фаолиятини қаршиликлар таркибида давом эттириб келаётганди.
Лекин энди унинг фаолиятида яна ўзгариш юз берди. “Нефтехимик” – Давлатовнинг янги жамоасига айланди. Аслини олганда, ҳамюртимиз ушбу жамоа сафида икки йил олдин ҳам тўп сурганди. Лекин ўшанда “Нефтехимик” иккинчи дивизионга тушиб кетганди. Бу йил эса клуб яна Россия миллий футбол лигаси (МФЛ)га қайтди. Футболчи дастлаб ушбу клубга қайтиши қандай юз бергани ҳақида гапирди.
- “Локомотив”га қарши ўйнаганимиздан кейин “Нефтехимик”даги мураббийим мен билан алоқага чиқди. Улар Россия миллий футбол лигасига йўл олишганди. Шу боис мени ўз жамоасига таклиф қилди. Шундан сўнг ўйлаб-ўйлаб у кишига йўқ дея олмадим. Мана, кўриб турганингиздек, энди “Нефтехимик”даман.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Бобур Давлатов “Насаф”нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланиб олганди. Қолаверса, бош мураббий Рўзиқул Бердиев унга катта ишонч билдираётганди ҳам. Яъни, Бердиевнинг режаларидан ушбу ўйинчи мунтазам равишда жой олиб келаётганди. Хўш, мураббий Бобурнинг кетишига қандай муносабат билдирди? Бу ҳақида “Нефтехимик”нинг янги аъзоси шундай деди:
- Авваламбор Рўзиқул Бердиевга раҳмат айтмоқчиман. Мени тўғри тушунди ва Россияга кетишимга тўсқинлик қилмади. Албатта, бошида Рўзиқул ака ҳам қанақасига кетишинг мумкин деб ҳайрон бўлди. Лекин охирида мени тушуниб, кетишимга рози бўлди. Шунинг учун Рўзиқул Саъдуллаевичга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Аслида “Насаф”ни тарк этиш ниятим йўқ эди. Ҳаммаси кутилмаганда юз берди.
Шу тариқа, Бобур Давлатовнинг Россиядаги фаолияти яна бошланди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳамюртимиз илгари ҳам “Нефтехимик”да тўп сурган ва иккинчи бор ушбу жамоага қайтди. Лекин 2017 йилдаги мавсумда Давлатов адашмасам, ушбу клуб сафида фақат бешта учрашувда майдонга тушганди ва бизнингча ҳам унинг у ердаги фаолияти у қадар муваффақиятли кечмаганди.
- Олдинги пайтдаги фаолиятим қандай муваффақиятли кечмаган? Ҳаммаси жароҳатлар билан боғлиқ эди. Ўшанда аста-секин ўйинларда қатнашиб, ўзимни кўрсатишга интилаётгандим. Бошқа чемпионатдан келган бўлсам-да, ўша пайтда бу жамоага тез мослашиб кетгандим. Шу боис ҳам ўйин томонидан муваффақиятли ҳаракат қилганман деб ҳисоблайман. Фақат ўшанда жароҳатлар менга ҳалақит қилган. Ҳозир эса бундай нарсаларга эътибор бермайман. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиши керак.
Шу ўринда Бобур Давлатовдан “Нефтехимик”да дўстлари қолганми ёки таркиб бутунлай янгиланиб кетганми, умуман ўтган вақт давомида у ерда нималар ўзгарган дея сўраганимизда шундай деди:
- “Нефтехимик”да бундан икки йил олдин ўйнагандим. Ўша пайтда таркибдаги футболчилар бошқа эди. Ҳозир эса ўша таркибдан 4-5 нафари қолишган ва ўшалар билан танишман. База, машғулотлар майдони эса ўша-ўша.
Ҳар бир жамоанинг ўз олдига қўйган мақсади бўлади. Бу борада Давлатов ва “Нефтехимик”нинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Бу масала бўйича ҳамюртимиз қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
- Менинг мақсадим “Нефтехимик”да ўз ўрнимга эга бўлиш. Бу жамоа маълум танаффусдан кейин МФЛга қайтди. Шу боис дастабки вазифа миллий футбол лигасида ўз ўрнимизни сақлаб қолишга қаратилади. Клуб билан эса бир йилга шартнома тузганман. Мавсум 7 июлдан бошланади ва биз яхши тайёргарлик кўряпмиз.
Дарҳақиқат, 7 июль куни МФЛга старт берилади ва шу куни “Нефтехимик” сафарда “Мордовия” меҳмони бўлади. Шуни таъкидлаш жоизки, “Нефтехимик”ни бир неча мавсумдан буён Юрий Уткульбаев бошқариб келмоқда. Икки йил олдин ҳам Давлатов ушбу клубда айнан мазкур мураббий қўли остида тўп сурганди. Қолаверса, улар “Рубин” ҳамда “Актобе”да ҳам бирга фаолият олиб боришган.
- Тўғри, илгари ҳам Юрий Уткульбаев билан бирга ишлаганман ва у мени яхши билади. Табиийки, бу сафар ҳам мени ўша мураббий ўз жамоасига таклиф қилди. Уткульбаев ҳужумкор футболни яхши кўради. Ҳозирги пайтда кўрсатаётган ўйинларимга аслида шу киши ҳам сабабчи. Биз “Рубин”да танишганмиз. Рости, у киши келганидан кейин футболга бошқача қарайдиган бўлганман, - дея бош мураббийга таъриф берди, Давлатов.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Бобур «Насаф»нинг асосий таркибидаги муҳим ўйинчиларидан бирига айлана олганди. Унинг кетиши эса қаршиликлар учун жиддий йўқотиш бўладими? Бу саволга футболчининг ўзи қуйидагича изоҳ берди:
- Йўғе, мен бундай деб ўйламайман. Бунгача ҳам “Насаф”дан шунча футболчи кетди, аммо ўрнига муносиб ёшлар етишиб чиқяпти. Ҳеч ким бировнинг ўрни билиняпти деб айтмайди ҳам. Рўзиқул Бердиевни ёшлар билан ишлайдиган Ўзбекистондаги энг яхши мутахассислардан бири деб ўйлайман. Ўрнимни бошқа бир ўйинчи билан тўлдириш улар учун муаммо эмас деб ўйлайман.
Шунингдек, ҳамюртимиздан “Насаф” билан “Нефтехимик” ўртасида қанда фарқлар борлиги ҳақида ҳам сўрадик.
- Тўғриси, “Насаф” билан “Нефтехимик” ўртасида айтарли катта фарқ йўқ. Фарқи шуки, “Насаф” Ўзбекистон, “Нефтехимик” эса Россия клуби – дейди футболчи.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?