19:05 / 11.09.2019
3 335

Эктор Купер бизни мундиал сари етаклаб боришга қодирми?

Эктор Купер бизни мундиал сари етаклаб боришга қодирми?
Бугунги куннинг бош мавзусига айланган Купер ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида ҳамма жойда гапириляпти, муҳокама қилиняпти. Барчасига сабаб эса ўша Фаластинга ютқазиб қўйилган ўйин билан боғлиқ. Ўта ёмон ўйин ва мағлубиятдан сўнг ҳамманинг асаби бузилди, ўша пайтда барчанинг жахли чиқди. Бундай пайтда инсон хиссиётларга берилиб, жиддий ва аёвсиз танқидларга берилиши ҳам табиий. Мана, ўша учрашувдан кейин орадан бир неча кун ҳам ўтди. Энди дўппини бир четга қўйиб вазиятни яхшилаб таҳлил қилиш ва фикр юритадиган пайт. Чунки терма жамоамиз саралаш босқичининг учинчи турини октябрда ўтказади ва унгача салкам бир ой вақтимиз бор.

Маълумки, миллий терма жамоамиз аъзолари ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи бошланиши олдидан ва айниқса, сафарга кетиш арафасида ЎФА раҳбарияти билан алоҳида учрашув ўтказилганди. Ўшанда футболимиз мутасаддилари футболчиларимизга ва мураббийларимизга ишонч катта эканлигини, бутун халқимиз жамоамиздан азалий орзу ҳисобланган жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилишини кутаётганини ва бу йўлда ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш нақадар муҳим эканлигини айтган ҳолда Фаластин билан баҳсда йигитларга омад тилаб, уларни қўллаб-қувватлаганди.

Ўз навбатида Купер ҳам Ўзбекистонда ишлаш асносида уни бу ерда барча нарса қониқтираётганини ва жамоанинг ўйинидан, тайёргарлигидан қониқаётганини айтганди. Иккинчи саралаш босқичига қуръа ташланганида, тан олайлик, барчамизга рақиблар ёққанди-а? «D» гуруҳида терма жамоамизга Яман, Сингапур, Фаластин ва Саудия Арабистони рақиблик қилганини билганимиз заҳотиёқ ҳаммамиз дарҳол биз учун Саудия асосий рақобатчи дедик ва гўёки бу гуруҳда 1-ўрин билан учинчи босқичга чиқа олишимизга ишона бошладик. Тўғри, ишонч ҳар доим керак ва бу энг муҳим жиҳатлардан бири.

Лекин танганинг орқа томонига қарамабмиз. Ўзимиз учун Саудияни асосий рақобатчи дея, бошқа рақибларга беписандлик билан қараганимиз ўзимизга панд бериб қўйганини сезмай ҳам қолдик. Фаластин майдонида ўтган ўйин биз учун шу қадар катта зарба бўлдики, буни ҳатто ҳаёлимизга ҳам келтирмагандик. Майдонда ким ўйнаяпти дея футболчиларимизни таний олмадик. Биз ўзимизча бу гуруҳни назар-писанд қилмасдан гўёки ўзимизни учинчи босқичда тасаввур қилиб, жаҳон чемпионатига чиқиш ҳақида ўйлашни бошлагандик-а?! Аммо Фаластиннинг «зарбаси» кўзимизни очди ва қарасак худдики, осмонларда учиб юргандек туш кўраётган эканмиз.

Ҳа, ўша ўйин 100 фоиз мураббийнинг хатоси ва унинг мағлубияти. Бунга бошқача изоҳ билдира олмаймиз. Тўғри, майдонда Купер ва унинг ёрдамчилари эмас, балки футболчилар ўйнашади. Лекин бизнинг йигитлар ҳар доим бош мураббийнинг айтганини қилиб, кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ўйнаб келишмоқда. Футболчиларимиз Купер ёт деса ётишяпти, тур деса туришяпти. Ўйиндаги хатолар ҳам аслида бир-бирига узвий боғлиқ эди.

Чунки биз бу ўйинга бошиданоқ тўлиқ тайёр эмасдик. Ҳа, Купер ўйиндан олдин биз тайёрмиз деди-ю, бироқ, кечирасиз-у, бу каби хукун ўйин билан тайёрман деган бўлса, унда билмадик, футболга қандай кўз билан қараётган экан. Устига-устак ушбу мағлубият Куперинг обрўсига ҳам таъсир кўрсатган бўлса ажаб эмас. Энг алам қиладигани шундаки, футболчиларимизнинг кўзи ёнмади, мақсад жаҳон чемпионатига чиқишмиди, аммо бу нарсани жамоамизда сезмадик ҳам, кўрмадик ҳам.

Ҳаммани шокка тушириб қўйган ўйин бўлди. Фаластин эса бу учрашувга яхши тайёргарлик кўрган экан. Биз тасодифан ютқазиб қўйдик демаган бўлардим. Аслида эса бизнинг йигитларимиз индивидуал томондан ҳам, жамоавий ўйин жиҳатидан ҳам Фаластиндан кучли. Лекин майдонда гўёки бошқа футболчилар ўйнагандек туюлди. Барибир йигитларимизда ва мураббийларимизда рақибни хотиржамлик билан ютамиз, қабилидаги ўй-хаёллар қамраб олгани ҳам аслида бор гап. Чунки майдонда биз Саудия ёки Япония билан ўйнамаётгандик. Рақиб ўзимиздан кучсиз бўлган жамоа эди.

Бу эса барибир футболчиларга ўз таъсирини кўрсатди. Лекин нима учун футболчиларимизнинг кўзи «ёнмади»? Нима учун жамоамизнинг ўйинида «азарт» кузатилмади? Нима учун биз Фаластиндан кучсиз ўйнадик? Аслида эса ҳамма саволлар бош мураббийга қаратилган. Биринчи навбатда Анзур Исмоилов ёки Қувондиқ Рўзиев хато қилди деб улардан сўралмайди, аввало натижа учун Эктор Купер сўроқ қилинади. Таркибни ўзи тузди, футболчиларни ўзи тайёрлади, тактикани ҳам, кўрсатмаларни ҳам унинг ўзи берди. Аммо Купер бошчилигида жамоамиз бу қадар «аянчли» ўйин кўрсатиши етти ухлаб ҳам тушимизга кирмаганди. Хўш, бу нимани англатади?

Биринчи ўйиндан кейинги хулоса шуки, биз жаҳон чемпионатига тайёр эмасмиз! Биз бундай ўйин билан жаҳон чемпионатига чиқишга муносиб эмасмиз! Бундай фикрлар ҳар биримизга аччиқ ботяпти, шундайми? Аслида ҳам бу ҳақиқат. Бутун халқимиз олдинги саралашдаги воқеаларни унутиб, бу сафаргисига яна умид қилишаётган бир пайтда яна хафсалани пир қилган стартдан кейин очиғи, нима дейишни ҳам билмай қолдик. Қаерга бормайлик, ҳамманинг оғзида терма жамоанинг шармандали мағлубияти муҳокама қилинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Минг афсуски, биз мана шундай ўта оғриқли зарбани қабул қилиб олишга мажбур бўлдик.

2-турда ҳам бир қатор кутилмаган натижалар кузатилди. Масалан, Саудия Арабистони Яман билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб қўйди ва қайсидир маънода бизнинг асосий рақобатчимиз саналган жамоанинг ҳам очко йўқотиши бизга қўл келадигандек. Амалдаги Осиё Кубоги соҳиби Қатар эса ўз уйида Ҳиндистон дарвозасига гол ура олмай дуранг ўйнаб қўйди. Лекин биз бошқаларнинг натижаларига кўп ҳам эътибор қаратмасдан биринчи навбатда ўзимиз ҳақимизда, ўйинимиз хусусида ва мураббий масаласида жиддий бош қотирмасак бўлмайди.

Ёдингизда бўлса, бошида Куперни супер мураббий дея ҳам мақтагандик, унга ишонгандик. Тўғриси, уни энди ҳимоя қилишга ожизман. Ўтган бир йил давомида натижалар шуни кўрсатмоқдаки, биз ҳали тузук-қуруқ ўсишга эришганимиз йўқ. Бу аччиқ ҳақиқат. Агар Фаластинни ютганида балки бундай фикрга бормасдик, аммо биздан кучли бўлмаган жамоага ютқазиб қўйганимиздан кейин ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб қолди. Тўғри, биз учун ҳали ҳеч нима йўқотилгани йўқ, олдимизда яна бир талай ўйинлар турибди.

Аммо Вадим Абрамов айтганидек, энди биз Саудияни Тошкентда ҳам, меҳмонда ҳам ютишга мажбурмиз. Шунингдек, биз ўсяпмиз, ривожланяпмиз деймиз-у, аммо аслида бундай эмас экан. Биз ўз жойимизда депсиниб турибмиз, ваҳоланки, бошқалар ҳаракатда ва керак бўлса биздан ўзиб кетишмоқда ҳам. Ўша Фаластин, ўша Яман, ўша Сингапур ҳам ҳаракат қиляпти, ниманидир ўзгартиришга уринишяпти. Эътибор беринг, биз ҳали Осиёда ўз ўрнини топа олмаётган жамоалар билан ҳисоблашишимизга тўғри келяпти. Бу ёқда эса фаворитлар турибди, ҳозирча эса бу мавзу ҳақида оғиз очмай турганимиз маъқул.

Хуллас, имкониятимиз борликка бор-у, аммо энди Купернинг тажрибасига, унинг лойиҳасига шубҳа билан қарайдиганлар кескин кўпайиб кетди. Битта гап аниқ: унга ишонч камайиб кетди. Бизнинг мақсадимиз бош мураббийни ерга уриб, уни «қоралаб» ишдан йўқотиш эмас, лекин унинг бошчилигидаги жамоада биз ёрқинликни, ишончни кўрмаяпмиз. Ваҳоланки, биз фақат яхшилик тарафдоримиз ва терма жамоамизнинг азалий орзуси ҳисобланган мундиалда Ўзбекистонни кўришни истаймиз.

Яна бир гап: аслида биз ўзимиз терма жамоамизни хорижлик мураббий бошқаришини истагандик, тўғрими? Бунгача МТЖни маҳаллий мураббийлар бошқаришгани, аммо мундиалга чиқа олмаганимиз айтилди. Шу сабабли жамоани хорижлик малакали мутахассисга ишониб топшириш кераклигини ҳамма қўллаб-қувватлаганди. Шунга асосан жаҳон чемпионатида ишлаган, кўпни кўрган, тажрибали мутахассис сифатида Эктор Купер таклиф этилди. Биз эса бу тайинловдан қониқдик ва унга ишонч билдира бошладик. Лекин орадан бир йил ўтгач, энди аргентиналик мураббий ҳам бизга ёқмай қолди. Фаластинга қарши нурсиз ўйин ва мағлубият раҳбариятни ҳам қаттиқ ранжитгани бор гап.

Одамлар орасида эса бош мураббийнинг истеъфоси ҳақидаги гап-сўзлар кўпая бошлади. Ҳаттоки, терма жамоамиз сафардан қайтган-у, аммо Купер қайтмабди, деган гапларни ҳам айтишяпти. Аммо ундай эмас, аргентиналик мураббий жамоа билан Тошкентга қайтган. Лекин унинг истеъфога чиқиши ёки чиқмаслиги бизнинг қўлимиздаги масала эмас. Буни футболимиз раҳбарияти ҳал қилади ва ҳаммаси уларга боғлиқ. Балки улар аллақачон бошқа мураббийнинг номзодини излашга киришишгандир ёки бўлмаса Куперга охиригача ишонч ва имконият тақдим этилишига аҳд қилишгандир.

Аммо нима бўлганда ҳам ЎФА раҳбарияти бош мураббий билан очиқчасига, яккама-якка учрашиб, ҳаммасини бафуржа ҳал қилиб олишса керак. Чунки ўша ўйиндаги мағлубият учун бош мураббий ҳисобот топширади. Лекин кўпчилик таъкидлаётганидек, унинг шартномаси бу ерда асосий ролни бажаради. Мураббий билан яхши ниятлар билан 3+1 кўринишида шартнома тузилганди. Балки раҳбарият унинг масаласини кўриб чиқаётган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда олинган маълумотларга қараганда «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамовнинг номзоди муҳокама қилинаётгани борасидаги гап-сўзлар тобора авж олмоқда. Балки ЎФА тез орада ушбу масалага расмий баёнот бериши ҳам мумкин. Шундай экан, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эктор Купер бизни мундиал сари етаклаб боришга қодирми?