Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада ЖЧ-2022 саралаш баҳсларининг иккинчи босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса «D» гуруҳида Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ва Сингапур билан беллашадиган бўлди. Қуръадан олдин эса турли тахминлар кўп билдирилди ва хавотирли ҳолатлар ҳам йўқ эмасди. Айниқса, Япония, Эрон, Австралия каби грандлар билан ушбу босқичда тўқнаш келиб қолмасликни истаётганлар кўп эди. Қуръа эса биз учун чиндан ҳам яхши келди ва таъбир жоиз бўлса, «ҳаёт гуруҳи» деб номласак ҳам муболаға бўлмайди.
Эндиликда барча терма жамоаларнинг рақиблари маълум. Шундай экан, ҳар бир жамоа кимларга қарши ўйнашини билган ҳолда тайёргарликни давом эттиради. Бизни эса албатта, терма жамоамизнинг гуруҳи қизиқтиради. Кўпчилик эса Эктор Купер жамоасига нисбатан енгил рақиблар тўғри келганлигини ва асосан Саудия Арабистони билан 1-ўрин учун кураш кечиши ҳақида таъкидлашмоқда.
Вазиятга реал қарасак, аслида ҳам шундай. Ҳозирда эса кўплаб мутахассисларимиз терма жамоамизнинг гуруҳи ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишмоқда. Осиёнинг 2007 йилдаги энг яхши мураббийи, терма жамоамизнинг собиқ устози Рауф Инилеев ҳам қуръа ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Қуръа натижасига кўра Ўзбекистон терма жамоаси ўтса бўладиган гуруҳдан жой олди, - дея гап бошлади Инилеев. - Албатта, биз учун гуруҳдаги энг асосий рақобатчи – бу Саудия Арабистони бўлади. Табиийки, саудияликлар жиддий рақиб саналади. Кейинги босқичга йўл олиш учун бизникилар иложи борича биринчи ўринни эгалласалар мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки регламентга биноан кейинги босқичга ўз гуруҳларида иккинчи ўринни банд этганлар орасида энг яхши кўрсаткични қайд этган тўрт терма жамоа йўл олади холос.
Ўйлайманки, айни пайтда терма жамоамиз Саудия Арабистони билан тенгма-тенг кураша оладиган ҳолатда. Бир томондан олиб қараганда, Саудия Арабистони анча тажрибали жамоа. Қолаверса, улар ўтган йили жаҳон чемпионатида иштирок этган ва кучли рақибларга қарши ўйнаган ҳолда етарлича тажриба тўплаганлар. Аммо уларнинг иштирокини омадли, деб бўлмайди. Шундай экан, Ўзбекистон терма жамоаси бундай рақиби билан бемалол биринчи ўрин учун кураша олади.
Араб футболининг ўзига хос хусусиятлари бор. Уларда техник жиҳатдан яхши савиядаги ижрочилар топилади. Лекин бу масалада бизникилар саудияликлардан катта фарқ билан ортда қолади, дея олмайман. Жамоавий ўйин борасида устунлик биз томонда деб ҳисоблайман. Агар ўзаро тўқнашувларга яхши тайёрлана олсак, бемалол гуруҳда биринчи ўриндан умид қилиш мумкин.
Шунинг билан бирга вазият тўлиқ ижобий кўриниш ҳосил қилиши учун гуруҳдаги бошқа рақибларни ҳам унутиб қўймаслик даркор. Ўйлайманки, ўйинларга ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўриш муваффақият гарови бўла олади. Ўзбекистон терма жамоасининг ушуб босқичдан кейингисига ўтиши учун имкон етарли ва ҳаммаси фақат ўзимизга боғлиқ.
Миллий терма жамоамизнинг ташкил этилган охирги ўқув-йиғин машғулотидан кейин бош мураббий Эктор Купер ҳаммасидан қониқиш ҳосил қилганини ва жамоаси ҳал қилувчи баҳсларга тайёр эканини айтганди. Рауф Талгатавич эса терма жамоамизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
- Терма жамоамизнинг охирги ўйинларини кузатар эканман, ниҳоят ҳужум чизиғида етакчи пайдо бўлганини кўрдим. Мен бу гап билан «Ростов»да тўп сураётган Элдор Шомуродовни назарда тутяпман. У клуб миқёсида ҳам доимо етарлича ўйин амалиётига эга бўлиб келмоқда. Бундан ташқари, терма жамоамиз аъзолари орасида савияси анча баланд бўлган чемпионатларда тўп сураётган ижрочилар ҳам йўқ эмас.
Масалан, Одил Аҳмедов Хитой Суперлигасида муносиб ўйин намойиш этиб келмоқда. Шунингдек, Жанубий Кореяда ўйнаётган Икром Алибоевни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим. Бизда шу билан бирга Японияда ўйнаётган Фозил Мусаев ҳам бор. Агар у учрашувларда мунтазам иштирок этиб, яхши спорт формасига кирар экан, шак-шубҳасиз терма жамоага катта фойда келтириши мумкин.
Яна шуни айтишим жоизки, бизда истиқболи порлоқ ёш дарвозабонлар ҳам етишиб чиқмоқда. Уларга фақат йирик турнирларда иштирок этиш борасида бироз тажриба етишмай турибди холос. Умуман айтганда, терма жамоамиз таркибининг 60 фоизи кучли ижрочилардан иборат.
Маълумки, аргентиналик мутахассис Эктор Купернинг терма жамоамизда иш бошлаган дастлабки кезларида қўллаган ҳимоявий тактикаси кўпчиликда эътирозлар уйғотганди ва кўплаб танқидларга дуч келганди. Инилеев эса бу масалани ҳам эътиборидан четда қолдирмади.
- Эктор Купер терма жамоамизда иш бошлаган пайтда кўпчилик ҳимоявий ўйинга кўпроқ урғу берилганидан норози бўлишга тушганди. Аммо бундай дастлабки жараён босиб ўтилди. Охирги ўйинлардан хулоса чиқарадиган бўлсам, терма жамоамизнинг ўйинида анча ўсиш бор. Асосийси, аста-секинлик билан жамоанинг ўзаги ташкил бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, яхши томонга бўлган яққол ўзгаришни кўряпман.
Охирги пайтларда кўпроқ назарий машғулотлар билан шуғулланиб, эксперт сифатида ишлаётганини таъкидлаган Рауф Инилеев, гапининг охирида биздан «Андижон» жамоасининг бугунги ҳолати ҳақида ҳам сўради. Табиийки, у андижонликлар учун бефарқ эмас. Боиси, илгари ушбу жамоани бошқарганди. Шунинг учун собиқ клуби ҳақида ҳам муносабатини билдирди.
- «Андижон»ни бошқараётган Александр Хомяковни анча тажрибали мутахассис деб ҳисоблайман. У узоқ вақт «Машъал»да самарали фаолият юритган. Клубнинг Суперлигада иккинчи даврадаги илк ўйини «Бухоро»га қарши кечади. Бу турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви бўлади. Бундай беллашувда ким яхши натижага эришса, кейинчалик ўз кучига бўлган ишончни кўпроқ ҳис қилади.
«Бухоро»ни бошқараётган Муҳсин Муҳаммадиевни асосан футболчилик даври орқали биламан. Лекин унинг мураббий ролидаги ишини синчковлик билан кузатиб келганман, дея олмайман. Ўхшашлик томони шундаки, «Андижон»да ҳам, «Бухоро»да ҳам бош мураббийлар янги ва улар ихтиёридаги ўйинчиларни ўз фалсафалари асосида тўп суришга ўргатишга киришганлар.
Табиийки, бундай жараён ўз-ўзидан, осонликча юз бермайди. Бунинг учун вақт керак бўлади. Муҳаммадиевнинг интервьюсини ўқидим, у жамоасига кўплаб янги ўйинчилар керак бўлиши ҳақида гапирган. Бу масала қандай ҳал қилиниши бевосита раҳбариятга боғлиқ. «Андижон»га келадиган бўлсам, жамоага иккинчи даврадаги ўйинларида фақат омад ёр бўлишини тилайман.
Шуҳратбек Жўраев
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)