11:18 / 21.12.2019
2 703

Ҳафта ўйинлари: «Манчестер Сити» - «Лестер», Моуриньо «Челси»га қарши

Ҳафта ўйинлари: «Манчестер Сити» - «Лестер», Моуриньо «Челси»га қарши
Фото: Getty Images
Дам олиш кунлари мухлисларни Европа миллий чемпионатларида бир қатор марказий ўйинлар кутмоқда. Tribuna.uz шанба ва якшанба кунига белгиланган қуйидаги тўрт учрашувни ўтказиб юбормасликни тавсия этади.

«ЭВЕРТОН» – «АРСЕНАЛ»
Англия Премьер-лигаси, 18-тур.
21 декабрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
17:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Англия Премьер-лигаси 18-тур ўйинлари «Гудисон Парк»даги «Эвертон» - «Арсенал» учрашуви билан старт олади. «Эвертон» клуби Данкан Фергюсон қўл остига ўтгач, ливерпулликларнинг натижалари яхшилана бошлади. Бунгача кетма-кет мағлубиятларга учраб, қуйи поғоналарга тушиб қолган «ириска»лар янги мураббий бошқарувидаги биринчи ўйинда Лондоннинг «Челси» клубини мағлубиятга учратган бўлса, сўнгги турда «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед»дан очко тортиб олишди.

Бу турда ҳам уларни жиддий рақиб кутиб турибди. Сўнгги 12 ўйиндан бор йўғи биттасида зафар қучган «Арсенал» жума куни Микель Артетани бош мураббий сифатида таништирди. «Эвертон»га қарши ўйин испаниялик мураббий учун дебют бўлади. «Арсенал»да рўй берган воқеа «Эвертон»да ҳам кузатилиши мумкин. Бош мураббий вазифасини бажарувчи ролидаги Фергюсон ўрнига Анчелоттининг келиши ҳақида хабарлар янграмоқда. Балки, Данкан кетма-кет учинчи ўйинида ҳам номдор рақибдан очко тортиб ололса, «Эвертон» эгаси Фарҳод Моширининг ишончини қозона олар? Фергюсон шогирдлари ғалаба қозонган тақдирда, 10-ўриндаги «канонирлар»га анча яқинлашиб олишади. Аммо, меҳмонлар ўйинида ҳам янги мураббий нафаси сезилса, ажабмас.

Ливерпулдаги ўзаро сўнгги 3 ўйин:
2018/19: Эвертон – Арсенал – 1:0
2017/18: Эвертон – Арсенал – 2:5
2016/17: Эвертон – Арсенал – 2:1

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «ЛЕСТЕР»
Англия Премьер-лигаси, 18-тур.
21 декабрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти: 22:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»

Англия Премьер-Лигасида турнинг яна бир марказий ўйини турнир жадвалида «Ливерпул»дан кейин ёнма-ён бораётган «Манчестер Сити» ва «Лестер» клублари ўртасида кечади. Гвардиола шогирдлари пешқадамга етиб олиш учун, энг аввало «Лестер»дан ўзишлари керак. Ушбу ўйинда «шаҳарликлар» ғалаба қозона олишса, «тулкилар»га деярли етиб олишади. Кетма-кет ғалабалар қозонган Брендан Рожерс жамоаси сўнгги турда кутилмаганда очко йўқотди.
Лестерликлар АПЛ доирасида сафардаги сўнгги 4 ўйинда ғалаба қозонишган. Меҳмонда қарши ҳужумда ўта хавфли бўлган бу жамоа «Этиҳад» аренада ҳам мезбонларга жиддий кураш тақдим этиши аниқ. «Сити» мухлислари қаршисидаги сўнгги ўйинда айнан тезкор қарши ҳужумга асосланган ўйин кўрсатган «Юнайтед»га мағлубиятга учраганди. Кўрамиз, Гвардиола ва манчестерликлар «Лестер» ва Вардига нисбатан қандай чора топа олишаркин...

Манчестердаги ўзаро сўнгги 3 ўйин:
2018/19: Манчестер Сити – Лестер – 1:0
2017/18: Манчестер Сити – Лестер – 5:1
2016/17: Манчестер Сити – Лестер – 2:1

«ТОТТЕНҲЭМ» – «ЧЕЛСИ»
Англия Премьер-лигаси, 18-тур.
22 декабрь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти: 21:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»
Жозе Моуриньо келгач буткул ўзгарган «Тоттенҳэм»ни бу сафар ҳам жиддий рақиб кутиб турибди. «Лондон дербиси»да Фрэнк Лэмпард бошчилигидаги «Челси» Жозе Моуриньо меҳмони бўлади. «Тақачилар» мухлислари қаршисида ўзаро сўнгги уч ўйиндан иккитасида «Челси»ни мағлуб эта олишган. Умуман олганда, «аристократлар» сўнгги турларда ўз ўйинларини йўқотиб қўйишгандек таассурот қолдирмоқда. Лэмпард жамоаси Англия Премьер-Лигаси доирасидаги сўнгги 5 та учрашувдан фақат биттасида ғалаба қозонишди, қолган тўрттаси мағлубият билан тугаган.
Айниқса, ўз майдонида «Вест Хэм», «Борнмут» клубларига мағлуб бўлиши кутилмаган ҳол бўлди. Одатда, кучли рақиблар билан ўйиндаги ғалаба жамоани ғалабали йўлакка қайтишига кўмаклашиши мумкин. Шундай экан, «Челси» Моуриньо клубини мағлуб этган тақдирда яна мавсум бошидаги ҳолатига қайта олиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам устоз ва шогирд ўртасидаги ажойиб ўйин гувоҳига айланамиз.

Лондондаги ўзаро сўнгги 3 ўйин:
2018/19: Тоттенҳэм – Челси – 3:1
2017/18: Тоттенҳэм – Челси – 1:2
2016/17: Тоттенҳэм – Челси – 2:0

«РЕАЛ» – «АТЛЕТИК»
Испания Ла Лигаси, 18-тур.
22 декабрь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV» / «UzReport TV»
Мадрид ва Каталония қай даража қарама-қарши бўлса, Испания пойтахти ва басклар юрти саналмиш Бильбао ўртасида ҳам азалдан қарама-қаршилик бор. Айниқса, бу шаҳарларнинг жамоалари ўзаро майдонда рақиб бўлишганда, муросасиз, яккакурашларга бой ўйин гувоҳи бўламиз. Зинеддин Зидан жамоаси Каталониядаги дурангли ўйиндан кейин ҳар қандай ҳолатда ҳам мухлислари қаршисида «Атлетик»ни мағлуб этишга уринади.
Ўз ўрнида басклар сўнгги 8 ўйиндан фақатгина биттасида мағлуб бўлишди - 5 ғалаба ва 2 дурангга эришишди. Шу натижанинг ўзи ҳам «Атлетик»нинг спорт формаси яхшилигини кўрсатиб турибди. Битта ғалаба 7-ўриндаги «Атлетик»ни 4-поғонага олиб чиқиши мумкин. Аммо «Камп Ноу»да 2 очко йўқотдик, дея ҳисоблаётган мадридликларни «Сантьяго Бернабеу»да ғалабадан бошқа натижа қониқтирмаслиги аниқ.

Мадриддаги ўзаро сўнгги 3 ўйин:
2018/19: Реал – Атлетик – 3:0
2017/18: Реал – Атлетик – 1:1
2016/17: Реал – Атлетик – 2:1.

Усмон ИБОДОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳафта ўйинлари: «Манчестер Сити» - «Лестер», Моуриньо «Челси»га қарши