22:20 / 08.12.2019
2 433

Суперлига-2019: «Йил жамоаси»дан кимлар ўрин олди?

Суперлига-2019: «Йил жамоаси»дан кимлар ўрин олди?
Бутун мавсум давомида Суперлига учрашувларини кузатиб, таҳлил қилиб борган, ПФЛ билан ҳамкорликда ой лауреатларини аниқлаган, ҳар турдан кейин тур рамзий жамоасини эълон қилиб борган Tribuna.uz сайти 2019 йилги чемпионат якунларига кўра, мавсум рамзий жамоасини тузди.

Дарвозабон:

Ўткир Юсупов
Клуби:
«Навбаҳор»
Ўйинлари сони: 24
Суперлига-2019нинг энг яхши посбони бўлиш учун даъвогарлар орасидан «Навбаҳор» посбони Ўткир Юсуповни танладик. Наманганликлар посбони етакчи клублар дарвозабонлари Элдор Суюнов, Санжар Қувватов, Жавоҳир Илёсов, Мурод Зуҳуров, Игнатий Нестеров ва қолган дарвозабонлардан энг кўп – 24 та ўйин ўтказиб, энг кам – 19 та гол ўтказди. Шу билан бирга 2 марта пенальтини қайтаришга муваффақ бўлди. 28 ёшли Ўткир Юсупов дарвозабон бўлишига қарамай, мавсум давомида «Навбаҳор»нинг етакчиларидан бири бўла олди.

Ҳимоячилар:

Ҳожиакбар Алижонов
Клуби:
«Пахтакор»
Ўйин ва голлари сони: 21 ўйин, 1 та гол
Чемпионликка эришган «Пахтакор» асосий таркибидаги энг ёш футболчи Ҳожиакбар Алижонов мавсум кашфиётларидан бири бўлди. 22 ёшли ҳимоячи нафақат ОЧЛ ва миллий жамоада, балки Суперлигада ҳам ажойиб ўйинлар намойиш этди. Ҳожиакбар нафақат ҳимояда балки ҳужум ташкил этишда ҳам ўнг қанотда Арвеладзе учун муҳим фигурага айлана олди. Битта гол уриш билан бирга жамоасининг қатор голларига асситентлик ҳам қилди.

Ислом Тўхтахўжаев
Клуби:
«Локомотив»
Ўйин ва голлари сони: 24 ўйин, 5 гол
«Темирйўлчилар» сардори Ислом Тўхтахўжаев бу мавсумни ҳам юқори даражада ўтказа олди. 30 ёшли футболчи «Локомотив»нинг 2-ўрин билан ОЧЛга йўлланма олишига катта ҳисса қўшди. Ислом бу йилги ўйинлар сони бўйича жамоада Анзур Исмоиловдан кейинги ўринда жой олган бўлса-да, ҳимоячи бўлишига қарамай, 24 ўйинда 5 марта рақиблар дарвозасини ишғол этиб, жамоасига муҳим очколарни тақдим этди. Энг муҳими, «Локомотив» мавсумда энг кам гол ўтказиб юборган жамоа бўлди – 16 та гол.

Дарко Станоевич
Клуби:
«Сурхон»
Ўйин ва голлари сони: 25 ўйин, 3 гол
Турнир дебютанти «Сурхон» жамоасининг мавсумни муваффақиятли ўтказишига легионерлардан иборат ҳимоя қўрғонининг ҳиссаси катта. Термиз клубининг 6-ўринни эгаллаши ва Суперлигада бу жамоа дарвозаси томон умуман пенальти белгиланмаганлигига марказий ҳимоядаги сербиялик Станоевич-Бубанья жуфтлигининг ўрни катта. Айниқса, Дарко Станоевич энг қийин паллалардаги муҳим учта голи ва ҳаракатлари билан жамоа жонига оро кирди. Клуби сафида мавсумда энг кўп ўйин ўтказган футболчи бўлди.

Станислав Андреев
Клуби:
«Металлург»
Ўйин ва голлари сони: 25 ўйин, 5 гол
Чап қанот ҳимоясида «Пахтакор» вакили Фаррух Сайфиев бош даъвогар бўлса-да, Суперлигада ундан самаралироқ яна бир чапақай ҳимоячи бор эди, бу – Станислав Андреевдир. Бекобод клуби сафида кучли бешликдан ўрин олган Стас бутун мавсум давомида жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказиб, 5 марта рақиблар дарвозасини ишғол этди, 3 марта голли узатмага муаллифлик қилди.

Ярим ҳимоячилар

Кахи Махарадзе
Клуби:
«Сўғдиёна»
Ўйин ва голлари сони: 26 ўйин, 5 гол
Улуғбек Бақоев қўл остида Жиззах жамоаси кутилмаганда ОЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб борган бўлса-да, якунда 4-ўрин билан чекланди. Бу ҳам «Сўғдиёна» учун катта ютуқ, аслида. Жамоа муваффақиятига грузиялик легионер Кахи Махарадзенинг ҳиссаси катта бўлди. Бўйдор ярим ҳимоячи бутун мавсум давомида жамоасининг барча ўйинларида майдонга тушган ягона футболчи бўлиб, 26 учрашувда 5та гол уришга эришди, 4та голга ҳаммуаллифлик қилди.

Нурилло Тўхтасинов
Клуби:
«Бунёдкор»
Ўйин ва голлари сони: 24 ўйин, 6 гол
22 ёшли футболчи ўтган мавсум Сергей Лушан қўл остида «Сўғдиёна» сафида майдонга тушиб мухлисларга танила бошлаган бўлса, бу йил Вадим Абрамов бошқарувида мавсум кашфиётларидан бирига айланди. Ярим ҳимоячи 24 ўйинда майдонга тушиб, жамоасининг 6та муҳим голига муаллифлик қилди, 5 марта голли узатмани амалга оширди. «Қалдирғочлар» билан ОЧЛга йўлланма олган футболчи бутун мавсум давомида Абрамовнинг майдон марказидаги «ижодкор», ҳужумларни ташкил этувчи «мотор»га айлана олди.

Хуршид Ғиёсов
Клуби:
«Бунёдкор»
Ўйин ва голлари сони: 25 ўйин, 12 гол
«Бунёдкор» сафида беш мавсумдан буён тўп сураётган Хуршид Ғиёсов учун 2019 йилги мавсум фаолиятидаги энг яхшиси бўлди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Вадим Абрамов қўл остида янги қирраларини намойиш этди, жамоасининг муҳим футболчисига айланиб, 12 та голи билан тўпурарлар рўйхатига қўшилди. Айнан унинг голи амалдаги чемпион «Пахтакор»нинг мавсумдаги ягона мағлубияти билан якунланди. 24 ёшли футболчи мавсум давомида «Бунёдкор» сафида етакчилик қилиб, клуби билан ОЧЛ йўлланмасига эга чиқди.

Жалолиддин Машарипов
Клуби:
«Пахтакор»
Ўйин ва голлари сони: 25 ўйин, 4 гол
Мавсумнинг энг яхши футболчиларидан бирига айланган Жалолиддин Машарипов «Пахтакор»нинг бир мавсумнинг ўзида учта совринга эга чиқишига катта ҳисса қўшди. 26 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи 25 ўйинда майдонга тушиб, 4 та голга муаллифлик қилган бўлса-да, голли узатмалар муаллифи сифатида Машариповга Суперлигада ҳеч ким тенг кела олмайди. Жалолиддин Суперлигадаги 25 ўйинда 16 марта жамоадошларининг голига асситентлик қилган бўлса, 7 марта пенальти ишлашга муваффақ бўлган. Ажойиб натижа.

Ҳужумчилар:

Драган Черан
Клуби:
«Пахтакор»
Ўйин ва голлари сони: 24 ўйин, 23 гол
«Пахтакор»нинг легионер ҳужумчиси Драган Черан 2019 йилги Суперлиганинг энг яхши футболчиси номига даъвогарлик қилиши аниқ. 32 ёшли сербиялик голеадор ушбу мавсумда чемпионатнинг аксарият клубларидан кўпроқ – 23 та гол уришга эришиб, энг яхши тўпурарга айланди. Черан жамоасининг қатор голларига ҳам ҳаммуаллифлик қилди.

Ҳумоюн Муртазоев
Клуби:
«Насаф»
Ўйин ва голлари сони: 26 ўйин, 14 гол
«Насаф» ҳужумчиси Ҳумоюн Муртазоев 14та голи билан тўпурарлар рўйхатида Игорь Сергеев ва Зафар Полвоновлардан кейинги ўринда жой олган бўлса-да, 27 ёшли форвард мавсум давомида қаршиликларнинг етакчисига айлана олди ва муҳим голларга муаллифлик қилди. Қолаверса, 2018 йилги мавсумда Про-лигада тўп сурган Ҳумоюннинг «Насаф» сафидаги дастлабки йилида Суперлигада тўпурарлар сафига қўшилгани сабаб айнан Муртазоев йил рамзий жамоасидан ўрин олди.

Захира таркиб: Жавоҳир Илёсов (Локомотив), Дилшод Саитов (Насаф), Анзур Исмоилов (Локомотив), Мурод Холмуҳаммедов (Қўқон-1912), Фаррух Сайфиев (Пахтакор), Санжар Қодирқулов (Бунёдкор), Жамшид Искандеров (Локомотив), Шавкат Саломов (Сурхон), Достонбек Ҳамдамов (Пахтакор), Зафар Полвонов (ОКМК), Игорь Сергеев (Пахтакор)

Бош мураббий: Шота Арвеладзе

Суперлиганинг энг яхши мураббийи бўлиш учун Шота Арвеладзе, Вадим Абрамов, Улуғбек Бақоев даъвогарлик қилган бўлишса-да, улар орасидан грузиялик мураббийни рамзий жамоага киритдик. Ҳар ҳолда Ўзбекистондаги учта совринга ҳам эга чиққан мутахассисни танламаслик адолатдан бўлмасди. Айнан унинг қўл остида «Пахтакор» ўз ўйин услубига эга бўлиб, мамлакат футболининг яққол байроқдорига айланди.

Усмон ИБОДОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлига-2019: «Йил жамоаси»дан кимлар ўрин олди?