Криштиану Роналду февралда 35 ёшга тўлади. Рауль бу ёшда Қатарда ўйнаётганди, Это'О эса "Антальяспор"да тўп тепарди, Роналдиньо бутунлай Бразилия соҳилига кўчиб ўтган эди. Криштиану физиология ҳақидаги тасаввурларимизни бузиб, 41 ёшгача футбол ўйнашга ваъда бермоқда.
Биз Роналдунинг суперпрофессионализми ҳақида кўп ўқиганмиз: Қатъий диета, уйдаги тинимсиз машғулотлар ва шунга ўхшаш нарсалар. Португалияликнинг машғулот программаси анчадан бери тармоқларда мавжуд, аммо бу сизга ёрдам бермайди: Криштиану бу муваффақиятга машғулотлардаги "маняк"лиги, носоғлом профессионализми эвазига эришган.
Криштиану ўзини кучайтиришга боғланиб қолган. У "Спортинг"да тунги машғулотлар учун жаримага тортилган, МЮда эса тонгги 6да базага етиб келиб, шахсий ошпаз ёллаган
Криштиану 12 ёшида "Спортинг" болалар жамоаси вакилига айланган - йигитча "просмотр"да ўзидан катта болалардан кучлироқ эканлигини кўрсатиб, академиядан ўзига жой банд қилган. Одатда болалар 12-14 ёшда турли ўйинларга қизиқиб, вақтини бекор ўтказади. Роналду ҳам катталарнинг гапига кирмаган, аммо буни ўз услубида қилган.
Роналдунинг болалигидаги мураббийи Луиш Мартинш Криштиану ҳақида хотираларни эслашни хуш кўради: У ўйиндан олдин тренажер залига кириб олиб, қўшимча машғулотлар уюштирарди. Тунги воркаут бир неча ой, қоровул уни пайқаб қолмагунча давом этган. Йигитча жарима тўлаган, аммо шунга қарамай уни залдан чиқара олишмаган. Шунда Мартинш Криштиануни захирага михлаш билан қўрқитди, фақат шу таҳдид Роналдуни тўхтатган бўлса керак.
Тунги машғулотлар тўхтади, аммо Роналду тренажер залида рухсат берилган вақтда қолган болалардан кўпроқ шуғулланарди. Криштианунинг "Спортинг" академиясидаги дўсти Хесус Гонсалес Роналдуни машинасида ётоқхонагача ташлаб қўярди ва оғайнисининг машғулотлари доимо чўзилиб кетишидан нолирди:
"Уни жуда кўп кутишга тўғри келарди - у кетишни хоҳламасди. Зал ойнасини таққилатиб, уни аврашга тўғри келарди: "Криш, кетсак бўларди, кеч бўлди!"
Шунча уринишларга қарамай Криштиану бақувват футболчига айлана олмади, шу сабабли МЮга ўтганидан сўнг яна мускулларини ўстиришга киришди. Роналду яна тренажер залининг асосий фойдаланувчисига айланди: Португалиялик ҳафтада уч марталик машғулотлардан ташқари ҳар куни машғулотларгача ва ундан кейин жисмоний тайёргарлик бўйича Майк Клегг билан ишлаган.
Роналдунинг МЮдаги қўшимча машғулотлари
- Асосий машғулотларгача залда ишлар (барча мушак гуруҳларини фаоллаштирган);
- Нотекис майдонда дриблинги устида ишлаган;
- Ван Дер Сар билан узоқдан бериладиган зарбалар устида ишлаган;
- Асосий машғулотлардан сўнг тренажер залида оёқларини кучайтирган.
"Криштиану мен билан ишлаганлар орасида энг яхшиси бўлган. У янги даражага чиқди ва борини бериб ишларди. Унинг ҳаёти фақат футболдан ташкил топган. У бассейни бор уй сотиб олди - менимча, кўпроқ шуғулланиш учун бўлса керак" - дейди Клегг.
Роналду МЮдалигида ҳеч ким машғулотга португалияликдан аввалроқ етиб кела олмаган. "Агар машғулот 9:00да бошланса, соат 8да Роналдуни базада кўриш мумкин эди. Кейин 7:30да келишга ҳаракат қиласак - барибир у майдонда бўларди. Бир марта залга ундан олдинроқ келиш учун ҳамма нарса қилдим ва 6:30да у ерга етиб келдим. Қарасам, Роналду залда юрган экан. Бироз уйқисирашига қарамасдан, у мендан олдин шу ерда эди" - дея эслайди Тевес.
Криштиану мушак толаларининг ўсиши озиқланишга боғлиқлигини тез тушунди ва "Юнайтед"дагилар орасида биринчи бўлиб ўзи учун диетолог, ошпаз ва шифокор ёллади. Ёлланганлар Роналдунинг уйида яшар эди. Қўшни уйда ижарада яшага Рио Фердинанд ўша воқеаларни қуйидагича тасвирлаб берган: "Бу худди карнавалга ўхшарди. Унинг уйидаги одамлар у ердан бу ерга ўтар, ҳамма нима билан банд эди ва нима бўлаётганини тушуниб бўлмасди". Неймар уйида ҳам шундай атмосфера ҳукм сурган бўлса керак: Фақат бразилиялик дўстларига хурсандчилик учун пул тўлаган, Роналду эса фақат меҳнат учун.
2018 йилда тадқиқотчилар қизиқ бир маълумотни аниқлашди: Роналдунинг танаси биологик кўрсаткичлар бўйича 23 ёшли инсонникига тенг экан. Масалан, танадаги ёғ қатлами миқдори бор-йўғи 7%ни ташкил этган (9-10% идеал ҳисобланади), мушак массаси эса умумий вазннинг 50%га тенг (футболчиларда ўртача кўрсаткич - 46%).
Роналду МЮда ўрмондаги нотекис майдонда яширинча шуғулланиб, ҳар куни Ван дер Сар билан зарбалар устида ишлаган
Криштиану фақат танасини кучайтирмаган, балки машғулотларда тўп билан тўғри ишлашни ўрганган.
Кучли ва аниқ зарба - Роналдунинг асосий қуролларидан бири, у фаолияти давомидаги 46та голни узоқ масофадан киритган. Бу зарба - табиат иноми эмас, бунинг устида йиллаб ишланган.
Шундай зарбага эга бўлиш учун Криштиану ҳар куни машғулотдан сўнг қолиб, дарвозага тинимсиз зарба берган. Кейинроқ картон дарвозабонларга гол уриш фойдали эмаслигини тушунган Роналду Ван Дер Сарни кўндирган. Португалиялик захира посбонлари билан ишлашни хоҳламасди: "Мен энг зўри бўлиш учун фақат энг зўрлар билан шуғулланишни истайман".
Табиат Криштиануга ажойиб дриблинг ҳадя қилган, аммо португалиялик доимо техникасини кучайтиришга интилган. МЮ физиотерапевти Вальтер Ди Сальвио Испаниянинг AS нашрига Криштианунинг сирли ҳикоясини айтиб берган. Жамоанинг одатий машғулоти якунланганидан сўнг Роналду тўпни олиб, Каррингтондаги база четига борарди ва дриблинги устида ишларди. Гап шундаки, майдоннинг бу қисми доимо ўрмонга айланиб кетарди - ер нотекис, дарахтларнинг илдизлари чиқиб турган. Аммо Криштиану маҳоратини энг оғир шароитларда оширишга уринган. Португалиялик ўрмонда 20 дақиқалик машғулотдан сўнг залга борарди, уни Клегг кутиб турарди. Одатда бу вақт ичида унинг жамоадошлари уйига етиб олган бўлади.
Қизиқ, Роналду МЮдаги дастлабки йилларида ҳеч кимга индамай қўшимча машғулотлар ўтказган, жамоадошлари эса буни пайқамаган экан. Бу машғулотлар ўнлаб голларга айланганидан кейингина Роналду ҳаммасини айтиб берган.
Криштианунинг машғулотлари хатто жамоадошлари жонига теккан эди: 2006 йилда Патрис Эвра Роналдуникида меҳмон бўлди ва кечки овқат ўрнига қўшимча машғулот ўтказди
Баъзида Криштианунинг машғулотларга боғланиб қолгани "Юнайтед"нинг янги вакилларини шокка туширган.
2006 йилда Роналду Патрис Эврани кечки овқатга таклиф қилди, франциялик яқиндагина жамоага келган эди. Эвра ўша куни атайин тушликда ҳеч нарса емади ва кечки овқатда португалча таомларга умид қилган эди. Аммо у Роналду ҳақида яхши маълумотга эга эмасди. "Ошхонада бизни фақат салат ва озгина товуқ гўшти ҳамда сув кутиб турганди. Яна нимадир бўлади деб ўйлаган эдим. Аммо йўқ. На гўшт ва на шарбат" - дея эслайди Эвра.
Кечки овқатдан сўнг Криштиану тўпни олиб, Патрис билан аввал уй ичида, кейин ҳовлида футбол ўйнаган. Роналду тезда зерикди, шу сабабли қоидаларни қийинлаштирди ва Эврадан тўпга фақат 2 марта тегишни талаб қилди. Аёвсиз кечган ўйиндан сўнг (Криш жиддий курашиб, омади келмаганда ўзидан хафа бўлган) Эвра саунага йўл олди - Криштиану машғулотлардан сўнг шу йўл билан ўзига келарди. Франциялик бу кечани бошқачароқ тасаввур қилган эди:
"Ҳаммага маслаҳатим: Криштиану сизни меҳмонга таклиф қилса, борманг. Шунчаки йўқ деб қўя қолинг, чунки бу йигит - машина, у машғулотлардан чарчамайди".
Эвра бу ҳикояни 2018 йилда, ITV подкастида айтиб берган. Ўша эфирда франциялик яна бир воқеани сўзлаб берганди: "Бир куни Рио Фердинанд стол теннисида Роналдуни мағлуб этди. Ҳаммамиз бақириб юборганмиз, Криштиану эса роса хафа бўлди. Кейин акасини стол тенниси столини сотиб олишга юборди. Криш икки ҳафта шуғулланди ва ҳамманинг кўз олдида Фердинандни таслим этди. Бу Криштиану Роналду".
Роналду тикланишни бутун бир фанга айлантириб юборган: "Реал" ўйинларидан сўнг тунги учгача тикланиш жараёнини ўтказарди
Роналду "Манчестер Юнайтед"да бутун вақтини ўйинларга тайёрланишга сарфлаган. "Реал"да эса тикланиш муҳимлигини тушуниб етган.
Марсело бир куни ўйинлардан сўнг тезда уйга бориб, пицца тановул қилишини ва кўп ухлашини тан олган. Криштиану "Реал"да ўйнаган кезлари уни уйда Ирина Шейк кутарди, бироқ португалиялик тикланиш жараёнлари учун клуб базасида бир неча соат қолиб кетарди.
Роналдунинг "Реал"даги тикланиш жараёнлари
- 30 дақиқалик контраст ванналар. Ҳар беш дақиқада иссиқ сувдан совуқ сувли ваннага ўтиш ва тескариси;
- Бассейнда 20 дақиқа сузиш. Бўшаштиради ва мияни ортиқча ҳаёллардан ҳоли қилади;
- Спа-хонада гидротерапия (10 дақиқа). Шикастланган мушакларни тиклайди.
Аввалига у контраст ванналарни қабул қилади: беш дақиқа иссиқ сувда (38-44 даражали), кейин уч дақиқа совуқ сувда - бу жараён 30 дақиқа давом этади. Бундай ванналар шикастланиш ёки кучланиш бўлган жойларда қон айланишини кучайтиради. Кейин Криштиану 20 дақиқа бассейнда сузади - одатда бу жараён тўлиқ жимликда ўтади ва португалиялик шу йўл билан бироз бўшашиб, ортиқча ўй ҳамда ҳаёллардан қутилиб олади. Навбат спа-хонага. У ерда 10 дақиқа катта босимда оқаётган сув остида турилади (гидротерапия шикастланган мушакларни тиклайди).
Агар баҳс кеч якунланса, тикланиш тонггача давом этарди. "Реал" мураббийи Пол Клемент бир намунали вазият ҳақида гапириб берган: "Реал" Чемпионлар лигаси ўйинидан сўнг тонгги соат учда Туркиядан қайтиб келди, футболчилар тезда машиналарига ўтириб, яхши ухлаш учун уйга йўл олишди. Роналду эса музли ваннага тушган экан.
Баъзида хордиқларни қурбон қилишга тўғри келади, аммо Криштиану фаолиятидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган рақамларга шу йўл билан эришган.
Криштиану "Юве"да ўзгаргани йўқ: Ўтган мавсум у "Аталанта"га қарши баҳсда захирада қолди ва ўйиндан кейин (тунги 11да) машғулотга йўл олди
Роналдунинг машғулотларга боғланиб қолгани ҳақида сўнгги ҳикоя.
Ҳозир Криштиану деярли 35 ёшда, суперюлдузнинг танаси идеал кўринишга эга. Португалиялик бундан кўнгли тўқми? Роналду машғулотларни давом эттирмоқда.
Декабрда Кришнинг "Юве"даги собиқ жамоадоши Медхи Бенатиа (яқиндагина Қатарнинг "Ал-Дуҳайл" клубига ўтди) ажойиб ҳикояни айтиб берди:
"Аталанта"га қарши баҳсда мен ва Роналду захирада қолдик - уч кундан кейин яна бир учрашув бор эди ва мураббий дам олишимизга имконият яратди. Автобусда Бергамодан қайтаётганимизда Криштианудан смс келди: "Қайтганимизда нима қилмоқчисан?" Мен соат 11 бўлганини ва уйга қайтишимни ёзиб юбордим. Роналдудан янги хабар келди: "Тренажер залида бироз ишлашга нима дейсан? Бугун хатто терлашга улгурмадим. Бирга шуғулланасанми?"
Бенатиа ўз ҳикоясида бир нарсани эсдан чиқарган: Ҳимоячи ҳақиқатдан ҳам бутун ўйинни захирада ўтказган, Роналду эса 65-дақиқада майдонга тушиб, гол уришга ҳам улгурган эди.
Бенатиа смсга қандай жавоб ёзгани номаълум, аммо португалияликдан ҳайратлангани аниқ.
"Ўшанда Криштиану оддий одам эмаслигини тушуниб етдим. Бирга ишлаётганингизда у футбол учун жонини беришини гувоҳи бўласиз ва Роналдуни янада кўпроқ ҳурмат қилишни бошлайсиз".
Роналду 14 ёшлигида унинг юрагида жиддий муаммо аниқланган. У икки ой футболдан четлашган ва қайта олишини билмаган. Операциядан сўнг ҳаммаси жойига тушди, аммо Криштиану орзу ҳар онда армонга айланишини тушунди.
Португалиялик 17 ёшида "Спортинг"нинг асосий таркибига кирди, ҳамма уни олқишлади, аммо яхши кўришмади: У ойнага қараганда доимо юзи ҳуснбузарлар билан тўлган, тиши қийшиқ йигитни кўрарди. Футбол дастлабки катта пулларни келтирганидан сўнг ташқи кўриниш ўзгарди.
Роналдунинг миясида қандай ўйлар борлигини ҳеч қачон билмаймиз, аммо унда ҳали ҳам эски маҳлуқ - қўрқув борлигини тушуниш мумкин ва бу маҳлуқлар Роналдуни ўз устида ишлашга мажбурлайверади.
Мақолага NIKE томонидан суратга олинган ажойиб видео якун бўлади деб ўйлаймиз:
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди