21:21 / 02.01.2020
2 504

Холмуҳаммедов хориждан тушган таклифларни нега рад этди?

Холмуҳаммедов хориждан тушган таклифларни нега рад этди?
«Қўқон-1912» жамоасининг сардори Мурод Холмуҳаммедовни бугунги кунда ҳар томонлама етакчи дея оламиз. У ҳимоячи бўлса-да, гол уришни ҳам қойиллатади. Масалан, ўтган йили Мурод 11 та гол урганди, бу йил эса рақиблар дарвозасига 8 та тўп киритди. Хўш, ҳимоячи бўлишига қарамасдан у қандай қилиб ўз жамоасининг тўпурарига айланмоқда?

- Биласизми, жамоамизнинг ўйин давомидаги асосий устунлиги ҳам айнан стандарт вазиятлар ҳисобланади, - деб гап бошлади Холмуҳаммедов. - Жамоадошларим эса бу борада менга ишонадилар. Шу боисдан урган голларимни асосан стандарт вазиятлар орқали киритдим. Масалан, пенальтидан, бурчак зарбасидан сўнг ёки бўлмаса жарима зарбалари орқали. Буларнинг барчаси эса машғулотлардаги меҳнатларимизнинг самарасидир. Чунки машғулотларда ҳам, стандарт вазиятлар устида ҳам кўп ишлаймиз. Бундан ташқари, омадга ҳам кўп нарса боғлиқ деб ўйлайман.

Одатда ҳимоячиларнинг асосий иши умуман бошқача. Яъни, улар асосан рақиб ҳужумларини қайтариш билан овора бўладилар. Аммо Холмуҳаммедов ўз ишидан ташқари жамоаси учун ҳам муҳим голлар уришни бажариб келди.

- Тўғрисини айтганда, гол уришдан кўра аввало ўз позициямизда ишончли ўйин кўрсатиб рақиб ҳужумларини қайтариш ҳақида бош қотираман. Аммо ўз ўрнида шуни ҳам айтмоқчиманки, бунгача майдонга тушганимда фақат битта мақсадим бўларди: у ҳам бўлса рақиб ҳужумларини қайтаришдан иборат эди. Кейинчалик эса майдонга тушганимда иккита мақсадим пайдо бўлди: булар – рақиб ҳужумларини қайтариш билан бирга гол уришни ҳам вазифа қилиб олдим. Шу боис ҳар бир ўйинда майдонга тушганимда гол уришни ҳам мақсадларимдан бирига айлантирган ҳолда иложи борича стандарт вазиятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилдим, - деди жамоа сардори.

Аслида бу футболчи ҳимоячидан кўра ярим ҳимоя ёки ҳужум чизиғида ҳам бемалол ўйнай оладигандек. Чунки бунга унинг гол уриш борасидаги сермаҳсуллиги туртки бермоқда. Қизиқ, унинг ўзи ҳам олдинги чизиқда ўйнай олиш имкониятини қандай баҳоларкин?

- Шундай пайтлар ҳам бўлдики, мураббийлар мени қанот ҳимоясидан марказий ҳимоя позициясида ҳам ўйнатишди. Умуман олганда, мен жой танламайман. Мураббийлар мени қаерга қўйишса ўша жойда ўйнаб кетавераман. Айтмоқчиманки, ўзимни бемалол ярим ҳимоя ёки ҳужумда ҳам синаб кўра оламан. Лекин ҳозирги пайтда асосан ҳимоя чизиғида фойдам тегаётгани сабабли мураббийлар мендан асосан ушбу чизиқда фойдаланиб келмоқдалар. Ҳаттоки, дарвозага қўйишса ҳам ҳеч қаршиликсиз мураббийларнинг кўрсатмаларини бажарган ҳолда ўша жойда ҳам ўйнайвераман. Муҳими, майдонга тушганда менинг жамоам учун фойдам тегишини хоҳлайман.

Куни кеча «Қўқон-1912» ўз етакчилари билан шартномаларини узайтирди. Табиийки, Холмуҳаммедов билан ҳам биринчилардан бўлиб ўзаро ҳамкорлик узайтирилди. Бу борада унинг ўзи шундай деди:

- Ҳа, клуб билан ҳамкорликни яна узайтиришга қарор қилдик. Бунгача «Қўқон-1912»да тўлиқ уч мавсумни ўтказдим ва насиб қилса келаси йили тўртинчи йилни ўтказаман. Биласизми, мен ҳар йили жамоа алмаштирадиган футболчилар тоифасидан эмасман. Иложи борича бир жамоа таркибида кўпроқ ўйнашни хуш кўраман. Бунинг устига Қўқонда футболни жуда қадрлашади. Шу боисдан бу ерда ўйнаш ўзимга ҳам ёқади. Шунингдек, клуб раҳбарлари билан ўртамизда ҳам ўзаро ишонч ва ҳурмат юқори даражада.

Шунингдек, жамоага Бахтиёр Ашурматов бош мураббий этиб тайинланди ва футболчилар янги мутахассис бошчилигида шуғулланмоқдалар. Холмуҳаммедов эса Ашурматов хусусида қуйидагича фикр билдирди:

- Мураббий ўзгарганига келсак, Бахтиёр Ашурматов ҳақида яхши фикрдаман. Тўғриси, ушбу мураббий бунга қадар ҳам мени бошқарган клубларига таклиф қилганди. Лекин «Қўқон-1912»ни ташлаб кетмагандим. Ниҳоят, бу сафар Ашурматов билан бирга ишлайдиган бўлдик. Раҳбарларимиз ушбу мутахассисга ишонч билдиришди. Тўғри, охирги пайтларда ишлаган клубларида Ашурматов ўзи кутганчалик кўп вақт фаолият кўрсата олмагандир. Бунинг сабаблари эса бизга қоронғу. Аммо мен уни яхши савиядаги мураббийлар қаторига қўшаман. Ишонаманки, биз янги мавсумда ушбу мураббий бошчилигида олдимизга қўйилган вазифани уддалай оламиз.

Бундан ташқари, қўқонликларнинг сардорига бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлди. Айниқса, унга хориждан бир қатор қизиқарли чақирувлар келиб тушгани маълум бўлди.

- Яширмайман, менга таклифлар кўп бўлди. Айниқса, хориждан қизиқишлар етарлича бўлди. Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Эрон ҳамда Хитой клублари томонидан чақирувлар келиб тушди. Хитойликларнинг таклифи 50х50 эди, аммо қолган жамоалар менга тайёр шартномаларни таклиф қилишганди. Хўш, нима учун легионерга айланмадим? Яширишнинг ҳожати йўқ, футболчилар яхши таклиф қилинадиган пуллар эвазига хорижга йўл олишади. Лекин бу борада менда маблағга ортиқча зарурат йўқ. Негаки, шароитим яхши ва Худога шукрки, ўзига тўқ оиладанман.
Бунинг устига легионер бўлиб ўйнаш ҳам осон иш эмас. У ерга борганингиздан кейин сиз ўйнаб кета оласизми ёки захирада қолиб кетасизми, буниси ҳам номаълум. Қўқонда эса менга тўлиқ ишонишади. Қолаверса, боя айтганимдек, Ашурматов мени доим ўзи бошқарган жамоаларга чақириб келган. Аммо бу сафар у «Қўқон-1912»га келгач, мен кетиб юборсам ушбу мураббийга нисбатан ҳам ҳурматсизлик қилган бўлардим. Шунинг учун хориждан тушган таклифларга жиддий қараганим ҳам йўқ.

Шу ўринда жамоа етакчиси «Қўқон-1912»нинг «Мавсум-2019»даги иштироки борасида тўхталар экан, шундай деди:

- Бу йил 11-ўринни эгалладик. Аммо шуни ишонч билан айта оламанки, бу жамоамизга мос эмасди. Бизнинг кучимиз ва имкониятларимиздан келиб чиқадиган бўлсак, «Қўқон-1912» янада юқори ўринларга муносиб эди. Буни бизнинг намойиш этган ўйинларимиз ҳам кўрсатиб турибди. Аммо қаердадир омад биздан ўгирди. Яна қаердадир ўзимиз қўпол хатоларга йўл қўйдик. Шунингдек, яна бир асосий сабаблардан бири, биз биринчи даврада адашмасам 11 та ўйинни сафарда ўтказишга мажбур бўлдик. Бунинг сабабини мухлислар яхши билишади. Агарда ҳаммаси рисоладагидек бўлиб, барчаси тўлиқ тақвим асосида ўтказилганида ишонч билан айта оламанки, вазият умуман бошқача бўларди. Майли, шунга қарамай, биз иккинчи даврада ўзимиз учун керакли очколарни қўлга кирита олдик.

Шуҳратбек Жўраев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Холмуҳаммедов хориждан тушган таклифларни нега рад этди?