23:00 / 01.09.2019
2 358

Эркин Бойдуллаев: "АГМК клубига ўтганимда, худди "Насаф"га қайтгандек бўлдим"

Эркин Бойдуллаев: "АГМК клубига ўтганимда, худди "Насаф"га қайтгандек бўлдим"
Тажрибали ярим ҳимоячи Эркин Бойдуллаев жонли мулоқот давомида бир қатор қизиқарли масалаларда ўз фикрларини билдирди.

АГМК жамоаси иккинчи даврада таркибига яна янги кучларни қўшиб олганидан хабарингиз бор. Таклиф этилган футболчилар орасида Эркин Бойдуллаевнинг ҳам борлигини билсангиз керак. Тажрибали таянч ярим ҳимоячиси доим ўз ўйинлари билан мухлис ва мутахассисларнинг олқишига сазовор бўлиб келган. Қолаверса, ўзининг одоби, ҳулқ-атвори туфайли ҳам бошқалардан ажралиб туради. Футболчининг АГМКга ўтгани муносабати билан у билан бафуржа мулоқот қилишни ният қилиб қўйгандик. Куни кеча Бойдуллаев таклифимизга розилик билдирди.

Футболчи билан мулоқотимиз аввалида унинг АГМК клубига кўчиб ўтиши ҳақида сўрадик. Маълумки, у биринчи даврани «Қизилқум»да бошлаб, иккинчи даврада АГМК жамоасига ўтиб кетганди. Бундай йўл тутишида асосий сабабчи бўлган инсон ким бўлиши мумкин? Бу ҳақида Бойдуллаев жавоб берди.

- АГМК клубига ўтганим...Сизга ростини айтадиган бўлсам, биринчи давра тугамасидан олдиноқ «Қизилқум»дан кетишни мақсад қилиб қўйгандим. Натижада менинг у ердан кетишимни эшитишган АГМК мураббийлари қўнғироқ қилишди. Шундан сўнг мен АГМКга ўтишим ҳақида мураббийларга ваъда бергандим.

Яхши билсангиз керак, Бойдуллаевнинг фаолиятида «Насаф» клуби катта аҳамият касб этади. Боиси, у қаршиликлар сафида олти йил давомида самарали тўп сурганини барча билади. Кўпчилик эса «Насаф» Бойдуллаевнинг фаолиятида туб бурилиш ясаган жамоа деб ҳам ҳисоблашади.

- «Насаф» жамоасида деярли 6 йил мобайнида ўйнаганман, - дея мавзуни давом эттирди, футболчи. – Эсимда, «Насаф»га 2010 йилнинг охирида қўшилгандим. Яхши эслайман, ўша пайтлар яхши дамлар бўлганди. Очиғи, «Насаф»даги фаолиятим ҳақида сизга айтиб беришим учун кўп вақт керак бўлади. Муҳими, «Насаф»нинг тарихига кирганимдан хурсандман. ОФК Кубогини ютдик, Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги соҳибига айландик. Факат чемпион бўлишимизга бироз нимадир етмай қолган. Жамоа билан эса асосан 2-3-ўринларни эгаллаганмиз.

Эркин 35 ёшга қараб кетяпти, ўзи эса самарқандлик. Одатда футболчилар фаолияти якунланаётган пайтда ўзи туғилиб ўсган жамоада ўйнаб тугатишни исташади. Шуни инобатга олган ҳолда ундан ҳам мана шундай хоҳиши бор ёки йўқлиги тўғрисида сўрадик.

- Ҳа, мен асли Самарқанд вилоятининг Жомбой туманиданман. Лекин мен 2010 йилдан бери Тошкентда яшайман, оилам билан бирга. Ҳозирги пайтда эса менинг барча эътиборим АГМК жамоасига қаратилган. Фаолиятимни эса қаерда тугатишимни албатта вақт кўрсатади. Ҳозир 34 ёшдаман, Худо хоҳласа, кучим етганича ўйнайвераман Балки 2 йил…

Ҳалигача унинг «Насаф»даги ўйинларини эслаб туришади. Аммо негадир Қаршидан кетгач, «Насаф»даги каби ёрқин ўйинларини кўрмадик, деган фикрларни ҳам эшитмоқдамиз. Бу масала бўйича эса футболчининг фикрларини эшитамиз.

- Йўқ, мен бу фикрга қўшилмайман. Тўғри, ҳар хил одамлар бор. Кимгадир ёқасан кимгадир ёқмайсан ва ёқмагансан. Шунинг учун танқидларни тўғри қабул қиламан, - деди Бойдуллаев.

Шунингдек, унинг «Насаф»да охирги пайтларда бош мураббий Рўзиқул Бердиев билан тортишиб қолгани ҳақидаги гаплар ҳам қулоғимизга чалинарди. Бу масалага ҳам аниқлик киритиш мақсадида Эркин Бойдуллаевга мурожаат қилдик.

- Рўзиқул Бердиев билан ўртамиздаги муносабатимиз зўр. Биз қўнғироқлашиб ва кўришиб турамиз. Умуман олганда, «Насаф»да 6 йил ўйнаган бўлсам, у киши билан муносабатимиз доимо яхши бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Тўғри, машғулотлардан мени ҳайдаб юборган пайтлари ҳам бўлган. Натижада ўша пайтларда бироз асабийлашардим. Ҳар йил 3-4 марта машғулотлардан четлаштириб юборарди. Бу дегани, ҳаётда келишмай қолганимизни англатмайди. Масалан, Туркиядаги йиғин чоғида ҳам мени машғулотдан ҳайдаганди. Шунда менга ҳаммасини ўзи тушунтирганди. «Мен ўзим ҳам футболчилик пайтимда шундай бўлганман» деганди. Нима учун «Насаф»дан кетганман?! Ҳеч ким билан уришмаганман. Шунчаки, Рўзиқул ака билан гаплашиб, яхши маънода хайрлашиб кетганман. Тўғри, «Насаф»дан кетганимга хафа бўлган деб ўйлайман.

Шундан сўнг Бойдуллаев Навоийнинг «Қизилқум» жамоасига бориб қўшилганди. Футболчи у ерда ҳам бир неча мавсум давомида тўп сурди. Аммо жорий мавсумнинг биринчи даврасидан кейин у ердан кетишга қарор қилди. Бунинг сабабини эса қуйидагича изоҳлади:

- Мен «Қизилқум» клубида 3 йил ўйнадим. Тўғрисини айтсам, АГМК мен учун яхши вариант бўлди. Чунки бу клубда тўп суришим ўзим учун ҳар томонлама жуда қулай. Уйимга ҳам яқин. Жамоанинг базаси Тошкентда. Машғулотдан кейин уйга... Очиғи, уйимдан ташқарида 9 йил ўйнадим.

Шунингдек, Эркин Бойдуллаев таътил пайтларида хорижда саёҳат қилишни ҳам ёқтиради. Шу боис ундан кўпроқ қаерда ҳордиқ чиқариш ўзига ёқиши ҳақида ҳам сўрадик.

- Ҳа, мен кўп давлатда бўлганман. Энг зўри Грузия ёққан. Меҳмондўст халқ экан, одамлари ҳам жуда хушмуомала.

Футболчи бир қатор мураббийлар билан бирга ишлади. Шуни инобатга олган ҳолда шу пайтгача бирга ишлаган мураббийлари орасида ўзи учун энг яхшиси кимлигини аниқлашга ҳаракат қилдик.

- 2009-2010 йиллари Самарқандда Азамат Абдураимов билан бирга ишлаганман. 2010-2016 йиллар давомида эса «Насаф»да Анатолий Демьяненко ва Рўзиқул Бердиев билан. Ҳозир эса Миржалол Қосимов билан биргаман. Гарчи уларнинг тактикалари ҳар хил бўлиб, қаттиққўл ва талабчан бўлишса-да, ҳаммаси яхши ва ўз ишига профессионал муносабатда бўлишади. Шунинг учун улар ҳаммага бир хил даражада қарашади. Дарвоқе, Миржалол Қосимов билан 2008 йили «Бунёдкор»да ҳам бирга бўлганман, кейинчалик мени бир-икки марта терма жамоага ҳам чақирган. Умуман олганда, барчаси билан муносабатим яхши. Уларга нисбатан ҳурматим катта.

АГМКда ҳамма ишлар жойида, маблағ ва таркиб масаласида ҳам барқарорлик бор. Аммо ўйин бўйича барқарорлик етишмаяпти. Бунинг сабабини эса Бойдуллаевдан билишга қизиқиб кўрдик.

- Биласизми, АГМК жамоасига келганимда, яна «Насаф»га қайтиб келгандек бўлдим (мен ишга профессионал ёндашувни назарда тутяпман) Бу клубда ҳаммаси жойда ҳамда ўз вақтида. Ўйин бўйича қарайдиган бўлсак, биринчи даврада жамоага бироз омад етишмади деб ўйлайман. Гарчи таркибда яхши футболчилар йиғилган бўлса-да, ўз ўйинини кўрсатиши қийинроқ кечди. Иккинчи даврадан эса умидимиз катта. Омадимиз келиб яхши натижалар кўрсатамиз, насиб килса. Ҳаммаси жойига тушиб кетади. Охирги ўйинларда «Пахтакор»ни инобатга олмаганда, Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги билан бирга, ҳаммасини ютиб келяпмиз. Ўйлайманки, жамоамиз деярли ўзига келди. Профессионал спортчи ўзининг ишини севиши керак. Бошқа ишни ўйламаслик керак. Акс ҳолда бу ҳолат ўзига ҳалақит беради.

Шу ўринда ундан футболдан кейин нима иш билан шуғулланмоқчилиги ҳақида ҳам қизиқиб сўрагандик, лекин у «футболдан кейин нима қилишим борасида ҳали аниқ ўйлаб кўрмадим», дея қисқача жавоб қайтарди. Шундан сўнг Бойдуллаевдан футболда сиз учун энг яқин инсон ва дўсти кимлиги ҳақида билишга ҳаракат қилдик.

- Футболда жуда кўплаб дўстлар, ака-укалар орттирганман. Деярли ҳамма вилоятдан яқин танишларим бор. Биз улар билан кўп кўришиб турамиз, телефон орқали гаплашамиз. Шунингдек, телеграмм ижтимоий тармоғида бизнинг алоҳида группамиз ҳам бор. Масалан, яқинда собиқ «насаф»чилар билан кўришдик. Рўзиқул ака Бердиев бошчилигида бирга овқатландик. Ахир бу жамоа билан Кубок финалида беш марта ўйнаганмиз. АГМКга келсак, бу ерда ҳам барча йигитлар билан жуда яқин бўлиб олдим. Кўз тегмасин, жамоамиз жуда аҳил, - дея муносабат билдирди.

Шунингдек, Эркин Бойдуллаевнинг ўзи юқорида айтиб ўтганидек, у «Насаф»да доим совринли ўринлар учун курашиб келган. Аммо у ердан кетгач, асосан ўртамиёналар орасида қолиб кетаётгани ҳам ҳақиқат бўлиб турибди. Бу борада ўзининг фикрлари билан қизиқиб кўрдик.

- Тўғриси, «Насаф»дан кетганимда «Қизилқум»га сўз бергандим. Чунки уларга агар «Насаф»дан кетадиган бўлсам, сизларга ўтаман деб қўйгандим. Навоийдаги биринчи йилда биз 6-ўринни олдик. Биласизми, 3 йил давомида «Қизилқум»да ўйнаган бўлсам, ҳар йили «Локомотив» чақирарди, яна 2-3 та яхши жамоалардан таклифлар бўлиб турарди. Албатта, ўша таклифларни деб «Қизилқум»дан кетсам бўларди, лекин ўша пайтда «Қизилқум» жамоасига нисбатан ҳурматим катта эди... Ўртамиёна клубга кетишни ўйламаганман, ҳатто. Ўша пайтда уларга лабз қилганман, кетмайман деб. АГМКга келсак, бу ўртамиёна жамоа эмас. Насиб қилса, мавсумни яхши ўринда тугатишга ҳаракат қиламиз. Кубокни қўлга киритишга уриниб кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эркин Бойдуллаев: "АГМК клубига ўтганимда, худди "Насаф"га қайтгандек бўлдим"