20:30 / 23.09.2019
2 012

«Барселона»нинг чорак асрдаги энг ёмон старти. Ким айбдор ва нима қилмоқ керак?

«Барселона»нинг чорак асрдаги энг ёмон старти. Ким айбдор ва нима қилмоқ керак?
Фото: Aitor Alcalde/Getty Images
Эрнесто Вальверде жамоаси яна сафарда жуда муваффақиятсиз ўйин ўтказди ва турнир жадвалининг саккизинчи ўрнига тушиб кетди. Каталонлар мавсумни жуда ёмон бошлашди, гап фақат йўқотилган очколардагинамас. Кўк-анорранглилар Франк Райкард давридан буён энг ёмон ўйинларини намойиш этишмоқда. «Спорт Экспресс» журналисти жамоадаги ҳозирги ҳолат ҳақида фикр юритди.

Ғалабасиз серия ва антирекордлар
«Барселона» ёзги трансферлар ойнасида таркибини сезиларли даражада кучайтириб олди. Гризманн, де Йонг ва Фирпо келди, клуб президенти Хосеп Бартомеу фақат Неймарни олиб келишга улгурмади. Янгиланган таркиби билан каталонлар майдонга тушмасданоқ 3 очкони чўнтакда деб билишлари мумкин эди. Аммо ҳақиқат аччиқ: бу мавсум старти Испания лигасида ғалаба учун уч очко берила бошлаган даврдаги энг ёмон старт бўлди (авваллари ғалаба учун 2 очко берилган). 1994/95 йилги мавсумда Йохан Кройф бошқарувидаги «Барса» сафарда икки ўйинда ютқазиб, бир ўйинда дуранг ўйнаган, ўз майдонидаги икки ўйинда ғалаба қозонган. Ўшанда жамоа 5 турда 5 очко тўплаганди.

Яна бир бошқа омадсиз серия — барча турнирлар доирасидаги ўйинлар қўшиб ҳисобланганда 7та сафар ўйинида ғалабасиз серия, бундай ҳолат 2000/01 йилги мавсумдан буён илк марта кузатилмоқда. Бундай натижа Райкард томонидан ҳам қайд этилганди: нидарландиялик мутахассисни 2008 йил баҳорида «Барселона» қаторасига бешта ўйинда ғалаба қозона олмагач ишдан бўшатиб юборишганди. Наҳотки барчаси каталонлар Мессисиз ўйнай олмаслигида бўлса?

Вальверденинг мураббийлик қарашлари
«Мен хавотирдаман, — деди мураббий «Барселона»даги ўйиндан сўнг. — Сафарда биз уйдаги каби яхши ўйнай олмаяпмиз. Бугун биз устунлик қилдик, аммо гол ура олмадик. Кейинги ўйинда янада кўпроқ куч билан ўйнашга ҳаракат қиламиз».

Вальверде ўтган мавсум охирида «Ливерпуль» «Барселона»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ЕЧЛдан чиқариб юборганида ҳам тахминан шундай фикрларни айтганди. Ўшанда мураббий «ўзида давом этиш учун куч ҳис қилаётгани» ҳақида гапирганди.

Клуб раҳбариятининг муаммоси шундаки, шартномани бир томонлама бузиш учун 20 миллион евро миқдорида компенсация тўлаш талаб этилади, шу туфайли Бартомеу барча муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишига умид қилмоқда. Аммо амалда бундай бўлиши қийин: ушбу мураббий учинчи мавсумда жамоани бошқармоқда, лекин каталонлар клубида ривожланиш кўзга ташланмаяпти.

Ўтган икки мавсумда «Барса» асосан икки футболчи саъй-ҳаракатлари билан натижага эришди: тер Штегена ва Месси. Марк-Андре ўтган мавсумдаям жамоага камида 10 очкони бир ўзи олиб берди, Лионель қолганини ҳал қилди. Испаниялик футбол экспертлари Вальверде жамоаси сардорсиз ҳеч нарсага қодир эмас, деган фикрга келишган, шу билан биргаликда бунда Мессининг ўзини ҳам айблашади. Эрнесто вазият қурбони бўлмоқда: у ўз билганича жамоа шакллантира олмайди, чунки Лео барча ўйинларни ўз зиммасига олади. Ҳозир, Месси йўқлигида, Вальверде ҳеч бир янгилик ўйлаб топа олмаяпти.

Фахрийларнинг ўйини ортга кетмоқда, янгилар киришиб кетолмаяпти
Соврин кетидан соврин қўлга киритиб юрган «Барса» даври якунига етмоқда. Бускетс, Альба, Месси, Пике ва Суареснинг ёши 30дан ошди, улардан фақат биргинаси (ўз ўзидан гап аргентиналик футболчи ҳақида кетмоқа) аввалги даражасини сақлаб қолган. Қолганлари эса тезлигини йўқотган, оддий эпизодларда хатолар қилишмоқда, жамоада тозалаш ўтказишга зарурат бор. Вальверде ўз юлдузларини илҳомлантира олмаяпти, шунингдек, бир вақтлар Пеп Гвардиола қилгани каби уларни сотувга ҳам қўя олмаяпти. Позициялар бўйича рақобат йўқлиги, асосий таркибдан жой кафолатлангани учун «Барса» фахрийлари, миллионер футболчилар футбол майдонида ўзларида иштиёқ уйғота олишмаяпти.

Янги футболчилар билан боғлиқ вазият янада оғирроқ. Вальверде бошқарувидаги икки мавсумда на Коутиньо, на Дембеле ва Малком ўйнаб кета олди. «Барселона»га келган янги футболчилар илк ўйинларда ўзини кўрсатиб, жамоага очколар олиб келишади, аммо вақт ўтган сайин уларнинг ўйини ёмонлашгандан ёмонлашиб бораверади. Вазият шунга етиб келдики, Коутиньо «Бавария»га ижарага берилди, Малком Россия чемпионатига йўл олди, Дембелени Неймар учун Парижга жўнатмоқчи бўлишди. Ҳозир Гризманн ва де Йонг ҳам янги жамоага мослашиб кета олмаяпти.

Экспертларнинг фикрича, Вальверде уларни ўйнатаётган позициялар уларга мос келмаяпти, майдондаги нотўғри жойлашув улар ўз салоҳиятини намойиш этиш ва энг яхши ўйинларини кўрсатишга халал бермоқда. Тактик масалаларни узоқ вақт муҳокама қилиш мумкин, аммо факт фактлигича қолади: Антуан ҳам, Френки ҳам аввалги клубларидаги даражага чиқа олмаяпти. Фирпо эса «Гранада»га қарши ўйинда илк марта бошланғич таркибда майдонга тушди, Вальверде уни жароҳат туфайли сафдан чиққан Альба ўрнига туширганди. Аммо бу доминиканлик ҳимоячи биринчи дақиқадаёқ тўпни рақибга топширди, кейин рақибни тўхтатишга уриниб йиқилиб тушди, унинг хатоларидан фойдаланган рақиб эса ҳисобни очди.

Биринчи бўлим давомида Фирпо хатосини тўғрилай олмади, мураббий уни иккинчи бўлимда майдонга қайтармади, Фирпо ва Перес ўрнини Фати ва Месси майдонга туширилди, ўнг қанот ҳимоясида ўйнаётган Самеду чап қанотга ўтказилди, ўнг қанотдан Роберто жой олди. Месси бир ўзи тўпни рақиб жарима майдонига олиб кириб, натижа келтиришга уринди, бу вақтда Гризманн ва Суарес ундан пас кутишарди. «Гранада» пенальтидан иккинчи голни ургач, хотиржамлик билан ғалабали натижани сақлаб қолди.

Гап Мессининг жароҳатидами?
«Сардор қайтади ва барчаси ўз жойига тушади», — демоқда ишонч билан кўк-анорранглилар раҳбарияти. Месси таркибда бўлганида «Барселона» ҳозиргидан кўпроқ очко олишига шубҳа йўқ, аммо ўйиндаги муаммолар ўз ўзидан йўқ бўлиб қолмайди. Вальверде шунчаки «Барселона» жамоаси даражасидаги жамоа билан нима қилишни билмаяпти; футболчилар ўйинлари даҳшатли даражада ёмон чиқаётганини тан олишмоқда, аммо улар бунда ўзларини айблашмоқда. «Агар мен ёмон ўйнасам, гап менинг ўзимда бўлади, майдондаги позициямда эмас», — деганди де Йонг «Гранада» билан ўйиндан олдин.

Мухлислар эса барча гап мураббий ва президентда эканини айтишмоқда: ижтимоий тармоқ «Барса» раҳбариятини Вальвердени ишдан бўшатиш ҳақидаги чақириқлар билан тўлган. Катта эҳтимол билан вазиятни мураббий алмашиши ўнглайди: матбуотда Жозе Моуриньо ва Кике Сетьен баск мураббийни алмаштириши мумкинлиги ҳақида муҳокамалар бошланди.

Месси барибир «Барса»ни турнир жадвалининг юқори қисмига олиб чиқа олади, аммо бу етарли эмас. Сўнгги икки мавсумда каталонияликлар фақат омади келиб, қимматли очколарга эга бўлишмоқда, улар ёмон ўйнаганида ҳам очко олишган. Масалан, Дортмундда бўлган ўйиндаги каби. «Боруссия» ўша куни ғалабага муносиб эди, аммо омад ва тер Штегеннинг маҳорати «Барса» сафар ўйинидан очко билан қайтишини таъминлади. Омад кулиб боқмай қолсачи? Унда каталонлар билан нима бўлишини айтиш қийин. Кўк-анорранглилар учун синовлар ҳали олдинда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Барселона»нинг чорак асрдаги энг ёмон старти. Ким айбдор ва нима қилмоқ керак?