19:35 / 05.09.2019
2 559

Ўзбекистондаги ҳар бир туман аниқ спорт турига ихтисослаштирилади

Ўзбекистондаги ҳар бир туман аниқ спорт турига ихтисослаштирилади
Фото: Shutterstock
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президентнинг маълум қилишича, кўплаб туман (шаҳар)ларда мавжуд спорт объектларидан самарали фойдаланган ҳолда, оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар берди.

«Мисол учун, Зарафшон ва Олмалиқ шаҳарлари, Ховос ва Марҳамат туманларида тайёр спорт объектлари ва зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлса-да, оммавий спортни ривожлантириш ва шу орқали профессионал спортчиларни кўпайтириш бўйича натижалар етарли эмас.

Шунинг учун, ҳар бир туман (шаҳар)да илгари қайси спорт турлари ривожлангани, мавжуд спорт инфратузилмаси, аҳолининг, айниқса ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, уларни аниқ спорт турларига ихтисослаштириш зарур. Масалан, Андижон шаҳри ва Қоракўл тумани ёшлари илгаридан боксга қизиқиши, Самарқанд туманида – эшкак эшиш билан шуғулланиш учун имкониятлар мавжудлиги, Бўка тумани аҳолисининг футболга иштиёқи баландлигини ҳисобга олиб, уларни ушбу спорт турларига ихтисослаштириш керак.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Набиев) спорт федерациялари, ҳокимликлар билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир шаҳар ва туманни чуқур ўрганиб, уларни аниқ спорт турларига ихтисослаштиришни белгиласин ҳамда буни таъминлаш бўйича «йўл харита»ларини ишлаб чиқсин. Бунда, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, спорт федерациялари, вилоят, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, бошқа идораларнинг ҳар бири томонидан туман (шаҳар)ларни ихтисослаштириш бўйича қандай ишлар амалга оширилиши аниқ белгиланиши керак.

Олий таълим муассасалари ва туман (шаҳар)ларни спорт турларига ихтисослаштириш бўйича таклиф этилаётган янги тизимларни жорий этсак, спортни оммалаштириб, уни ҳақиқий умуммиллий ҳаракатга айлантира оламиз. Шунинг учун, Бош вазир А.Арипов, Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Набиев), Олий таълим вазирлиги (Мажидов) бир ой муддатда олий таълим муассасалари ва туман (шаҳар)ларни аниқ спорт турларига ихтисослаштириш, юқори спорт натижаларига эришган ёшларни ва жисмоний тарбия ўқитувчиларини рағбатлантириш бўйича тегишли қарорни қабул қилсин.

Шунингдек, уч ой муддатда аҳолининг кенг қатламларини жисмоний тарбия ва спортга мунтазам жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларини қамраб олган 5 йиллик давлат дастурини ишлаб чиқиш керак», - деди Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистондаги ҳар бир туман аниқ спорт турига ихтисослаштирилади