Фото: AFP/Getty Images
Трансфер ойнаси ёпилишига оз вақт қолмоқда ва кўпчиликни бир савол - Неймарнинг кузни қайси жамоа сафида бошлаши қизиқтирмоқда. Нафақат Испания ёки Франция, балки бутун Европа футболига таъсир этиши мумкин бўлган бу келишув ҳақида сўнгги пайтларда жуда кўп хабарлар чиқди. Бу хабарлар турлича, бир бирини инкор қилади ва энг қизиғи, айни манбалар ҳам бир бирига зид бўлган хабарларни беришмоқда. Демак, ростан ҳам бу трансфер устидаги музокаралар жонли тарзда давом этяпти ва соат сайин ўзгармоқда.
Эътиборингизга Неймар трансферини ўзига қамраган сўнгги бир ҳафтани ҳавола қиламиз.
26 август. Душанба.
«Барселона»нинг асосий таркиби «Бетис» устидан қозонилган ғалабадан сўнг дам олди. Дембеле бу ўйинда жароҳат туфайли ўйнамаганди, Ракитич эса мураббий қарори билан майдонга тушмади. Ҳар икки футболчи Неймарнинг трансферига қўшилиши режалаштирилганди. Қулоқсиз Дембеле аллақачон клуб раҳбарларининг жонига теккан, унинг жароҳатлари ва машғулотларга бўлган муносабати қониқтирмаяпти. Ракитич эса, Вальвердега маъқул бўлса-да, «Барселона» президенти Бартомеунинг режаларидан ташқарида. «Барселона» Неймарнинг ижараси учун Дембелени ижарага бериш ва устига 40 миллион евро тўлашга рози. «ПСЖ» бу таклифни рад этди.
27 август. Сешанба.
Ишга яна «Реал» аралашди ва Флорентино Перес Неймар учун Бэйл, Навас ва Хамесдан воз кечишга тайёрлигини билдирди. «ПСЖ» бу номлар ўрнига Винисиус ва Куртуани сўради ва шу билан музокаралар тўхтади. Бу орада каталонияликлар клуби тизимида ишлаётган Виктор Вальдес ўз интервьюсида Неймарнинг трансфери билан боғлиқ ниманидир деса, ишдан бўшатиб юборишларини айтди. Дембеле эса, оловга бензин сепди - у инстаграмда ўзининг каталонияликлар футболчиси ҳақидаги маълумотни ўчириб ташлади.
Кечга яқин «Барселона» ва «ПСЖ» клублари раҳбарлари Парижда учрашишди. Келишув амалга ошгандек эди: Икки транш билан тўлаш шарти билан 170 миллион евро. Аммо «Барселона»да бунча пул йўқ, «Ювентус» Ракитич учун катта пул бермоқчи эмас. Томонлар эртасига учрашиш шарти билан тарқалишди. «Барселона» директори Хавьер Бордас Каталония радиосига трансфер ҳал бўлаётганини айтди, Париж кутмоқда.
28 август. Чоршанба.
Деярли ҳал бўлган келишув, аввалги ҳолатга қайтиб қолди. «Барселона» яна пул тўламоқчи эмас, бунинг ўрнига Ракитич ва Дембелени таклиф қилди. Парижликлар мураббийи Тухель Дембеленинг келишига қарши эмас, аммо Дембеле ҳам, Ракитич ҳам, Барселонани тарк этишга рози бўлишмаяпти.
Пике ўз навбатида Неймарни кутаётганини, аммо вазиятга таъсир ўтказа олмаслигини ёзмоқда. «Барселона» босслари ҳам шунақа ҳолатда, чунки уларнинг пул ўрнига футболчи бериш таклифини «ПСЖ» совуқ қарши олди.
29 август. Пайшанба.
Ҳаммаси шу куни ҳал бўлиши керакдек. Месси Монакода мавсумнинг энг яхши ҳужумчиси, деб топилди, жамоалар Чемпионлар Лигасидаги ўз рақибларини билиб олдилар. ВВС журналисти Гильем Балаге «Барселона» Неймар учун 200 миллион евро, шунингдек, ёки Тодибо, Ракитич ва Дембелени таклиф қилаётганини айтди. Бу худди фантастикага ўхшайди, чунки «Барселона»да унча пул йўқ, исмлари тилга олинган футболчилар эса, жамоани алмаштиришни умуман истамаётгандилар.
30 август. Жума.
Вазият оғирлашмоқда. «Барселона» раҳбарияти футболчиларни кўндириш билан овора. Ракитичга клубнинг кейинги режаларида унинг йўқлиги, Де Йонгнинг келишидан кейин, асосий таркибда жой тегмаслигини-ю, «ПСЖ»нинг таклифи зўр имкониятлигини айтишди. Дембелени кўндириш учун эса, жамоада юқори савияли ҳужумчилар шундоғам кўплигини, Парижда эса, уни Тухель кутаётганини айтишди. Айнан ушбу мураббий қўл остида Усмон ўзининг энг яхши мавсумини Дортмундда ўтказганди. Манбалар Неймар душанба куни расман таништирилишини ёза бошлади. «Камп Ноу» ходимлари ва ишчилари катта масштабдаги маросимга тайёр бўлиб туриш кераклиги ҳақида огоҳлантирилди. Кейин эса, Неймар билан бирга ишлайдиган компания унинг «Барселона» либосидаги суратини чиқариб юборди, аммо бироз ўтиб, сурат ўчирилди.
Каталонияликлар янги таклиф билан чиқишди, аммо ҳамон Ракитич ва Дембелени кўндиришга эришилмаганди. «ПСЖ» директори Леонардо клуб трансферга қарши эмаслигини, аммо таклиф қониқарли бўлиши кераклигини айтди.
31 август. Шанба.
Ракитич «Осасуна»га қарши таркибга киритилди ва жамоа билан бирга Памплонага борди. Дембеле жароҳат туфайли яна таркибдан четда қолди, аммо унинг агенти клубга Дембеле умуман бу трансфернинг бир қисми бўлишга қарши эканини маълум қилди. Каталония матбуотининг ёзишича, жамоа етакчилари ва Вальвердега Неймар келмаслиги маълум қилинган. Мураббийнинг ўзи ҳам, бразилиялик ҳужумчи билан боғлиқ гап-сўзлардан зерикканини тан олди ва бор эътиборини ўйинга қаратмоқчи эканини айтди. Аммо «Барселона» яна бир, энг охирги таклифни киритишга ҳозирланмоқда.
«Барселона» «Осасуна» билан дуранг ўйнади, Ракитич майдонга туширилмади. Шу паллаларда эса, янги хабар ҳам пайдо бўлди - Неймар «Барселона»даги дўстларига трансфер барбод бўлганини айтган.
1 сентябрь. Якшанба.
Sky Sports нашрининг ёзишича, Неймар клубига ушбу трансфернинг маълум қисмини ўз пуллари билан қоплаши мумкинлигини айтган, у ўз ёнидан 20 миллион евро қўшишга тайёр бўлган, аммо «ПСЖ» бунга кўнмаган. Шунингдек, Неймарнинг оиласига Парижда қолаётганини айтгани ҳақида ҳам маълумотлар пайдо бўлди. Яъни клублар қайсидир маънода, музокарани тўхтатди.
Аммо бу билан ушбу трансфер юз фоиз амалга ошмайди, деб бўлмайди. Чунки Испанияда трансфер ойнаси эртага якунига етади. «Осасуна» билан ўйинда ҳам очко йўқотган «Барселона»да парижликларни қониқтирадиган янги таклиф тайёрлаш учун бир кундан кўпроқ вақт бор. Сўнгги куннинг қанчалик самарали ва воқеаларга бой бўлишини эса яхши биламиз. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин