14:20 / 09.11.2019
2 720

Шунчаки, «қора чизиқ»ми ёки?

Шунчаки, «қора чизиқ»ми ёки?
Маттейс де Лигт Италия «А» сериясининг қаторасига 3та турида ўз жамоаси жарима майдони ичида тўпга қўли билан тегинди. Унинг 2та хатоси оқибати билинмади, лекин бир сафар «Ювентус» шу туфайли қимматли очколарни йўқотди. Туринликлар ёзги трансферлар вақти нидерландиялик истиқболли футболчини не азоблар билан нақ 85 миллион еврога сотиб олишганди.

Ўшанда бош мураббий Маурицио Сарри таркиб масаласи режасида ҳеч нарса ўзгармаганини таъкидлади. Яъни бошланғич таркибда барибир, Жоржо Кьеллини - Леонардо Бонуччи жуфтлигига ишонч билдиришда давом этишини алоҳида таъкидлади. Бироқ августнинг охирги куни Кьеллини тиззага боғлиқ жиддий жароҳатга йўлиқди ва энди таркибда унинг ўрнида айнан де Лигт майдонга тушмоқда.

«Аякс» сафида порлаган, жумладан, ЧЛ-2018|2019да «Ювентус»ни ҳам аямаган Маттейс янги жамоадаги илк ўйинларида жуда муваффақиятсиз ҳаракатланди. Нидерландия­лик футболчи кетма-кет қўпол хатоларга йўл қўйишдан ташқари, ҳаттоки, автогол муаллифига ҳам айланди. Бу ҳолва бўлиб чиқди: Маттейс «А» сериянинг 7-9-турларида ўта ёқимсиз серияга юз тутди. Яъни миллий чемпионат доирасидаги қаторасига 3та учрашувда ўз жамоаси жарима майдонида қўлини ишга солди:

1. «Интер»га қарши ўйинда, «Юве» 1:0 ҳисобида олдинда бораётган паллада. Пенальтини Лаутаро Мартинес голга айлантирди, лекин кейинчалик де Лигтни хижолатчиликдан Гонсало Игуаин қутқарди. Аргентиналик ҳужумчи иккинчи бўлим охирида Родриго Бентанкурнинг узатмасидан унумли фойдаланиб, «Ювентус» ғалабасини таъминлади - 2:1.

2. «Болонья»га қарши ўйинда. Тўғри, бу вазиятда омад де Лигт томонида бўлди: ҳакам негадир қўл билан ўйналганига эътибор қаратмади, ҳаттоки, VAR тизими ёрдамига ҳам эҳтиёж сезмади.

3. «Лечче»га қарши ўйинда. Бунисида Маттейснинг хатоси оқибати кўринди. Зеро, рақиб пенальти воситасида гол урди ва ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Тўғри, «Юве» қайдномасига Криштиану Роналду, Аарон Рэмзи ва Дуглас Коста киритилмаган вақтда ғалаба қозониш қийин...

P.S.: Буни қарангки, 11-тур доирасида «Торино»га қарши кечган сафар учрашувида ҳам де Лигт ўз одатига хос тарзда ҳаракатланди: тўп яна унинг қўлига тегди, бироқ ҳакам ушбу вазиятни назардан четда қолдирди. Мазкур ҳолат «Торино» бош директори Андреа Комининг жаҳлини чиқарди: «Эътиборга молик жиҳати шундаки, «Лечче» билан ўйинда худди шундай вазият учун «Ювентус»га пенальти тепиш ҳуқуқи берилганди. Ҳолат анча ўхшаш, аммо нега бирида 11 метрли жарима зарбаси белгиланди-ю, иккинчисида ҳакамлар бошқача қарор чиқаришди, тушунмадим. Ҳар бир нарса ўз ўрнида бўлгани маъқул эмасми?!». Дарвоқе, «Торино»га қарши кечган баҳсда ягона ғалаба голи айнан Маттейснинг ҳисобига ёзилди. Тақдир ҳазилимикан, бу?
А.Аҳмедов тайёрлади

Манба: interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шунчаки, «қора чизиқ»ми ёки?