23:54 / 02.11.2019
2 273

Мурод Муҳаммад Дўст: «Улар ўзини ахлоқ дарвозасида қоровулдек тутишмоқда»

Мурод Муҳаммад Дўст: «Улар ўзини ахлоқ дарвозасида қоровулдек тутишмоқда»
Бугун, 2 ноябрь куни «Ўзбеккино» миллий агентлигида Бадиий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Kun.uz нашри хабар беришича, унда «Ўзбеккино» томонидан давлат буюртмасига асосан суратга олинган бадиий фильмларнинг давлат ва нодавлат телеканалларидаги намойиши масаласи муҳокама қилинган.

Йиғилишда жумладан, хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда давлат ва нодавлат телеканаллари орқали намойиш этиш, агентлик ва фильм муаллифлари билан келишилмаган ҳолда айрим муҳим эпизодларни кесиб ташланаётганлиги кескин танқид қилинди.

Хусусан, «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори ўринбосари, йиғилиш олиб борувчиси Шуҳрат Ризаевнинг айтишича, сўнгги вақтларда шунга ўхшаш ҳолатлар юзасидан кинорежиссёр ва ижодкорларнинг эътирозлари ҳам ортиб бормоқда.

«Давлат ва нодавлат телеканалларимизда муаллифлик ҳуқуқи тушунчаси шунчалик қадрсизки, улар киноижодкорлар томонидан ойлар, йиллар давомида тер тўкиб ишланган фильмларни истаганича, хоҳлаган жойидан қирқиб эфирга бераверади.

Бирорта фильмни кўрмаймизки, у тўлиқ эфирга берилган бўлса. Йўқ, албатта қаеригадир қайчи уришади, қаеринидир олиб ташлашади ёки титрларни кесишади.

Мана шундай қисқартиришлар, кесишлар туфайли фильмларимизнинг ғоявий ва бадиий савиясига путур етмоқда.

Шунингдек, давлат ва нодавлат телеканалларида намойиш этилаётган фильмларнинг (мультфильмлар, ҳужжатли фильмлар ва рангли фильмлар) айримлари муайян шартнома асосида берилгандир, аммо кўпчилиги соф қароқчилик йўсинида фойдаланилмоқда», дейди у.

Мавзу юзасидан сўз олган кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов фикрича, «Ўзбеккино» томонидан тасдиқланган ва давлатнинг мулки бўлган фильмларнинг қўпол равишда кесиб ташланиши – кулгили мантиқсизликдир.

«Бирор фильмим йўқки, у кесилмаган бўлса, ҳатто «Ватан»дан ҳам кўплаб эпизодларни кесиб ташлашди.

Яқинда очилган Ўзбекистон тарихи телеканалида «Берлин-Оққўрғон» фильмим намойишини кўриб рости, йиғладим. Биласизми, фильмнинг бор мазмунини очиб берадиган кадрлар йўқ.

Севишганларнинг биринчи бўсаси, қизил немис байроғи кўрсатилган, одам чавақланиб ётган кадрлар олиб ташланган.

Каналда ишлайдиган танишимнинг айтишича, бу тепадан тушган буйруқ экан. Буйруқнинг сабабини қаранг, немисларни ўша байроғи бизни Халқлар дўстлигидаги байроқдан кўра каттароқ экан.

Наҳотки, кино фильмларимизнинг тақдири шундай савиясиз, маданиятсиз, маълумотсизлар қўлига қолган бўлса.

Ходжаев билан ҳам гаплашдим (Алишер Ходжаев – МТРК раиси таҳ.). Унинг айтишича, қўлида 3 мингта одам ишлар экан ва уларнинг орасида аҳмоқлари ҳам бормиш. Лекин кечирасиз, эфирга у жавобгар-ку.

Мен «Ўзбеккино» миллий агентлигида раҳбарлик қилган ҳамма инсонларга бу масалани айтганман, лекин улар телевидение билан алоқалар ёмонлашишидан қўрқишади.

Мен 29 йил давомида телевидениедан бир тийин сўрамаганман, ваҳоланки, бутун дунёда ҳар бир намойиш учун муаллиф пул олади. Агар менинг киноларимга 100 минг сўмдан тўлашганида ҳам мен ҳозир Mercedes’да юрган бўлардим.

Ахир, телевидение рекламалардан миллиардлаб пул топаяпти-ку.

Мен юксак кабинетларга киролмайман, сизлар шу гапларимни давлат телеканаллари раҳбарларига етказинглар», дея агентлик раҳбари Фирдавс Абдухолиқовга мурожаат қилди таниқли кинорежиссёр.

Йиғилишда Бадиий кенгаш аъзоси Мурод Муҳаммад Дўст ҳам сўз олди. Унинг айтишича, бу каби гаплар кўп йиллардан бери гапирилади, аммо ижодкорнинг фикри ҳеч кимни қизиқтирган эмас.

«Билмайман, давлат телеканаллари нимани ва нимадан ҳимоя қилмоқчи ўзи?

Агар фильмларни қирқадиганлар жуда уятчан бўлишса, қонунда белгиланганидек, ёш тоифасига доир белги билан чиқаришсин (+18 таҳ.), лекин фильмларимизда жуда уятли гаплар ҳам йўқ-ку. Агар назоратчиларнинг бу уятчанлиги бўлса, қандай қилиб «Шум бола»ни, «Ўтган кунлар»ни одамларга кўрсатамиз?

Мен тушунмайман, бу «уятчанлар» ўзини худдики жамиятни ахлоқ дарвозаси олдига қўйилган қоровулдек тутишади.
Агар давлат телеканаллари кино кесишни шундай давом эттирса, «Ўзбеккино»нинг бадиий кенгаши нима керак?
Уларга ижодкор меҳнати, ижоди деган тушунчаларнинг эса тийинчалик қадри йўқ», дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Йиғилишда «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов бадиий кенгашда билдирилган фикрлар инобатга олинишини, ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига агентликнинг огоҳлантириш хати юборилиши, агар бу огоҳлантириш хати иш бермаса, телеканаллар билан қонуний асосда суд орқали муносабатлар ойдинлаштириб олинишини билдирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мурод Муҳаммад Дўст: «Улар ўзини ахлоқ дарвозасида қоровулдек тутишмоқда»