Тажрибали футболчи Анзур Исмоилов Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги фаолиятини якунлади.
Терма жамоада бош мураббий ўзгаргач, орадан кўп ўтмай моҳир ҳимлоячи расмий баёнот билан чиқиш қилди. Қизиқ, Анзур нега тўсатдан бу қарорга келди? Унинг Абрамов билан ишлагиси келмадими? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида ҳимоячидан интервью олдик.
- Миллий терма жамоада мураббий ўзгаргач сиз ҳам фаолиятни тугатдингиз. Бу қандай содир бўлди?
- Аслида терма жамоа билан Осиё Кубогидан кейин хайрлашмоқчи эдим. Ўшанда Одил Аҳмедов иккаламиз Эктор Купер олдига кириб шу мусобақадан кейин терма жамоадан кетамиз, Сизга катта раҳмат дегандик. Лекин Купер бунга унамай ҳали тугатишга эрта, жаҳон чемпионати саралашида ҳам ёрдам беришинглар керак деб ниятимиздан қайтарганди.
Кейин майли деб навбатдаги ўйинларни кута бошладик ва март ойида Хитойда ўтказилган “China Cup” мусобақасига бориб келдик. Ўша ерда терма жамоадаги 100-ўйинимни ўтказдим. Хуллас тугатишга сабаб бор эди. Ҳар ҳолда мамлакатнинг бош жамоасида 100та ўйин ўтказиш ҳам катта воқеа деб ўйлайман.
- Купер кетгач терма жамоа билан хайрлашдингиз ва буни кўпчилик мураббий ўзгаргани билан изоҳлай бошлади.
- Энди буни ҳам инкор қила олмайман. Янги мураббий Вадим Абрамовни ҳаммамиз яхши биламиз. У киши билан олдин ҳам ишлаганман, ёшликда мураббийим бўлган. Ўзимнинг яқин ўртоғим Азиз Ҳайдаров фаолиятини тугатиб, ЎФА терма жамоалар бўлимида иш бошлагач унга ниятимни тушунтирдим. Қолаверса бу борада фикримни Тимур Кападзега ҳам айтдим.
Уларга фаолият тугатиш пайти келганини, бундан кейин эътиборни кўпроқ оиламга ва клубдаги ўйинларимга қаратишим кераклигини билдирдим. Улар эса мени тўғри тушуниб бу фикримни бош мураббийга етказишди. Энди болаларим ҳам катта бўлиб қолди ва оилам билан кўпроқ бирга бўлишни хоҳлайман. Терма жамоада кўп ўйнадим ва ўйлайманки, ёмон таассурот қолдирмадим. Энди бўлса кетадиган вақт келганди, шу боис бир қарорга келдим. Буёғига ёшларга йўл бериш керак. Яхши футболчилар етишиб чиқяпти ва бошқаларнинг ҳам терма жамоада ўйнайдиган пайти келди.
- Бу борада Вадим Абрамов билан учрашдингизми?
- Йўқ, бунга вақт бўлмади. Шу боис ўз фикримни Азиз Ҳайдаров ва Тимур Тоҳировичга айтиб бош мураббийга етказишларини сўрадим. Қароримни мураббийлар штаби тўғри қабул қилганидан хурсандман. Терма жамоамизга жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида омад тилайман.
- Агар мураббий ўзгармаганида бу қарорга келмасдингиз, тўғрими?
- Айтиб ўтганимдек, терма жамоа билан хайрлашиш фикри Осиё Кубогидан кейин келганди. Қишда катта мусобақада қатнашгач, мен учун охиргиси бўлади деб ўйладим. Аммо Купер аҳдимдан қайтариб сен ҳали менга кераксан деди. Шундан сўнг яна ўйнаб юрдим. Сафарда Фаластинга имкониятни бой бергач, бош мураббий ўзгарди ва Вадим Абрамов терма жамоани қабул қилиб олди. Абрамов эса мени тўғри тушунди. Жаҳон чемпионатида ўйнаш пешонага ёзилмаган экан, нимаям қилардик, ёшларга йўл берамиз энди.
- Фараз қилинг, Абрамов ҳам кўнмаганида қандай йўл тутардингиз?
- Абрамов барибир бошқача инсон, у киши ҳар бир футболчини тўғри тушунади. Қолаверса мени анча йилдан бери билади.
- Бу қарор сиз учун фойдали бўлди деб ҳисоблайсизми?
- Ҳозир оиламга кўпроқ вақт ажратяпман дея оламан. Ўғлим ҳам катта бўлиб қолди, уни машғулотларга олиб боришим керак. Бу билан ўзим шуғулланяпман. Болалар кичкиналигида ота-онаси ёнидами ё узоқдами унчалик тушунмайди, катта бўлавергач доим ёнида бўлишингизни хоҳлайди. Агар 30-31 ёш бўлганимда ҳам майли эди. Секин-аста вақт ўтяпти, балки яна қанчадир ўйнаб шу билан фаолиятимни ҳам тугатарман.
- Терма жамоада 104та ўйинда майдонга тушдингиз. Бу сиз учун етарлими?
- Энди барибир кўпроғини хоҳлайсиз. Аввал 100та ўйнасам дейсиз, ундан кейин 200тага етказсам деган ният бўлади. Лекин ҳаммаси вақтга ва ёшга боғлиқ экан. Тўғрисини айтсам, вақт жуда тез ўтди. 104та учрашувда майдонга тушганимни ҳатто ўзим сезмай қолибман. Келажакда нима бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Ким билади дейсиз балки кучга тўлиб яна қайтарман.
- Бу билан айтмоқчисизки, таклиф тушса яна боришга тайёрман, шундайми?
- Энди миллий терма жамоа бу - Ватанимиз бош жамоаси. Ҳамма терма жамоада ўйнасам дейди. Балки кейинроқ сен бизга кераксан дейишса бориб ёрдам беришга тайёрман.
- Терма жамоадаги биринчи ўйинингиз қачон, кимга қарши кечганини эслай оласизми?
- Бошида ўртоқлик ўйинларида майдонга тушганимни биламан. Лекин тўғриси биринчи расмий ўйиним қачон ва кимга қарши бўлгани ёдимда йўқ. Малайзия билан ўйнагандикми ё Ироқ биланми, аниқ эслай олмайман. (Муаллифдан: Анзур Исмоиловнинг терма жамоадаги илк ўйини 2007 йил 2 июль куни Ироқ терма жамоасига қарши кечиб, 21 дақиқа ҳаракат қилган ва Ўзбекистон терма жамоаси 2:0 ҳисобида зафар қучган). Лекин шуни айтишим мумкин, мени терма жамоага биринчи марта Рауф Инилеев чақирганди ва у кишидан миннатдорман.
- Биламизки, марказий ҳимоячилар тандем сифатида ўйнайди. Ўз пайтида сиздан ёши катталар билан тўп тепгансиз. Сизга энг кўп ёрдам берган ҳимоячи ким эди?
- (Бироз ўйланиб) Менимча, Асрор ака Алиқулов бўлса керак. Эсимда Тошкентда Австралияга қарши Асрор ака билан бирга ўйнагандик. Алиқулов ҳам терма жамоада, ҳам клубда менга кўп ёрдам берган. Шунингдек, “Пахтакор”да эканлигимда Гочгули Гочгулиев ҳам кўп маслаҳатлар берарди.
“Трактор”да ўйнаб юрган кезларим мураббийлар мени таянч нуқтасига қўйишган. “Пахтакор”га ўтгач, марказий ярим ҳимояда рақобат кучли эди. Кападзе, Жепаров каби футболчилар билан рақобат қилишга тўғри келарди. 6-7 йил “Пахтакор” ўринбосарлари таркибида ўйнадим, шундан сўнг “Динамо”га ижарага беришди. Самарқандда ўз маҳоратимни ошириб яна “Пахтакор”га қайтдим ва ўйнай бошладим.
- Сиз билан тандем сифатида ўйнаб тез тил топишиб кетган ҳимоячи сифатида кимни кўрсата оласиз?
- Охирги пайтларда Егор Кримец ва Ислом Тўхтахўжаев билан бирга ўйнадим. Ҳар икки футболчини ўзига яраша кучли деб биламан ва бирини иккинчисидан устун қўя олмайман. Шундай экан, бу ўринда яққол биттасини ажратиб кўрсатиш қийин.
- Терма жамоада қайси ўйинлар кўпроқ ёдда қолган?
- 2015 йил Осиё Кубогида Саудия Арабистонини 3:1 ютганимизни асло унутмайман. Бу энг яхши ўйинларимиздан бири бўлганди. Шунингдек, Қатарни ютган ўйинларимиз ҳам ёдимда. Лекин энг унутилмас баҳс сифатида бирортасини ажратиб кўрсатиш қийин. Чунки терма жамоа сафида кўплаб яхши ўйинлар ўтказганмиз.
- Аламли ўйинлар ҳам бўлганми?
- Тошкентда Иордания билан 1:1 ўйнаб пенальтилар сериясида гол ура олмаганим жуда алам қилган. Ўйинда гол уриб пенальтидан тўп кирита олмаганимдан хафа бўлганман. Натижада жаҳон чемпионати саралашида плей-оффдан ўта олмаганмиз. Иордания эса кейинги босқичга йўл олиб Уругвайга қарши иккита ўйин ўтказган.
- Шундай қилиб терма жамоа билан хайрлашдингиз. Агар омадимиз келиб жаҳон чемпионатига чиқсак, бу қарордан афсусланасизми?
- Йўқ, нега энди? Мен қайтанга жуда хурсанд бўламан. Ахир жаҳон чемпионатига боришни бутун халқимиз кутяпти. Ўйлайманки, ҳозирги мураббий билан буни уддаласа бўлади. Чунки Абрамов ўзбек футболини яхши билади ва футболчиларга кўпроқ тўп билан муомалада бўлишимиз кераклигини айтяпти. Абрамов билан ишлаб босимни унчалик ҳис қилмайсиз. У доим майдонда ҳамма қўлидан келган ишни қилиши кераклигини уқтиради.
- Абрамов қўл остида терма жамоа иккита учрашувда ғалаба қозонди. Янги мураббий иш бошлагани сезилдими?
- Охирги иккита ўйинни йирик ҳисобда якунладик ва рақиблар дарвозасига 8та гол урдик. Мана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ Абрамов ҳужумкор футболга урғу беришини айтиб турибди. Купер эса кўпроқ ҳимоявий футболни танларди. Купер пайтида ҳимояда мустаҳам ўйнаб берсак бўлгани эди, олдинда нима бўлса бўларди. Абрамов гол ўтказсак ваҳимага тушмайди, қайтанга битта ўтказиб юборилган голга учта гол билан жавоб беришимиз керак дейди.
- Эктор Купернинг Ўзбекистондаги фаолиятини қандай баҳолайсиз?
- Бу мураббий билан бир йилдан кўпроқ ишладик. Купер яхши инсон, лекин қарашлари бироз эскича эди. Кўряпсиз, ҳозир футбол бир жойда тургани йўқ, ҳамма жойда ривожланиш кетяпти. Купер кўпроқ эски методикани қўллади, бу эса бизга тўғри келмади деб ўйлайман.
- Маълумки, бир нечта мавсумни Хитойнинг “Чанчунь Ятай” клубида ўтказгансиз. Собиқ жамоангизни кузатиб турасизми?
- Ҳа, интернет орқали барча янгиликлардан хабардорман. Афсуски, “Чанчунь Ятай” биринчи лигага тушиб кетган ва ҳозир яна Суперлигага қайтишга ҳаракат қиляпти. Собиқ жамоам биринчи лигада иккинчи ўринда боряпти ва чемпионт тугашига иккита тур қолди. Насиб қилса “Чанчунь Ятай” кейинги мавсумни Суперлигада ўтказади. Хитойда 8 йил ўйнаб бу клубдаги ҳамма билан яқин бўлиб кетганман. Ҳалигача танишлар билан ёзишиб турамиз.
- 10 баллик тизимда Хитойдаги фаолиятни нечага баҳолайсиз?
- Энди у ерда яхши кунлар ҳам, ёмон кунлар ҳам бўлган. Футболда ҳеч қачон фақат зўр бўлмайди. Бошга ҳар нарса тушиши мумкин. Аммо четда ёмон фаолият олиб бормадим деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб 8-9 баллга тортадиган ўйин кўрсатган бўлсам керак.
- Сиз ўйнаган пайтда ҳам Хитойда ҳозиргидек пул кўпмиди?
- Ўшанда ҳам пул бор эди, лекин охирги уч-тўрт йил ичида Хитой клублари мисли кўрилмаган даражада бойиди. Эндиликда улар дунёнинг исталган футболчисини сотиб олиши мумкин. Мен ўйнаган жамоа ўртамиёна клуб бўлиб, йирик трансферларга қўл урмасди. Ҳозир бўлса ҳамма яхши ўйинчиларни қўлга киритиш билан овора.
Х.Холиқов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди