23:42 / 02.09.2019
2 911

Шомуродовнинг «фишка»си нимада? У яна қанча гол уради? Россияликлар ўзбекистонлик ҳужумчи ҳақида

Шомуродовнинг «фишка»си нимада? У яна қанча гол уради? Россияликлар ўзбекистонлик ҳужумчи ҳақида
«Ростов» ва Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия премьер-лигасининг 8-турида «Локомотив»га қарши кечган ва 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан якунланган ўйинда дубль қайд этиб, голлари сонини 7 тага етказган ҳолда турнир тўпурарлари рўйхатида пешқадамга айланди. «Спорт Экспресс» нашри ростовликлар жамоасига яқин шахслардан ушбу 24 ёшли футболчи ҳақида фикрларини сўраган.

— Шомуродовнинг «фишка»си нимада? Ундан бу мавсумда шундай кўтарилиш кутилганмиди?

Игорь Гамула, «Ростов»нинг селекционерлари менежери:
— Клуб раҳбарлари бу йигитчани вақтида пайқашди, уни «Ростов»га олишди ва аста-секинлик билан асосий жамоага ўтказилди. Умуман айтганда, уни яхши форвардга айлантиришди. Ҳа, унинг ўзи ҳам кўп шуғулланди. У Ўзбекистон терма жамоаси таркибидалигида (2019 йилги Осиё чемпионатидаги иштироки - таҳр.) кўплаб жамоаларнинг скаутлари уни кузатишни бошлашганди — айниқса Осиёдагилар. Мен унга Хитойдан таклифлар бўлганидан хабардорман. У бизда қолгани ва янада ўсгани жуда зўр бўлди. Уни тўғри тарбиялаган Валерий Георгиевич Карпинга ҳам алоҳида миннатдорчилик билдириш керак.

Ҳозир Элдор рақобатда Сигурдарссонни енгди. Барчаси режа бўйича кетмоқда. Камтар, маданиятли, яхши тарбия кўрган йигит. Унинг «кузирлари»? Иккинчи қаватда жуда яхши ўйнайди. Ҳа, пастда ҳам дуруст. Бирга бир вазиятда алдаб ўтиши мумкин, юқори тезликка эга, дриблинги бор. Умуман олганда, унда Европа даражасидаги ҳужумчи бўлиб етишиш учун барча керакли сифатлар бор. Энг асосийси эса ўз олдига аниқ мақсад қўйган, бутун фикри футбол билан банд бўлган инсон!

Дмитрий Кириченко, «Ростов»нинг собиқ ҳужумчиси ва собиқ мураббийи, Россия чемпионатининг 2002 ва 2005 йилги мавсумларидаги энг яхши тўпурари:
— У майдонда кўп ҳажмдаги ишларни қилади, қора ишларни қилишдан қайтмайди. Қайсар. Сўнгги вақтларда унда голли вазиятлардан фойдаланиш кўрсаткичи жуда юқори. Йигитнинг ўзига ишончи баланд. Бу эса форвард учун энг муҳим жиҳат.

Александр Шикунов, «Ростов»нинг собиқ директори:
— Ўтган йилиёқ бу кўп нарсага қодир, истеъдодли ҳужумчи экани маълум бўлиб улгурганди. Унга шунчаки бизнинг чемпионат шароитларига мослашиш учун вақт керак эди. Ҳозир барчаси ортда қолди. Бу йигит барча керакли сифатларга эга — тезлик, вазиятни ҳис қилиш, у ҳужумлар вақтида вазиятдан узилиб қолмайди. Шуларнинг барчасига қўшимчасига — у катта ҳажмдаги иш бажаради. Бу форвардларда камдан-кам кузатиладиган ҳодиса. «Ростов» тактикани ўзгартирди. Жамоа янада ҳужумкорроқ футбол намойиш эта бошлади— олдинда ҳали кўп имкониятлар турибди.

— «Ростов»нинг ҳозирги яримҳимоя чизиғи билан Шомуродов тўпурарлар пойгасида биринчи бўла оладими?

Гамула: — Шомуродовнинг ҳозирги шериклари жуда кучли футболчилар. Биргина Рома Еременко кўп нарсани англатади. Яна Ивелин Попов ҳам бор. Бу йигитлар исталган вақтда, майдоннинг исталган нуқтасидан туриб узатма ошириши мумкин. «Ростов»нинг қанотлари ҳам зўр ишламоқда. Алексей Ионов ҳам, Хорик Байрамян ҳам.

Шомуродовга пасларни етказиб бериш ортиқча қийинчилик туғдирмайди — унинг ўзи вазиятни ҳис қилиб бўш зоналарга жуда яхши очилади. Карпин «стандартлар»га, қанотлардан ҳужумларга кўп эътибор қаратмоқда. Унинг уй вазифалари ўйинлар вақтида тўғри бажарилмоқда.

Кириченко: — Ҳа, Элдор турнирнинг энг яхши снайпери бўлиш учун асосий даъвогарлардан. Гарчи ҳали олдинда жуда кўп турлар бўлсада.

Шикунов: — Еременко Шомуродов учун кўп вазиятлар яратади. Роман форвардни жуда яхши ҳис қилади. Худо Элдорга гол уриш қобилиятини ато қилган. Эсланг, 1996 йилда чемпионатнинг энг яхши тўпурари «Ростельмаш» ҳужумчиси Александр Маслов бўлганди. Ўшанда уни Дмитрий Лоськов голли паслар билан таъминлаб турган. Нобоа билан ҳамкорликда Озмун жуда кўп голлар урди, Жано плеймейкерлигида — Дзюба. Ҳозир эса Еременко бор. Майдон марказидаги бундай ижрочи билан чиндан ҳам мавсумнинг энг яхши тўпурари бўлиш учун реал имконият бор. «Ростов»нинг яримҳимоя чизиғи жуда кучли.

— Шомуродов бу мавсумда қанча гол уриши мумкин?

Гамула: — Буни аниқ топиш қийин. Бу фақат Худога аён. Мен уни хафа қилишни истамайман. Қанча урса ҳам — бу голлар бизники бўлади (кулади). Умид қиламанки, у энг яхши бомбардир бўлади.
Кириченко: — Агар шу руҳда давом этса бемалол 20та гол ура олади.
Шикунов: — Агар шу таркиб сақланиб қолса, унинг ўзи ҳам кетмаса мавсум охиригача 20тадан ортиқ гол уриши мумкин.

— Шомуродов Россия эмас, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси экани сизни хафа қилмайдими?

Гамула: — Ўзимизда ҳам яхши ҳужумчилар бор. Смолов, Дзюба, Чалов. Нега тирноқни тишлаш керак? Бу одам Ўзбекистонда туғилган, ўз ватани учун ўйнайди. Бу ерда барчаси тушунарли. Биз шунчаки Элдор «Спартак» ёки ЦСКА клубига эмас, бизга, «Ростов»га келгани учун хурсанд бўлишимиз керак. Бу ерда уни жуда яхши қабул қилишди, мухлислар уни севиб ардоқлашади. Шомуродов ҳам бу ерда ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда.

Кириченко: — У Россияга Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи футболчиси сифатида келган. Бу мавзуни муҳокама қилишдан маъно йўқ. Албатта, у ҳозирги формасида бизнинг терма жамоага асқотган бўларди. Черчесов эса терма жамоага бизникилардан Ионовни чақирди. Алексей ва Элдорнинг функциялари ўхшаш. Иккиси ҳам шиддатли, тезкор.

Шикунов: Унақада Мессида Аргентина фуқаролиги борлиги учун ҳам афсус қилишга тўғри келади (кулади). Бу ўзгармайди. Ўзбек футболчиси Россияда шундай ёрқин ўйин кўрсатаётгани ажойиб.

— Станислав Черчесов терма жамоага Дзюба, Смолов ва Комличенкони чақирди. Шомуродов ҳозирги ҳолатида бу форвардлар билан рақобатлаша оладими?

Гамула: — Бир хил форвардлар бўлмайди. Ҳар бир ҳужумчининг ўзига хос кучли жиҳатлари бўлади. Шомуродов — замонавий футболнинг ўзига хос хусусиятларга эга ҳужумчиси бўлиб, юқорида ҳам, ерда ҳам самарали ўйнай олади. Мен уни ҳеч ким билан солиштирмаган бўлардим.

Кириченко: — Шомуродов услуб жиҳатидан — Дзюба ва Комличенкога ўхшамаслиги аниқ. Элдорнинг функциялари мутлақо бошқача. У кўпроқ Смоловга ўхшашиб кетади. Айни вақтда Элдор савия жиҳатидан премьер-лигадаги исталган ҳужумчи билан рақобат қила олади.

Такрорлайман, уни Дзюба ва Комличенко билан таққосламаслик керак — уларнинг ўйинлари бир-бириникидан фарқ қилади. Озмунми? Айни вақтда Шомуродов ундан кучсиз эмас. Сердар ҳам исталган вақтда «аниқ нишонга олади». Эронлик футболчининг ўйини бир очилса, у ажойиб серия қайд этиши мумкин. Шундай экан, мен уни тўпурарлар пойгасидан эрта чиқариб юбормаган бўларди. Чалов ҳам Шомуродовга ўхшаш. Уларнинг антропометрик маълумотлари ҳам деярли бир хил. Ҳозир ҳамма уларни бир-бирига таққосламоқда.

Шикунов: — Мен параллеллар ўтказишни истамаган бўлардим. Шомуродов, «Крилья Советов»даги Соболев каби ҳозир авж палласида. Бу футболчилар ўзини кўрсатаётганига атиги икки ой бўлди. Смолов ва Дзюба эса тажрибали футболчилар. Шомуродовни ҳали кўп вақт кузатиш керак, масофадан туриб. Августдан кейин унинг барқарор ўйини тўхтаб қолишини истамасдим.

— «Ростов» ҳозир «Краснодар» ва «Зенит» билан биринчи ўринни бўлишиб турибди. Бу узоқ давом этадими?

Гамула: — «Ростов» ёрқин, ҳужумкор футбол намойиш этиб, кўп гол урмоқда. Тўғри, ўтказиб юборилаётган голлар сони ҳам кам эмас. Мухлисларга шундай ўйинлар ёқади. Қайси солдат генерал бўлишни истамас экан? Иштаҳа овқат маҳали келади.

Кириченко: — «Ростов» ўтган йили ҳам ёмон бошламаганди. Ҳозир жамоа схемани ўзгартирган. «Локомотив»га қарши ўйинда бўлгани каби ғалабалар жамоа футболчиларига ишонч бахш этади. Ўйлайманки, донликлар — еврокубокларга йўлланма учун асосий даъвогар. Аниқ бир ўринни айтгим йўқ.

Шикунов: — Башорат қилиб бўлмайди. Энг асосийси, ҳозирги «Ростов» сифатли футбол намойиш этмоқда, чиндан сифатли. Майдонда нафақат кураш кечмоқда, балки ёрқин ва чиройли ўйин ҳам кўрмоқдамиз!

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовнинг «фишка»си нимада? У яна қанча гол уради? Россияликлар ўзбекистонлик ҳужумчи ҳақида