«Локомотив»да энди янги давр бошланди. Самвел Бабаян бош мураббийлик постини эгаллаганидан кейин жамоа ҳаётида ҳам ўзгаришлар бўлиши табиий. Мавсум бошида «Локомотив»га қўшилган Жамшид Искандеров ҳам айнан Самвел Бабаян билан биргаликда «Пахтакор»да фаолият олиб борганди. Бабаяннинг «Локомотив»даги дебют ўйинида эса Искандеров гол уриб, унинг илк ғалабасига катта ҳисса қўшди. Бир сўз билан айтганда, иқтидорли футболчининг «Локомотив»даги салоҳиятига юқори баҳо берилмоқда.
- Биринчи давра ҳам тугади. «Локомотив» эса мавсумнинг биринчи ярмини 2-ўринда якунлади. Дастлабки давра ҳақида нималарни айта оласиз?
- Биринчи навбатда биз Осиё Чемпионлар лигасида яхши натижа кўрсата олмаганимизни айтишим жоиз. Асосий вазифамиз гуруҳдан чиқиш эди. Афсуски, буни уддалай олмадик. Оқибатда бу ҳолат жамоамиздаги барча йигитларга таъсир кўрсатди. Суперлигада эса бир қатор учрашувларда қимматли очколарни йўқотдик. Ўз майдонимизда «Қўқон-1912»ни юта туриб, якунда дуранг ўйнаб қўйдик. «Бунёдкор» билан баҳсда ҳам омадимиз чопмади. «Металлург»га қарши беллашувда ҳам яхши ўйнаган бўлсак-да, дуранг ўйнадик…
- Бунинг устига Самарқанддаги мағлубият…
- Ҳа, «Динамо»га мағлуб бўлганимиз ҳам жуда аламли бўлди. 1-ўриндаги «Пахтакор» билан ўртамиздаги фарқ 8 очкони ташкил қиляпти. Қийин бўлиб қолди.
- Кўпчилик «Локомотив»нинг Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқишини кутганди. Гуруҳдаги рақиблар ва ўйинларни солиштирганда «Локо»нинг улардан кучсиз жойи йўқ эди. Бу борада нима деган бўлардингиз?
- Кўпчилик «Локомотив»нинг гуруҳини кучсиз деб ўйлашди. Лекин мен бу гапга қўшилмайман. Чунки у ердаги ҳар бир жамоа кучли эди. Бизда таркибда янги футболчилар бор эди, балки шунинг эвазигами, ҳар ҳолда яхши ўйинларимизни кўрсата олмадик. Шунинг учун гуруҳдан чиқа олмадик.
- Балки мураббий жамоани етарли даражада тайёрлай олмагандир ёки сизларни руҳлантира олмагандир…
- Мураббийни ёмонлай олмайман. Андрей Фёдоров ҳам яхши мутахассис. Майдонда биз футболчилар ўйнаймиз. Нима бўлганда ҳам бу бутун жамоанинг мағлубияти. Бундай пайтда битта одамни айбдор қилиб кўрсата олмайман.
- Боя айтганингиздек, ростдан ҳам «Пахтакор» «Локомотив»дан 8 очкога илгарилаб кетди. Оқибатда аксарият мухлис ва мутахассислар чемпионлик учун курашдаги асосий ташаббусни «Пахтакор»га беришяпти. Лекин шуни унутмаслик керакки, «Локомотив» ҳали ҳам Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Тўғри, олдинда иккинчи давра бор. Бироқ вазиятга реал қарасак, «Пахтакор» «улоқ»ни илиб кетдими?
- Йўқ, бу гапингизга қўшилмайман. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тўғри, кимдир «Пахтакор» чемпион бўлади деб ўйлаши мумкин. Лекин олдимизда яна иккинчи давра турибди. Биз янада кучли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир ўйин биз учун муҳим аҳамият касб этади. Қолгани Худодан. Лекин яна қайтараман, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шу боис «Пахтакор»ни чемпионлик билан табриклашга шошилманг.
- «Локомотив»га Самвел Бабаян бош мураббий этиб тайинлангач, бу билан клубга янги қон қуйилди десак ҳам бўлади. Қолаверса, сиз у билан «Пахтакор»да бирга ишлагансиз ва Бабаяннинг қандай мураббийлигини бошқаларга қараганда яхшироқ биласиз. Айтинг-чи, Бабаян «Локомотив»ни қанчалик ўзгартира олади?
- Исталган мураббий янги жамоага келадиган бўлса, барибир ўша ерда қандайдир ўзгаришлар бўлади. Масалан, ҳар хил тактикалар, футболчиларни руҳлантириш учун керакли сўзларни топа оладиган ва яна бошқа жиҳатлари билан ўзгартиришлар киритяпти. Бунга яна вақт керак. Ўйлайманки, Самвел Бабаян яхши мураббий. У ўзи истаётган нарсаларни футболчиларга тушунтириб, етказа олади.
- Демак, Бабаян келгач, ўзгаришлар сезиляпти-а?
- Ҳар битта боланинг ўйин услубига қараб у керакли сўзларни гапиради ва кўрсатмаларни бера олади.
- Бунинг устига сиз учун у билан ишлаш ҳам осонроқ…
- Албатта, Бабаянни яхши биламан. Бу мен учун яхши. Менга ишонч билдирса, ўша ишончини оқлаш учун ҳаракат қиламан. Самвел Бабаян билан бирга ишлаганман ва бошқалар, улар бирга ишлашган деб гапиришлари мумкин. Мен яна ўзимни кўрсатишим учун икки-уч баробар кўпроқ ишга ёндашишим керак. Турли гап-сўзлар бўлмаслиги учун ҳам ўз ўйиним билан исботлашим керак.
- «Пахтакор»да Жамшид Искандеров сифатида катта футболга кириб келишингизда унинг ҳиссаси катта бўлган. Орадан маълум вақт ўтгач, яна у билан йўлларингиз кесишди. Балки бу бирлашув олдинги Искандеровни янада кашф қилиб бериши мумкинми? Нима деб ўйлаймиз?
- Ҳа, айтган гапларингизга қўшиламан. Сиз ҳақсиз. Мен ҳам шундай бўлади деб ишонаман. Чунки мураббий мени билади ва мендан қандай фойдаланишни ҳам билади. Мен ҳам миллий терма жамоада ўйнаб, Ўзбекистон байроғини юқориларга кўтаргим келади.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?