19:08 / 14.01.2015
4 755

Ўзбекистон эмас, мураббий ютқазди...

Ўзбекистон эмас, мураббий ютқазди...
Бугунги ўйинни Ўзбекистон терма жамоаси эмас, бош мураббий Миржалол Қосимов ютқазди. У бошланғич таркибни танлаганидаёқ ютқазиб бўлганди.

Қизиқ, мураббий нима учун биринчи ўйинга нисбатан таркибда ҳеч қандай ўзгариш қилгани йўқ? Таркиб танлашда рақибнинг имкониятлари ва хусусиятлари инобатга олиш керак эмасми? Ёки биз 3-4 йил аввалги “Барселона”мидикки, ҳар қандай рақибга қарши фақат ўзимизнинг ўйинимизни қилиб, ютиб ташлайверсак? Таркибда кўзи ёниб турган, ўзини кўрсатишга тайёр турган футболчилар бор-ку! Сардор Рашидов, Жамшид Искандеров, Шуҳрат Муҳаммадиев... Саволлар шунчалик кўпки, ақлли мураббий ҳаммасини олдиндан кўра олиши ва бунчалар кўп саволга имконият қолдирмаслиги керак эди.

Майли, Муллажонов масаласини олдиндан тахмин қилиб бўлмасди. Шавкат битта сариқ карточка олиб, кетидан битта оғзаки огоҳлантириш олди. Уни алмаштириш шарт эди. Лекин Рашидов, Ҳасанов, Искандеров, Муҳаммадиевлардан айримларини бошланғич таркибда туширишга нима халал берди? Агар булардан айримлари бошланғич таркибдаёқ туширилганида, ҳисобимизда 3та ўзгартириш имконият қолардику. Мураббий барибир Рашидов ва Ҳасановни туширди-ку!

Ўзи ўйинга қанақа стратегия ва мақсад танлагандик? Мақсад оғиркарвон футболчилар орқали ўйин темпини туширишмиди? Тезкор хитойликларга қарши тезкор ўйинчилар керак эмасмиди? Бутун ўйин давомида битта рекошет орқали урилган гол ва 16 метрдан белгиланган жарима зарбасини ҳисобга олмаганда, бошқа тайинли вазият ярата олмапмиз-а! Ўзбекистон терма жамоаси ютқазиб турган вазият учун олдиндан белгиланган “План Б” ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили.

Бугун мураббий ютқазди, тезликда ютқаздик, руҳиятда ютқаздик, ҳамма нарсада ютқаздик. Энди, терма жамоамиз чорак финалга чиқиши учун сўнгги турда Саудия Арабистони устидан фақат ғалаба қозониши шарт. Бизни дуранг ҳам қаноатлантирмайди. Боз устига, энди гуруҳдан фақат иккинчи ўрин билан чиқишимиз мумкин, холос. Хитой эса муддатидан аввал гуруҳда 1-ўринни эгаллаб бўлди.

Осиё кубоги-2015, "В" гуруҳи, 2-тур
ХИТОЙ - ЎЗБЕКИСТОН – 2:1 (0:1)
Гол: Ву Си (55), Сун Ке (68) — Одил Аҳмедов (22)
Огоҳлантиришлар: Жен Хан (35) — Шавкат Муллажонов (18)
Хитой: Ван Далэй, Чжэн Чжи, Цзян Чжипэн, Чжан Линьпэн, В Си, Жэнь Хан, Ву Лэй, Мей Фан, Ю Хай, Гао Лин (Сун Ке 62), Чжан Шэндонг (Лиу Бинбин 81).
Ўзбекистон: 12.Игнатий Нестеров, 23.Акмал Шораҳмедов, 3.Шавкат Муллажонов (Ислом Тўхтахўжаев 46), 5.Анзур Исмоилов, 19.Виталий Денисов, 7.Азиз Ҳайдаров, 9.Одил Аҳмедов, 18.Тимур Кападзе, 17.Санжар Турсунов (Жасур Ҳасанов 71), 8.Сервер Жепаров (Сардор Рашидов 62), 11.Игорь Сергеев.
Бош ҳакам: Муҳаммад Абдулла Ҳассан (БАА)

Манба ва фото: Stadion.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)