22:45 / 28.10.2019
2 313

Нечта гол уришни ҳоҳлайсан?

Нечта гол уришни ҳоҳлайсан?
Ҳозирги кунда ўзбек футболидаги энг катта муаммолардан бири, бу - гол ура оладиган ҳужумчилар танқислигидир. Бунинг сабаблари нимада?

Маҳаллий билимга нисбатан ишонч, эътиқод ва муҳаббатнинг йўқлигидадир! Бу эса футболимизда жуда катта муаммоларни келтириб чиқармокда. ("Хўроз қанд" бўлса ҳам чет элники бўлсин...). Аслида ўзбек халқини дунё халқлари билан солиштирганда биз барча соҳаларда, шу жумладан футболда ҳам жуда истеъдодли халқ ҳисобланамиз. Айнан мана шу иқтидоримиз нуқтаи назаридан ёндошганда биз ҳар қандай соҳада ҳар қандай миллат ва элатлар билан бемалол беллаша оламиз. Соҳанинг ривожланган ёки ривожланмаганлиги мутлақо аҳамият касб этмайди.

Ана энди эса асосий мавзуга ўтамиз, яъни голлар хит - парадига! Аслида, гол уриш велосипед ҳайдашдек осон иш. Сиз бир марта велосипед ҳайдашни ўрганиб олсангиз, буни ҳеч қачон эсдан чиқармайсиз, сиз бир марта гол уришни ўрганиб олсангиз буни ҳам ҳеч қачон эсдан чиқармайсиз. Бу иккаласи ҳам аслида деярли битта нарса, фақат воситалар турличадир.

Бизда ҳар доим кучли ҳужумчилар бўлган: Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоров, Игор Шквирин, Азамат Абдураимов, Шуҳрат Мақсудов, Жафар Ирисметов, Дилмурод Назаров, Олег Шацких, Максим Шацких, Бахтиёр Давлатов, Рустам Дурмонов, Равшан Бозоров, Умид Исоқов, Зафар Холмуродов, Анвар Бердиев, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Шуҳрат Мирхолдоршаев ва бошқалар... Фақат, ҳозир калламга келганларини санаб ўтдим.

Бу футболчиларимиз ҳужумчилик нуқтаи назаридан олиб қараганда жуда бахтли инсонлар ҳисобланишади, негаки улар ўз футболидан, голларидан завқланишган, лаззатланишган ва роҳатланишган. Ёки яна бир ҳужумчимиз Камолиддин Мурзоев "Динамо" Самарқанд жамоаси таркибида 9(тўққиз)та гол урганини футболчилик фаолиятидаги энг яхши дамлар деб ҳисоблайди. Ва у бу борада мутлақо ҳақдир. Чунки у ҳужумчилик нуқтаи назаридан қараганда голларнинг энг ширин таъмини татиб кўрган ва беқиёс ҳиссиётларни бошидан кечирган. Энг яхши ҳиссиётлар эса хотирада бутун умр қолади.

2*2=4. Бу мантиқ. Бу қонун. Бу - реаллик. Бу - ҳақиқат.
2*2="5". Бу - абсурд. Бу - ёғгон. Бу мантиққа зид кўринишидаги математик ифода. Агар сиз 2*2="5" эканлигини мантиқий қонунлар орқали исботламоқчи бўлсангиз математик формулалар тутаб, "кора тер"га ботиб кетади. Лекин нима учундир 2*2="5" кўринишидаги математик ифода ўзининг сирли - синоатлилиги билан кишиларни эътиборини ўзига маҳлиё қилади. Бу ерда қандайдир сир бор! Чунки бу ерда бошқа ўлчам, бошқа катталиклар ва бошқа қонунлар амал қилади. Бу қонунларга физика ва математика формулалари орқали ечим топишга уринишнинг ўзи абсурддан бошқа нарса эмас. Буни исботламоқчи бўлганни дарров девонага чиқаришади.

Аммо бу қонунларни ўзингиз ўзлигингизни англаган ҳолда, онгли тарзда ишга туширсангиз физика ва математика қонунлари сўзсиз бу қонунларга бўйсинади. Яъни, сиз тўпга қандай усулда зарба берманг у мўлжал олган жойингизга бехато боради. Энг қизиғи сиз керакли пайтда керакли жойда пайдо бўлиб қоласиз. Биз айнан мана шу "сир" ҳақида гаплашамиз. Яъни, ҳужумчиларимизниниг самарадорлиги, маҳсулдорлиги ва ҳосилдорлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Зора, ҳужумчиларимизнинг гол уриш қобилиятлари автоматик тарзда ишга тушиб, голлар ҳосилдорлигидан хирмон кўтарса.

Агар сиз ниманидир тушунмаётган бўлсангиз, "бу бўлиши мумкин эмас!", эканлигини англатмайди. Мабодо, сизнинг интеллектингиз етарли даражада ривожланган бўлса, айтайлик, академиклик даражасида, гап нима ҳақидалигини фаҳмлай оласиз. Шунчаки бу ҳақда чуқурроқ, теранроқ фикр юритиб кўриш керак, холос. Бу эса анчайин "машақатли" иш ҳисобланади. Ҳар ҳолда уроқ ўриб кетмон чопмайсиз.

Сизни материалистик дунёқарашингизни кунглини овлаган ҳолда айтадиган бўлсак, табиат инсонни интеллект деган қобилият билан сийлаган. Интеллект бор экан, биз ҳар доим таққослаб кўриш имкониятини қўлга киритамиз.

"Насаф" жамоаси ҳужумчиси Ҳумоюн Муртозаев билан "Сўғдиёна" жамоаси ҳужумчиси Иван Нагаев ўртасида қандай фарқлар бор? Иван Нагаев жисмоний кўрсатгичлар бўйича ҳам техник қобилият борасида Ҳумоюн Муртозаевга нисбатан катта устунликка эга, аммо самарадорлик борасида Ҳумоюн устунликка эга. Бунинг сабаблари нимада? Иван Нагаевнинг гол ура олмаётгани унинг истеъдодсиз футболчи эканлигини англатмайди. У жуда ҳам истеъдодли футболчи, лекин мантиқан тушунтирганда худди автомашинанинг карбюратори яхши ишламаганидек, унда ҳам "нимадир" яхши ишламаяпти. Нима экан мана шу "нимадир"?

Бир куни мени "Насаф" жамоасини тақдирлаш маросимига таклиф қилишди. Тадбир жуда чиройли ўтди. Маросимдан сўнг "Насаф" жамоасининг икки ҳужумчиси Азамат Алланиёзов ва Бобир Абдухолиқов олдимга келишди. Кўришдик. Сўрашдик. Уларга берган биринчи саволим қуйидагича бўлди: Хўш, иккаланг бу мавсум нечтадан гол урмоқчисанлар? Аввал иккаласи бир бирига маъноли қараб олишди, сўнгра иккаласи ҳам менга қараб бир пайтни ўзида бир хилда елка қисишди. Ахир, сен ўзинг нечта гол уришингни билмасанг, мен қаердан биламан!?

Нимага шаъма қилганимни фаҳмладингиз деб ўйлайман. Ҳужумчининг гол уриш самарадорлиги унинг фикрлаш қобилиятига боғлиқ. Бу дегани, гол ҳақида фикрладим, энди самарадорлигим ошади дегани эмас. Ҳар бир нарсани ўз методикаси мавжуд. Методика, бу - амалда қўллаш услуби. Инсон онгини ишлаш принципини билмасдан самарадорликни ошириш ҳақида гап сўз бўлиши мумкин эмас! Чунки ҳар бир жараённинг ўзига яраша сир - асрорлари мавжуд.

Худо инсонга ҳам яратиш қобилиятини берди. Яратиш эса - жараёндир! Рассомлар расм чизишади, ёзувчилар романлар, ҳикоялар ёзишади, бастакор куйлар яратади, архитектор осмонупар бинолар бунёд этади. Буларнинг ҳаммаси, яъни тамаддуннинг бугунги ҳолати инсониятнинг яратувчанлик қобилияти маҳсулидир. Ҳужумчининг гол уриш қобилияти ҳам худди шундай. У - яратади! Аммо, қандай!? Мана бу эса саволнинг энг қаймоғидир. Гол дегани, бу - буюк ИЛҲОМ, кучли ИСТАК, ўзига бўлган ИШОНЧ ва гол уришга бўлган МУҲАББАТдан девона(маст) бўлиш ҳолатининг маҳсулидир! Бу дегани, жуда-а-а мантиқан тушунтирганда, ботиний онг ва қалбнинг "ўзаро ҳамкорликдаги бизнес"и ҳисобланади. Табиатда шундай қонунлар мавжуд, яъни: ҳеч нарсадан ўз - ўзидан бирор нарса пайдо бўлмайди. Демак, нимадир пайдо бўлиши учун яна нимадир бўлиши керак.

Ўша, "нимадир"ни бир озгина тушунтиришга ҳаракат қилдим. "Парда"ни четини бир оз кўтардим, холос. Бу буткул кўтариб ташладим дегани эмас. Ҳозирча шуни ўзи етарли деб ўйлайман. Замонавий психология фани..., шунчаки уни ўқимайман. Чунки бу фан ҳали инсоннинг илоҳий табиатини тўлиқ асослаб бера олгани йўқ.

Ҳозирги кунда бутун дунё футбол жамоатчилиги Лионель Месси ва Криштиану Роналду иқтидорини таққослашни хуш кўришади. Агар Лионель Месси бўлмаганда Роналду бунчалик кўп гол уролмасди. Агар Роналду бўлмаганда Мессининг ҳозирги самарадорлиги бўлмас эди. Бу нарсаларни уларнинг ўзлари ҳам тан олишади. Хўш, ким кучли? Жисмоний кўрсаткичлар Криштиану Роналдуда, техник қобилият эса Лионель Мессида кучлироқ намоён бўлади. Биринчи қарашда шундай туюлади. Аммо, футболчининг гол уриш қобилияти уларни жисмоний кўрсатгичларига ёки техник қобилиятига боғлиқ нарсалар эмас. Албатта, футболчи учун техник қобилият ва жисмоний кўрсатгич зарур жиҳатлар ҳисобланади, лекин футболчининг гол уриш самарадорлигини ошириш учун энг муҳими эмас.

Бу икки футболчининг гол уриш самарадорлигини боғлаб турувчи энг муҳим жиҳатлардан бири, бу - "маълумотлар"ни қабул қилиш жараёнининг деярли бир хиллигида.

Унда энг муҳими нима?
Энг муҳими, бу - "ИЛМ"дир. "ИЛМ" бу, - "маълумотлар" оқимидир. "Маълумотлар" оқимини қабул қилиш жараёни ҳар бир футболчида олтинчи сезги кўринишида намоён бўлади. Аммо қандай бўлмасин, қуйидаги ҳукм умумқоидаларга зид (парадокс) тарзда жаранглайди - бу "сир"да аслида ҳеч қандай тилсимнинг ўзи йўқ. Уни табиатнинг ўзи намоён қилиб қўйибди. Кўплаб голеадор футболчилар бу "ИЛМ"дан ўзлари англамаган ҳолда фойдаланишади, аммо бу "ИЛМ"нинг нима эканлигини тушунтириб бера олишмайди. Чунки бу ерда бошқа ўлчам ва бошқа катталиклар амал қилади. Бу "нарса"лар мактабда ҳам, олийгоҳларда ҳам ўқитилмайди. "Ҳақиқат" ва "ИЛМ" эса шундан иборатки, у фақатгина ўзликни, ўз қудратини англаш орқалигина қўлга киритилади.

Энг муҳими футболчиларимиз, ҳужумчиларимиз ўзлигини, ўз кудратини англаб етган ҳолда, онгли тарзда бу "ИЛМ"дан фойдаланишлари мумкинми?

Албатта, мумкин! Ҳужумчиларимизни гол уриш қобилиятини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш учун барча назарий асослар етарли. Фақатгина амалда қўллаш қолган, холос. Мен учун бугунги кунда энг зарур нарсалар, бу - амалиёт, амалиёт, амалиёт ва тажриба майдони.

Хўш, нечта гол уришни ҳоҳлайсан?
Мураббий - руҳшунос Маҳмаюсуф Бердиев.

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нечта гол уришни ҳоҳлайсан?