Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида гуруҳ босқичи якунланди. Айрим клублар баҳорги ўйинларгача қишки трансферларда таркибни кучайтириб олиш учун ҳаракат бошлади, айрим футболчилар мавсумнинг биринчи қисмидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда клубини ўзгартиришга тараддудланмоқда.
Қуйида яқин вақтлар ичида клубини ўзгартириши кутилаётган 5 нафар футболчи ҳақида келтирилади.
Марио Манжукич
Янги мавсум бошланишидан олдиноқ «Ювентус» устози Маурицио Сарри жамоасида ҳужумчилар етарли экани ва хорватиялик Марио Манжукични бошқа клубга сотишга тайёрлиги ҳақида маълум қилганди. Ёзда ушбу хорватиялик футболчига харидор топилмади, у 24 сентябрь кунидан буён туринликлар клубининг заявкасидан ўрин олмади. Унгача эса Манжукич ўйинларни захира ўриндиғидан кузатаётганди.
ESPN нашри аввалига Марио «Манчестер Юнайтед»га ўтиши ҳақида хабар тарқатди, аммо 20 ноябрь куни шу нашрда «МЮ» бошқа бир болқонлик ҳужумчи Эдин Жекони сотиб олишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берди. Sport Bild нашрининг тасдиқлашича, Дортмунднинг «Боруссия» клуби Манжукични сафига қўшиб олишга қарши эмас. Ушбу тажрибали футболчининг (у айни вақтда 33 ёшда) трансфер қиймати 8-10 млн еврога тенг, яна бир плюс эса у жорий мавсумда «Ювентус» сафида Чемпионлар лигасида иштирок этмаган ва у дортмундликларга плей-офф ўйинларида ёрдам бериши мумкин. Туринликлар клубининг Рождество байрамига ҳам чақирилмаган футболчида фаолиятини Қатар чемпионатида давом эттириш варианти ҳам бор.
Дрис Мертенс
Ҳозирда «Наполи»да хаос ҳукмрон, футболчилар ва клуб президенти ўртасидаги зиддият авжига чиқмоқда. Муаммони Карло Анчелоттининг истеъфоси ҳам ҳал қила олмади, клуб Женнаро Гаттузо бошқарувидаги илк ўйинда Неаполда «Парма»га ютқазди ва бу вазиятдан безор бўлган етакчи футболчилар клубни тарк этиш ҳақида ўйламоқда. Жумладан, 2013 йилдан буён клуб сафида тўп сураётган Дрис Мертенс ҳам. La Gazzetta dello Sport нашрининг ёзишича, клуб раҳбарияти ва футболчи 2020 йил майига қадар тузилган шартномани узайтириш борасида келишувга эриша олмади. Бельгиялик футболчига бирданига учта клуб даъвогар бўлиб турибди: Истанбулнинг «Галатасарой», Дортмунднинг «Боруссия» ва Миланнинг «Интер» клублари. Мертенснинг ўзи бошқа чемпионатга йўл олиш ниятида эмаслигини айтган ва шу туфайли миланликларнинг имкониятлари устунроқ баҳоланмоқда. Қолаверса, «Интер» 32 ёшли ҳужумчига йилига 4 миллион евро миқдорида маош тўлашга тайёр. Ҳозирда Мертенснинг трансфер нархи 25 миллион евро туради.
Поль Погба
Ёзда Погба билан боғлиқ хабарларга трансфер ойнаси ёпилиши арафасида нуқта қўйилганди. Поль «Реал»га ўтишни жуда истаган, аммо «МЮ» раҳбарияти жуда катта пул сўрагани учун мадридликлар музокараларни тўхтатишганди.
Ҳозир бу тарих яна такрорлаши мумкин, аммо Погбани ўз сафига қўшиб олиш «Реал»га қийин бўлади. Мадридликларга жуда жиддий рақобатчи — Туриннинг «Ювентус» клуби пайдо бўлган. «Ювентус» ҳақида ҳамиша ишончли хабарлар тарқатадиган, ушбу нашр билан яқин алоқаларга эга бўлган Tuttosport нашри маълумотига кўра, «бьянконери» яқин вақтлар ичида музокараларнинг биринчи босқичига киришади. Шу кунларда клуб спорт директори Фабио Паратичини Манчестерда кўришган, «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер эса ҳамон Погба сафга қайтиб, майдонга туша бошлашидан умид қилмоқда. Француз футболчиси 30 сентябрь кунидан буён тўпиқ суягидаги жароҳат туфайли майдонга тушмаяпти, аммо айтишларича у аллақачон тузалган, лекин «Манчестер Юнайтед» сафида бошқа ўйнашни истамаяпти. Погбанинг трансфер нархи 100 млн евро атрофида, аммо икки топ-клуб унга кўпроқ тўлашга тайёр.
Эрлинг Ҳоланд
ўйинда 8 голга муаллифлик қилди, биринчи турда «Генк»га қарши ўйинда 37 дақиқа ичида ҳет-трик қайд этганида у ҳақида бутун дунё гапира бошлади. Айни вақтда норвегиялик бу футболчига Европа грандлари ов бошлаган, «Ювентус» унинг агенти Мино Райола билан алоқага чиққан, «РБ Лейпциг» ўзининг фарм-жамоаси бўлмиш «Зальцбург» билан осонгина келишишни режалаштирмоқда, «Бавария» ҳам уни назардан қочирмаяпти, «Боруссия» Дортмунд эса унга ёрқин келажак ваъда қилмоқда. Лекин Ҳоланд учун курашда асосий фаворит «Манчестер Юнайтед» ҳисобланмоқда.
Чунки «қизил иблислар»нинг бош мураббийи Оле-Гуннар Сульшер Норвегияда «Мольде» клубида Ҳоландга устозлик қилганди. Daily Mirror нашри маълумотига кўра, «МЮ»нинг етакчи скаутларидан бири Марсель Бут «Зальцбург»нинг ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасида «Ливерпуль»га қарши кечган ўйинини трибунада ўтириб кузатган. Топ-клублар ҳаракатга тушгач Сульшернинг сабри чидамай норвегиялик шогирди билан учрашиш учун Австрияга учган ва уни яна ўзи билан ҳамкорлик қилишга ундаган.
Марказий ҳужумчиларга хос тарзда бўйи баланд, техника ва тезлиги ҳам жойида бўлган ушбу истеъдодли футболчи ЕЧЛдаги ёрқин ўйинларидан ташқари, Австрия чемпионатида ҳам 14 ўйинда 16 гол уриб, 6 голга ассистентлик қилган. Футболчининг «Зальцбург» билан шартномасида 20 миллион евро миқдорида товон пули белгиланган, Transfermarkt.de порталига кўра эса унинг трансфер нархи 30 млн еврога тенг. Аммо билдирилаётган қизиқишлардан келиб чиққан ҳолда бу баҳо бир неча баробар ўсиши мумкин.
Златан Ибраҳимович
Швециялик футболчи 38 ёшга чиқди ва кўпчилик «Лос-Анжелес Гэлакси» унинг фаолиятидаги сўнгги клуб бўлиб қолишини айтаётганди. У эса ҳар бир ўйинда ақл бовар қилмас футбол трюкларини ижро этишда давом этди ва америкаликлар Ибраҳимовичнинг ҳар бир ўйинидан роҳат олишди. 14 ноябрь куни ҳужумчи «Гэлакси»ни тарк этишини эълон қилди ва барча у фаолиятини якунлашини ҳам эълон қилишини кутди. Аммо бундай бўлмади.
Аввалига Златан ўзини Испанияда кутишаётгани ҳақида гапирди, аммо бу шунчаки букмекерлар рекламаси экани маълум бўлди. Кейин у «Милан»га қайтаётгани айтди, аммо футболчининг агенти Мино Райола Ибраҳимович қайси клубга ўтишини билмаслигини билдириб, барчани чалғитиб юборди. Кейинроқ Daily Express Златан «Эвертон» билан шартнома имзолаши, ливерпулликлар клуб унга йилига 4 млн. фунт стерлинг миқдоридаги шартнома таклиф этаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди