16:50 / 12.12.2019
2 664

Хорватия терма жамоаси собиқ футболчиси: "Шомуродов - топ ўйинчи"

Хорватия терма жамоаси собиқ футболчиси: "Шомуродов - топ ўйинчи"
"Бунёдкор" ва "Пахтакор"даги ўйинлари билан ўзбек мухлисларига таниш бўлган Хорватия терма жамоаси собиқ футболчиси Юрица Булятдан интервью олдик.
"Бунёдкор"даги қисқа фаолияти давомида клуб мухлисларининг меҳрини қозониб улгурган футболчи фаолиятини Хорватиянинг "Задар" клубида бошлаган. "Бунёдкор"га қадар эса "Хайдук" (Сплит), "Маккаби" (Хайфа), "Энерги" ва Украинанинг "Металлист" жамоаларида ўйнаган. 2016 йилда "Бунёдкор" аъзосига айланган Юрица ажойиб мавсум ўтказди.

"Қалдирғочлар" ўша мавсумда кам гол ўтказишди ва бунда тажрибали ҳимоячининг хизматлари беқиёс бўлди. 2017 йилда "Пахтакор"га ўтиб ишлари юришмаган футболчи Белоруснинг БАТЭ клуби билан шартнома имзолайди. Ундан сўнг эса Пловдивнинг "Локомотив" ва Запрешичнинг "Интер" клубларида тўп тепди.

- Маълумотларга қараганда сизнинг сўнгги клубингиз Запрешичнинг "Интер" клуби бўлган экан, аммо ҳозирда у ерда ўйнамаяпсиз. Шу ҳақда гапириб берсангиз?
- Ҳа, менинг охирги клубим "Интер" (Запрешич) бўлди ва мен у ерда июлга қадар ўйнадим. Сўнгги 6 ойда клубсиз эдим. Қишда бошқа яхши клуб топишга ҳаракат қиламан. Унгача эса эркин агентман.

Хорватиялик ҳимоячи Ўзбекистондаги фаолияти давомида "Бунёдкор"да 37та, "Пахтакор"да эса 9та ўйин ўтказган.

- "Бунёдкор"га келишингиз, клуб, шаҳар ва бошқалар таассуротлар ҳақида гапирсангиз?
- "Бунёдкор"га ўтишим мен учун яхши ҳолат бўлган ва яхши натижаларга эришганман. "Бунёдкор" билан Чемпионлар Лигасида ҳам ўйнаганмиз ва бу мен учун ёқимли бўлган. Аммо, ўша пайтларда "Локомотив" биздан кўра анча яхшироқ ҳолатда эди. Бизда жуда ёш ўйинчилар ўйнарди: Ашурматов, Шукуров, Ҳамдамов ва Комилов. Биз ёш таркиб билан биргаликда яхши, шаклланган жамоага ҳам эга эдик. Ҳозир эса улар ажойиб ўйинлар намойиш этаётганликларидан хурсандман. Умуман олганда мен учун ҳаммаси яхши эди, мен у ерда доим роҳатланганман. Ҳаёт ҳам зўр эди.

"Пахтакор"даги фаолиятим эса яхши даврлар бўлмаган. Аммо, мен "Пахтакор"нинг Ўзбекистондаги энг катта клуб сифатида биламан. Уларда ҳар йили яхши натижалар бор ва чемпионатда ҳар йили совринларни қўлга киритишади. Аммо, ўша пайтларда клубнинг сиёсати ўзгарди ва янги одамлар келишди, шунга ўхшаш нарсалар. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам клуб ва мураббийлар ҳақида ёмон гап айта олмайман. Чунки мен Ўзбекистонда 1,5 йил яшадим ва у ерда кўплаб ажойиб дўстлар орттирдим. Айтмоқчиманки, у ерда яхши пайтларимни ўтказдим ва бирор бир ёмон гап айта олмайман.

- Ўзбекистонлик дўстларингиз билан ҳали ҳам алоқадамисиз? "Бунёдкор" ёки "Пахтакор"нинг ўйинларини кузатиб борасизми?
- Ҳа, у ерда кўплаб дўстларим бор ва мен улар билан баъзан интернет орқали ёзишиб турамиз. Тўғрисини айтсам, кўп ҳам ўйинларни кузата олмайман. "Инстаграм", "Фейсбук" ва видеолар орқали баъзан янгиликлардан хабар топиб тураман.

- Юқорида айтган футболчиларингиздан ташқари сиз билан тўп тепганлар орасида Элдор Шомуродов ҳам бор ва у ҳозирда ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. Сизга Ўзбекистонда ёққан футболчиларни айта оласизми?
- Шомуродов билан бирга ўйнаганман ва у яхши футболчи эканлигини таъкидламоқчиман. У карьерасини яхши давом эттирмоқда. Шубҳасиз, топ ўйинчи. Шомуродов, Комилов, Ҳамдамов ва Ашурматовларнинг ўйинлари менга ёқади. Бу футболчилар Ўзбекистоннинг энг катта истеъдодларидир. Улар ҳозир ҳам яхши ўйнаётганликларидан хурсандман.

- Ўзбекистон чемпионати ва сиз ўйнаган бошқа чемпионатларнинг фарқи нималардан иборат?
- Ҳа, кичик фарқлар бўлиши мумкин. Бу машғулолтлар интенсивлигида ва тактикаларда намоён бўлиши мумкин. Аммо, фарқлар жуда ҳам сезиларсиз. Айтишим мумкинки, ўзбеклар жуда иқтидорли спортчилардандир.

- Хорватия ва Лука Модрич Европа чемпионати саралаш баҳсларида ажойиб ўйин кўрсатишди ва 1-ўринни олган ҳолда асосий мусобақага йўлланма олишди. Хорватия Евро-2020ни юта олади деб ўйлайсизми?

- Бизда топ-клубларда ўйнайдиган яхши футболчилар ва аъло даражадаги муҳит бор. Муболағасиз айтишим мумкинки, биз яна Евро-2020ни асосий фаворитларидан бўлишимиз мумкин. Аммо, бу кўп нарсаларни ўз ичига қамраб олади. Чунки бу бутун мавсум давомида бўлиб ўтадиган чемпионат эмас, балки турнирдир. Битта ўйин кўп нарсани ҳал қилиб қўйиши мумкин ва сизда жавоб ўйини учун имконият йўқ. Аммо, мен чин дилдан ишонаман ва умид қиламанки биз Россияда бўлгани каби яна муваффақият қозонамиз, чунки бизда дунёнинг энг яхши клубларида ўйнаётган тажрибали ва ҳақиқатдан ҳам ажойиб ўйинчилар бор.

33 ёшли Булят турли йилларда Хорватия ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоалари сафида ҳаракат қилган. Шунингдек, Хорватия миллий терма жамоаси таркибида иккита учрашув ўтказган.

- Фаолиятингиз давомида сиз билан ўйнаган энг яхши 3 футболчини айта оласизми?
- Лука Модрич, Бубакар Саного ва Флорин Чернат.

- "Бунёдкор" ва ўзбек футбол мухлисларига тилакларингиз?
- Сизга янги йилда, яъни 2020 йилда ҳамма яхши тилакларни тилайман. Соғлик ва кўплаб муваффақиятлар ёр бўлсин. Салом Ўзбекистон.

Совринлари:
Хорватия чемпионатининг иккинчи ўрин соҳиби - 2010/11, 2009/10, 2008/09, 2006/2007
Беларусь чемпионати ғолиби - 2017
Ўзбекистон чемпионатининг иккинчи ўрин соҳиби - 2016
Хорватия Кубоги ғолиби - 2009/10, иккинчи ўрин соҳиби - 2008/09, 2007/2008
Исроил Кубогининг иккинчи ўрин соҳиби - 2011/12
Алишер Остонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хорватия терма жамоаси собиқ футболчиси: "Шомуродов - топ ўйинчи"