22:55 / 11.10.2019
2 230

Элдор Шомуродов: “Ростов” чемпион бўлишига ҳам, Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқишига ҳам ишонаман”

Элдор Шомуродов: “Ростов” чемпион бўлишига ҳам, Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқишига ҳам ишонаман”
“Ростов” сафида Россия премьер-лигасида ажойиб сермаҳсуллик намойиш этаётган Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов сўнгги ойларнинг энг асосий мавзуси бўлиб турибди десак муболаға бўлмайди.
Футболчи Тошкентга келганидан фойдаланиб унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Россия премьер-лигасида “Крилья Советов” ҳужумчиси Александр Соболев билан гол уриш бўйича пойга кетмоқда. Бу бир вақтлар Испания чемпионатидаги Лионель Месси ва Криштиану Роналду ўртасидаги пойгага ўхшаяпти деб ўйлайсизми?
- Йўқ (кулади) улар бутунлай бошқа даражадаги футболчилар. Албатта пойга қизиқ кетмоқда деб ўйлайман, Александр учун ҳам, мен учун ҳам. Соболевнинг барча голларини кўриб бораяпман.

- ЦСКА билан учрашувдан кейин Хорен Байрамян интервью берди ва Карпин билан гаровда ютганингизни айтди. Агар гаровни ютқазганингизда сочингизни олдириб ташлашингиз керак экан. Шу гаплар ростми ёки ҳазилмиди?
- Рост эди. Агарда ЦСКА билан ўйинда мен ва Байрамян гол урмаганимизда, унда иккаламиз сочимизни олдиришимизга тўғри келарди. Чунки ўтган гал ФИФА кунларидан кейин клуб ихтиёрига қайтганимизда, бош мураббий Карпин мен ва Байрамян билан гаров боғладик. Яъни, кейинги танаффусга қадар мен 3та, Байрамян эса иккита гол уриши белгиланди. Агарда бу вазифани уддалай олмаганимизда, унда иккаламиз ҳам сочимиздан воз кечишимизга тўғри келарди. ЦСКА билан ўйинда эса биз вазифани уддаладик. Акс ҳолда бугун терма жамоа ихтиёрига бошқача имижда ташриф буюрардим (кулади). Агар биз ютсак нима қиласиз деганимизда жамоадошимиз Данил Глебовни кўрсатиб у бир ҳафта давомида соқолини олиб ташлаб, фақат мўйловини қолдириб юради деганди. Инстаграмда Глебовнинг мўйловли расмлари тарқалди (кулади).

- Интернетда “Шальке-04” ва “Манчестер Юнайтед” клубларидан қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар чиқди. Булар қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмаймиз. Тасаввур қилинг, олдингизда айнан шу икки клубдан таклиф бўлса, қайси бирини танлардингиз? Айнан шу икки клубдан.
- Агар айнан шу икки клубдан бирини танлаш керак бўлса, “Шальке-04”ни танлардим. “Манчестер Юнайтед” ҳам яхши жамоа, аммо ҳали ўзимни катта жамоа даражасига чиқдим деб ҳисобламайман. Бундай жамоага тайёр ҳолатда ўтиш лозим. Юқори савияга чиқиш учун вақт талаб этилади. Шунга ҳозир Бундеслигада ўйнашни афзал кўрардим.

- Сиз Россияда квартирада эмас клуб базасида яшаётганингизни эшитдик. Адашмасак клуб квартира олиб берганди...
- Кўпинча клуб базасида тураман. “Ростов” квартира олиб берган, у ерга асосан уйдагилар келишганида бораман. Базада барча шароитлар бор, тўғри овқатланиш йўлга қўйилган. Квартирада яшасам ўзим овқат тайёрлашимга тўғри келади (кулади).

- Бир йил давомида Ўзбекистон терма жамоасини бошқариб борган Эктор Купер истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнига Вадим Абрамов тайинланди. Бу ўзгаришларга қандай муносабат билдирасиз?
- Мураббий тақдири шундай, натижа бўлмаса уни алмаштиришади. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бўлади. Энди янги мураббийнинг тактикаси ва йўналишига тезроқ киришиб натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш экан энди барча ўйинларда ғалаба қозонишимиз керак.

- Қайси бирига кўпроқ ишонасиз: “Ростов” Россия чемпиони бўлиши ва Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқиши?
- Иккаласига ҳам. Сабаби Ўзбекистон терма жамоасига 2018 йилги саралашда битта гол етмай қолганди. Шу боис бу қўлимиздан келади деб ўйлайман. "Ростов" ҳам чемпион бўлиш учун яхши имконият бор. Бугунги кунда футболчиларда ўзига бўлган ишонч етарли даражада. Клуб олдига йил бошида Европа Лигасига йўлланма олиш вазифаси қўйилган, лекин чемпионликка ҳам кураша оламиз деб ўйлайман. Россия премьер-лигасида 4та клуб бир хил очко билан пешқадамлик қилмоқда.

- “Ростов” бу йил пешқадамлар сафида бормоқда. Олдинлари жамоа асосан ўрта поғоналарда борарди, клубда нимадир ўзгардими?
- "Ростов"га Валерий Карпин келганида барча нарса тўғри йўлга қўйилган ва профессионал тарзда иш олиб борилмоқда. Барчаси бир хил тизимда давом этмоқда. Шу боис ҳам бу йил жамоамиз ишончли ўйин кўрсатмоқда деб ўйлайман. Ўтган мавсумда эса қаердадир яхши ўйнадик, қаердадир эса ўзимиздан кучсиз жамоаларга эса ютқазиб қўйгандик. Бу мавсум ўша хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилаяпмиз.

- Карпин доим жиддий қиёфада юради. Кийим алмаштириш хонасида ўзини қандай тутади?
- Карпин жиддий инсон, аммо ҳазиллашиб ҳам туради. Унинг учун ҳар бир ўйин худди энг охирги учрашувдек, финалдек. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни истайди.

- Бу йил Шомуродов фамилияси Россияда Дзюба, Смолов каби ҳужумчилардек брендга айланди десак муболаға бўлмаса керак. Матбуот ҳам сизга кўп эътибор қилади, мухлислар ҳам кўп дастхат ва расмга тушишни сўраётган бўлса керак. Шундай пайтда Элдор Шомуродовда нимадир ўзгардими?
- Тўғрисини айтсам, ҳеч нарсани ўзгартирмасликка ҳаракат қиламан. Аммо Ростовда кўчага чиқсам мухлислар таниб қолишади, расмга тушайлик дейишади. Мен учун бироз ноқулай бўлади. Ўзимни ҳеч қачон бировдан устун қўймаганман. Лекин ҳеч кимга ҳеч қачон йўқ демаганман, тарбиям шундай.

- Элдор Шомуродов терма жамоада ва клубда, бошқа-бошқа одамларми?
- Йўқ, мутлақо бир хил. Тўғри олдинлари терма жамоада қанотда ўйнардим, ҳозир эса термада ҳам, “Ростов”да ҳам марказий ҳужумда ҳаракат қилаяпман.

- Сўнгги ҳазил савол. Қайси бирини танлайсиз: Ош ёки Жарқўрғон тандир гўшти?
- (кулади) энг қийин савол бўлди. Менимча ошни устига тандир гўштни қўйиб ейиш.
Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди.

Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов: “Ростов” чемпион бўлишига ҳам, Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқишига ҳам ишонаман”