«Мавсум-2019»ни Олмалиқнинг АГМК клубида ўтказган иқтидорли футболчи Санъат Шихов жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Аслида унинг АГМКдан кетишини анча аввал эшитгандик. Аммо ўша пайтда футболчи бу борада бироз сукут сақлаб туришимизни илтимос қилганди. Ниҳоят, куни кеча унинг расман АГМКни тарк этгани маълум қилинди.
Айтиш жоизки, Шихов АГМК таркибида Суперлигада 18 та учрашувда майдонга тушиб битта гол урди ва икки марта голли пас оширди. Шунингдек, у жароҳатлар туфайли бир қанча ўйинларни ҳам ўтказиб юборишга мажбур бўлганди. Айни пайтда эса Санъат яна ҳаммасини бошидан бошламоқчи. Ўзининг айтишига қараганда, янги мавсумни Жиззахнинг «Сўғдиёна» клубида бошламоқчи.
- Санъат, расман АГМК клубидан кетганингиз аниқ бўлди. Бундай ташаббус ўзингиздан чиқдими ёки бошқа сабаб бўлдими?
- Албатта, АГМКдан кетиш фикри ўзимдан чиқди. «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев билан олдин «Бухоро»да ҳам бирга ишлагандим. У эса мени «Сўғдиёна»га таклиф қилди. Шу муносабат билан яна бир бор Бақоев билан бирга ишлашни хоҳладим. АГМКнинг охирги йиғинидан кейин расман кетганимни эълон қилдим. Янги йил байрамидан кейин жиззахликлар таркибига қўшиламан.
- Демак, Улуғбек Бақоев сизнинг қарорингизга таъсир кўрсатган. Умуман, «Сўғдиёна» жамоаси ҳақида фикрингиз қандай?
- Яқинда йиғин бошланишидан олдин Улуғбек ака билан учрашиб ҳаммасини гаплашиб олдик. Барибир у менинг фойдали жиҳатларимни яхши билади. Бу йил АГМКнинг ҳам мақсадлари ёмон эмасди. Барибир «Сўғдиёна»га ўтишимда асосий ролни Бақоев бажарди деб ўйлайман. Янги мавсумда «Сўғдиёна»нинг олдига катта мақсадлар қўйилаётгани мени қизиқтирди. Шу боис АГМКдан кетишга аҳд қилдим ва бу мен учун тўғри қарор деб ҳисобладим.
Шу ўринда Миржалол Қосимовга ҳам миннатдорчилик билдираман. Шунингдек, мураббийлар штабига ҳамда мен билан бирга ўйнаган футболчиларга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Олмалиқда чиндан ҳам яхши жамоа бор эди. Гарчи жамоанинг олдига қўйилган мақсадларга эришиш ўзимиз кутганчалик бўлмаган бўлса-да, яхши футболчилар йиғилганди. Кейинги мавсумда АГМКга омад тилаб қоламан. Бир томондан қараганда, у ердан кетишим ҳам ноқулай, ҳам қийин бўлди. Лекин менинг ҳозирги вазиятимда жамоадан кетишим энг тўғри қарор бўлганди. Олмалиқликлардан миннатдорман.
Агар АГМК клуби раҳбарлари каби инсонлар футболимизда кўпайса, ишонаманки, ўзбек футболи янада кучаяди. АГМК раҳбарлари ҳам менинг қароримни тўғри тушунишади. Клубдагилардан асло хафа эмасман. Ўз навбатида улар ҳам мендан ранжишмаган деган умиддаман. Чунки клубдагиларни хафа қиладиган иш қилганим йўқ. Футболчининг ҳаёти шундайки, бугун бу жамоада бўлса, эртага бошқасида бўлади. Шунингдек, АГМКнинг мухлисларига ҳам раҳмат айтаман. Гарчи клубнинг ишқибозлари кам бўлса-да, улар бизни чин дилдан қўллаб-қувватлашди.
- АГМКда ўтказган бир йиллик мавсумингиз ҳақида сўрамоқчиман. Жамоа бир текисда иштирок эта олмади. Чемпионатни 8-ўринда тугатди, аммо Ўзбекистон Кубоги билан Лига Кубоги финалигача етиб келди. Умуман, АГМК билан бирор нимага эриша олмаганингиз ҳам сизни у ердан кетишингизга сабаб бўлдими?
- Ҳа, бу гапингизда ҳам жон бор. Биринчи даврада ўйинимиз у қадар қовушмаганида йигитлар ҳали бир-бирлари билан тўлиқ тушуниб олишмаганди. Бу эса бизга қийинчилик туғдирди. Иккинчи даврага келиб эса анча ўзимизга келиб олдик. Энди Кубок финалларига келсак, албатта футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тан олиш керак, «Пахтакор» ҳаммадан бир бош эмас, балки икки бош кучли эди. Ростини айтсам, Ўзбекистон Кубоги финалидан сўнг жамоадан кетиш фикрига келгандим. Барибир ҳал қилувчи баҳсда ютқазганимиз аламли бўлганди. «Пахтакор» кучли бўлгани билан бундай ўйин кўрсатиб йирик ҳисобда ютқазмаслигимиз керак эди. Ўшанда «Пахтакор» бизнинг хатоларимиздан фойдаланганди. Мавсум охирларига келиб АГМК яна ўзига келиб, яхши ўйинлар кўрсатишни бошлаганди.
- Сизга «Сўғдиёна»дан ташқари яна бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлдими?
- Жиззахликлардан ташқари менга яна иккита клубдан таклиф бўлди. Улуғбек ака Бақоев билан бир-биримизни яхши билганимиз учун ҳам мен жиззахликларни танладим. Юқорида айтганимдек,» Сўғдиёна» ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Насиб қилса, ҳаммамиз биргалашиб олдимизга қўйиладиган мақсадларни бажаришга ҳаракат қиламиз.
- Умуман олганда, якунига етган мавсум сизга қанчалик даражада ёқди?
- Бу мавсумда савия бироз тушди. Чемпионат бошида «Динамо» билан «Сурхон»нинг қўшилиши ҳам ўзини оқламади деб ўйлайман. Тўғри, «Сурхон» ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди ва 6-ўринни олди. «Динамо» эса биринчи даврада яхши таассурот қолдирганди. Лекин охирида «Динамо»нинг Суперлигага тайёр эмаслиги билиниб қолди. Бундан ташқари, 1997 йилдан кичик бўлган бир футболчининг асосий таркибда майдонга тушиш мажбуриятини жамоаларга юклашди. Очиғи, шу нарсани тушунмадим. Мураббийлар барибир ёшларни кузатишади ва ўзини кўрсатаётган ёш футболчиларга шундоқ ҳам имконият беришади. Чунки мураббий ўзига-ўзи душман эмас. Бироқ доимий равишда ёш ўйинчининг майдонга тушиш мажбурияти кўп нарсани бузиб қўйди.
Бу эса савияга ҳам таъсир кўрсатди. Ахир бир ёш футболчининг рақобатсиз доимий равишда майдонга тушишини қандай тушуниш мумкин? Бундан ёмони бўлмаса керак. Агар ёш ўйинчининг иқтидори чиндан ҳам катта бўлса, уни ҳеч ким захирада ушлаб ўтирмайди. Афсуски, 1997 йилдан кичик ёшда бўлган ўйинчилар ўртасида соғлом рақобат бўлгани йўқ. Доимий равишда майдонга тушишини билган ёш ўйинчида қандай ўсиш бўлиши мумкин? Лекин футболимиз раҳбарлари имкони қадар савияни кучайтириш ҳаракатида юрибдилар. Умид қиламанки, янги мавсумда ҳаммаси яхши бўлади.
- Умуман олганда, «Сўғдиёна» «Мавсум-2019»нинг кашфиётига айланди. Бунда эса Бақоевнинг ҳиссаси катта бўлди. Сизнингча, улар янги мавсумда бундан-да юқорисига қодир бўла оладими?
- Ҳақиқатан Бақоев жуда талабчан мураббий. Футболчилардан эса доим кўп нарсаларни кутади. Шунинг учун янги мавсумда ҳам катта мақсадлар қўйиляпти.
- Сизга хориждан ҳам қизиқарли таклифлар бўлдими?
- Яхши таклиф бўлса кетаман, аммо ҳозирча унақаси бўлмади.
- «Сўғдиёна» билан қачон шартнома имзолайсиз?
- Худо хоҳласа, яқин кунлар ичида.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди