19:37 / 07.09.2019
2 181

Ўзбекистон U-16 – БАА U-16 ўйини олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон U-16 – БАА U-16 ўйини олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 18-22 сентябрь кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралаш баҳсларига ҳозирлик олиб бораётган Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Тошкентда БААлик тенгқурларига қарши 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади.

Дастлабки ўйин 8 сентябрь куни соат 16:30да ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтади. Иккинчи учрашув эса 11 сентябрь санасида “Яккасарой” стадионида соат 16:00да ўтказилади.

Бугун мазкур ўйинлар олдидан ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон U-16 терма жамоаси устози Азамат Абдураимов қуйидагича фикр билдириб ўтди:

- Олдиндаги ушбу иккита ўйин биз учун Осиё чемпионати саралаши олдидан сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Биз имкон қадар ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу ўйинларда ҳам натижа худди биз бундан олдин қатнашган мусобақалардаги каби муҳим эмас. Асосий мақсад – жамоани қитъа чемпионати саралашига тайёрлаш.

Афсуски, биз бир йилдан ортиқ муддат давомида ҳеч қандай мусобақа ёки ўйинларда иштирок этмадик. Фақат охирги 2 ойга келибгина халқаро ўйинлар борасида фаоллашдик. Шу сабабдан ҳам БАА термасига қарши кечадиган биринчи ўйинда асосан олдинги учрашувларда қатнашмаган ёки камроқ ўйин амалиётига эга бўлган футболчилар майдонга тушади. Сабаби ОЧ саралашига 23 нафар ўйинчини рўйхатдан ўтказиш мумкин. Шунинг учун охирги марта ўйинчилар қай даражада тайёр эканини шу ўйинлар орқали кўриб оламиз.

Мени ҳозир “Насаф” клуби академиясининг Марказий Осиё чемпионати ва Москвадаги мусобақада терма жамоамиз сафида деярли барча ўйинларда иштирок этган футболчиларга дам олиш имкониятини тақдим этмаётгани ташвишлантирмоқда. Биласизми, биз Москвадаги мусобақада қатнашган ўйинчиларимизга бироз тикланиб олишлари учун клублар томонидан майдонга туширилмаслигини сўраган эдик. Лекин “Насаф” академияси Хайруллаев,Акрамов ва Убайдуллаевни 3 та ўйинда майдонга туширди. Акрамовда эса энди жароҳат мавжуд. Менимча, терма жамоа манфаатлари ҳар қандай клубникидан бироз юқорироқ туриши лозим.

Мени шунингдек, жароҳатлар ташвишга солмоқда. Биз қатнашган мусобақаларда асосий таркибда ўйнаган ҳимоячи – Бобур Мўйдинов жароҳат орттириб олган. У яқинда операция қилинди. Шу сабабли энди унга умид қила олмаймиз.

Раҳбарият томонидан бизга барча шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлай оламан. Айниқса, ўйинлардан кейин футболчилар тезроқ тикланиши учун зарур дори-дармон ўз вақтида тақдим этилаётганидан хурсандман.

Биз рақибларимизни у қадар яхши ўргана олмадик. Рақиб жамоалар ўйинлари дисклари яқинда бизга етиб келди, масалан Баҳрайн ва Ҳиндистон терма жамоаларини. Ушбу рақиблар ўйин услубини ўрганишни бошладик. Бизга маълум, Ҳиндистон терма жамоаси яқинда ўзларини минтақавий мусобақасида ғолиб чиқди. Ушбу терма жамоа рақибларини жуда катта фарқ билан ортда қолдирди. Тўплар нисбати 28-0. Финалда Непални 7:0 ҳисобида мағлуб этди.

Қолаверса, бизда Баҳрайн термаси ҳақида ҳам маълумотлар бор. Биз бежизга БАА термаси билан ўйин ўтказмаяпмиз. Ушбу икки жамоа, умуман араблар деярли бир хил услубда ўйнашади. Шу сабабдан ҳам БАА билан бўладиган ўйинлар биз учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўтган сафар ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари қитъа чемпионати финал босқичига йўл олмагани – қуръада қайси саватчадан ўрин олиш билан ҳам боғлиқ. Масалан, 2 ёки 3-саватчадан кўра 1-саватдан ўрин олиш яхшироқ, назаримда. Мисол учун, биз ўйнайдиган Ҳиндистон терма жамоаси 1-саватчадан ўрин олишга арзийдиган жамоа, ўйлашимча.

Раҳбарият бизга имкон қадар яхши шароит яратиб беришга ҳаракат қилди. Жамоамиз ҳам менимча, мусобақага тайёр. Саралашда қитъа чемпионати финал босқичига йўлланмани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз – 1-ўринни эгаллаш.

Таркибимизда яхши йигитлар жамланган. Балким, Евстафеев жамоасидаги каби ёрқин юлдузлар йўқдир. Лекин бизда жамоавий ўйин яхши шаклланишига эътибор қаратилган. Душанбе ҳамда Москвадаги ўйинлар кўрсатиб бердики, йигитларда характер мавжуд. Ўйлашимча, жамоавий ўйинлар эвазига мақсадга эришамиз.

Москвадаги мусобақада қизил олганим тўғрисида гапирсам, ёшлар ва ўсмирлар футболида ҳакамлик даражаси у қадар юқори бўлмайди. Бундай ўйинларга асосан тажрибасиз ва ёш ҳакамлар тайинланади. Серб футболчилари жисмонан анча бақувват. Сербия билан кечган ўйинда бизга нисбатан қўполликлар ва фоллар кўп бўлди. Ҳакам эса асосан битта томонга қараб хуштак чалаверди. Мен эса унга эътироз билдирдим. Ҳакамни ҳақоратлаганим йўқ. Лекин у менга сариқ ва ортидан қизил карточка кўрсатди. Буни ноўрин бўлганини англаб, иккинчи бўлимда ҳакам серб футболчиларидан икки нафарига ҳам қизил карточка кўрсатди. Кейинги сафарларда ўзимни анча хотиржам тутишга уринаман энди. Зеро Россия билан кечган ўйинни мухлислар ичида кузатишга тўғри келди. Шогирдларимга зарур вазиятларда кўрсатма бера олмадим. Агар мен ўзим захира ўриндиғида бўлганимда балким Россияни мағлуб эта олган бўлар эдик, - деди Абдураимов.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида БАА U-16 терма жамоаси устози Мажид Салим Обаид Касин Алзааби қуйидагича фикрлар билдирди:
- Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Бу ўйинлар биз учун Осиё чемпионати саралаши олдидан жуда муҳим тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Асосий мақсадимиз – яхши ўйин намойиш этиш. Ўртоқлик ўйинларида натижа иккинчи даражали. Биласиз, саралашда Қирғизистон билан ўйнаймиз. Шу сабабли ЎФА таклифига рози бўлдик. Зеро Ўзбекистон ҳавоси ва иқлими Қирғизистонга анча яқин саналади.

Ўзбекистон билан 3 кун ичида 2 та ўйин ўтказамиз. Осиё чемпионати саралашида ҳам бизни тиғиз тақвим кутмоқда. Шу сабабдан ҳам ўртоқлик ўйинларини шундай саналарга белгиладик. Бу бизга кўникиб олиш имконини беради.

Биз 2 ой аввал ҳозирлик жараёнини бошлаган эдик. Июль ойида 21 кун давомида шуғулландик. Қолаверса, Сербияда йиғин ўтказдик. Шунингдек, бу ерга келиш олдидан кўрфазда анча кучли саналадиган Саудия билан ҳам 2 та ўйин ўтказдик.

Гуруҳдаги рақибларни ҳам имкон қадар ўргандик. Ироқ, Қирғизистон ҳамда Ливан билан куч синашамиз. Ироқ жисмонан кучли, Ливанда индивидуал маҳорат яхши шаклланган. Қирғизистон ҳам яхши ўйинчилардан иборат. Биз ҳам ўз ўйинимизни намойиш этишга уринамиз, - деди Касин Алзааби.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон U-16 – БАА U-16 ўйини олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди